Ўзбекистон: Медиа-тузилмалардаги кадрларнинг ўзгариши – журналистларнинг огоҳ бўлишга чақирувчи аломат бўлиб қолмоқда

Ўзбекистон: Медиа-тузилмалардаги кадрларнинг ўзгариши – журналистларнинг огоҳ бўлишга чақирувчи аломат бўлиб қолмоқда

Monday, 25 January, 2010
, журналистлар учун оқибати аянчли бўлиб қолиши мумкинлигини кўрсатмоқда.



Тошкентдаги мустақил Uzmetronom интернет нашрининг 11 январь куни берган хабарига кўра, Ўзбекистонда “оммавий ахборот воситаларининг нодавлат сектори дея аталувчи соҳасида бир қатор раҳбарларнинг ишдан бўшатилиши” давом этмоқда.



Нашр келтирган маълумотларга кўра, сўнгги икки ой давомида қуйидаги раҳбарлар ўз лавозимларини тарк этдилар: “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва унинг муовини Ҳосил Каримов; Ўзбекистон президенти матбуотга кураторлик қилиш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг бош консультанти Фатҳиддин Муҳиддинов; Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва республика ахборот агентликларини қўллаш ва ривожлантириш жамоатчилик фондининг директори Жамолиддин Ҳакимов.



Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг расмий маълумотига кўра, 2009 йилда мамлакатда 1128 та оммавий ахборот воситалари рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг баъзилари давлат ҳокимият идоралари томонидан, бошқалари – сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, яширин тарзда ҳукумат томонидан бошқарилувчи турли фонд ва жамғармалар ҳамда йирик тадбирклорлар томонидан таъсис этилган,



Мамлакат ичкарисидаги медиа-шарҳловчиларнинг айтишича, ўзини мустақил дея атовчи оммавий ахборот воситалари кўринишидан кўп бўлиб туюлса ҳам, барча материаллар қатъий цензурадан ўтказилади, номақбул журналист ёки муҳаррир эса таъқибга учраши ҳеч гап эмас.



Таҳлилчилар омма орасида кенг тарқалган ўзбек тилидаги “Ҳуррият” газетаси раҳбариятининг шов-шувли истеъфоси билан ҳам айнан шу нарса содир бўлган деган фикрдалар. Бу газета мамлакатдаги зерикарли матбуот қабатида ўқувчилар учун қизиқарли материаллар чоп этиб келган эди.



Мисол учун, ўтган йили август ойида газета “Солиқчи нега айбдор бўлиб қолди?” дея номланувчи мақолани чоп этганди. Ушбу мақолада Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани солиқ назоратининг катта назоратчиси олий мартабали коррупционерлар билан қандай қилиб кураша бошлагани ҳақида ҳикоя қилинган эди.



“Мақола чоп этилганидан кейин прокуратура “Ҳуррият” газетасини қаттиқ текширув остига олди, - дейди “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов. – Янги йил арафасида солиқ инспекцияси ходимини турмага қамадилар, “Ҳуррият” газетасининг мухбири Аъзам Рустамовни эса идорама-идора судрашга бошладилар”.



Декабрь ойида президент Ислом Каримовнинг шахсан топшириғига биноан шу газетанинг ўзида чоп этилган бошқа мақолада баён этилган фактлар бўйича ҳукумат текшируви ўтказилди. Мақолада Тошкент вилояти Чиноз шаҳридаги янги бозорга сотувчилар қўйилмаётгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.



Текширув мақола буюртма бўйича ёзилган, уни чоп этган муҳаррир эса журналист этикасига хилоф тарзда иш тутган деган хулосага келди.



“Эҳтимол, текширувнинг ўзи ҳамда у чиқарган хулосалар Жумақулов ва унинг муовини [Ҳосил] Каримовнинг ишдан олинишига баҳона бўлиб қолган бўлса керак, - дейди тошкентлик медиа-таҳлилчи. – Бироқ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари одатда юқоридаги раҳбарларнинг назаридан қолиб кетган мансабдор шахсларни танқид остига олишларини эсдан чиқармаслик лозим. Агар бу каби танқид расмийларнинг ижозати билан амалга оширилаётган бўлса, айниқса аёвсиз бўлади ва бунинг ортидан лавозимдан четлатиш ёки жиноий ишлар қўзғатишларни кутиш мумкин”.



Ўз номини ошкор этилишини истамаган Тошкентдаги бошқа ишончли манбанинг қайд этишича, “Ҳуррият” газетаси муҳарририга Чиноз шаҳридаги бозор ҳақидаги мақолани чоп этишни президент давлат маслаҳатчисининг собиқ констультанти Фатҳиддин Муҳиддинов тавсия қилган. Бу мулозим оммавий ахборот воситаларининг ижроя ҳокимиятига нисбатан тўғри йўлдан оғишмаслиги масалаларини яширин тарзда назорат қилиб борган ва у билан чоп этишга тайёрланган барча мақолалар муҳокама қилиниб келган.



“Муҳидиновнинг ўз лавозимидан четланиши вақти бош муҳаррир Жумақуловни ишдан бўшатиш билан тугаган ҳукумат текшируви якунига етиш билан деярли бир вақтда содир бўлгани эътиборга сазавор, - деди манба. – Бошқа тарафдан, Муҳиддиновни бошқа “айблари”, масалан, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида расмийлар учун нобақбул ёки ҳаддан зиёд танқидий мақолаларнинг чоп этилишига йўл қўйгани учун ҳам ишдан бўшатишган бўлиши мумкин”.



Тошкентдаги журналистлардан бирининг қайд этишича, маҳаллий нодавлат нашрларида ишлайдиган репортёрлар кўпинча турли фитналарнинг қурбони бўлиб қолаяпти. Олдинига уларга аввалдан цензура томонидан маъқулланган танқидий материалларни ёки журналистлик текширувларни чоп этишга ижозат берадилар. Кейин бўлса улар таъқибга дуч келадилар.



“Мен ўзим шундай воқеанинг гувоҳи бўлганман: мустақил мақомга эга бўлган газетанинг бош муҳаррири ўзининг қўл остида ишлайдиган журналистга прокурорнинг қилмишини “фош этувчи” мақола ёзиш бўйича топшириқ берган. Бош муҳаррир ўзи ҳам илгари давлат мутасаддиси бўлиб ишлаган. Прокурор журналистни туҳмат қилишда айблаб судга даво аризаси билан мурожаат қилганида газета журналист билан бирга жавоб беришдан бош тортган. Шундай қилиб, журналист ҳеч қаердан ҳимоя топа олмаганидан сўнг газетадан ишдан бўшаган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган”.



Бошқа шарҳловчилар оммавий ахборот воситаларида содир бўлган сўнгги кадр ўзгаришлари ўзига ҳос негатив сигнал бўлиб қолаётганидан хавотир бўлаяптилар. Уларга кўра, бу ҳолат журналистлар устидан назоратни кучайтиради ҳамда профессионал фаолиятини яна ҳам чеклаб қўяди.



“Ушбу жараён журналистларни яна ҳам заифлаштириб қўяди, - дейди Канадага муҳожирликка чиқиб кетишга мажбур бўлган мустақил ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаров. – Ҳар ҳолда, янги муҳаррирлар таҳририятга керакли “топшириқлар” билан келганлар. Улар оммавий ахборот воситаларида бирорта ҳам учқун чиқмаслиги учун ҳаракат қиладилар”.



Freedom House нодавлат ташкилотининг ҳар йили чоп этиладиган “Дунёда эркинлик 2010: Эркинликнинг глобал вайронлашуви” («Freedom in the World 2010: Global Erosion of Freedom») дея аталувчи ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон сайёрамизнинг энг эркин бўлмаган ўнта давлатлари қаторидан ўрин олди. 2009 йил якунлари бўйича Дунёда сўз эркинлиги индекси бўйича “Чегара билмас репортёрлар” халқаро журналистлар ташкилоти Ўзбекистонни матбуотга нисбатан энг репрессив давлатлар рўйхатига киритган.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists