Аҳоли инфляциянинг ўсишига қарши норозилик билдирмоқда

Аҳоли инфляциянинг ўсишига қарши норозилик билдирмоқда

Friday, 21 September, 2007
. NBCentraAsia экспертларининг айтишига қараганда норозиликлар яна давом этиши эҳтимолдан узоқ эмас.



“Озод Оврупо радиоси/Озодлик радиоси” хабар қилишича, 3 сентябр куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани маркази аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кўтарилганига ўз норозиликларини билдириб, шаҳар кўчаларига чиқдилар.



Янги-араб қишлоғида яшовчи 30-50 нафар аҳолидан иборат бир гуруҳ Фарғона вилояти маҳаллий маъмурияти биносига келишди. Уларни қарши олган амалдорлар зудлик билан чора кўришни ва нархларни туширишни ваъда қилишди.



Айрим мустақил ОАВ хабарларига кўра, Фарғона водийсининг катта шаҳарларида, жумладан Андижон ва Наманганда яна бошқа норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтяпти. NBCentraAsiaнинг Тошкентдаги экспертининг сўзига кўра, ИИВ аскарлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган.



Август ойининг бошида бензиннинг нархи 16 фоизга, оммавий транспорт ва метрода юриш ҳақи эса 25 фоизга ортган.



Ун Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи учун асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Ойнинг охирига келиб, бир кило уннинг баҳоси икки баробарга ошди. Олдин 600 сўм ($0.5) бўлган бир кило ун кейинчалик 1000-1200 сўмга ($1)га кўтарилди.



NBCentralAsia экспертларининг фикрига кўра, ҳукумат инфляцияни тўхтатиб қолиш борасида ҳеч қандай чора кўрмаяпти, фақат ички ишлар вазирлигининг кучлари билангина аҳолининг норозилиги оммавий тартибсизликларга олиб бормаяпти.



Ўтган йили Халқаро валюта фонди экспертлари Ўзбекистон ҳукуматини огоҳлантириб, давлатда хусусий сектор ва молиявий соҳа ривожлантирилишини ҳамда маҳаллий бизнеснинг бошқа давлатлар билан савдо алоқалари қилишларига кўпроқ эркинлик берилиши лозимлигини ва ана шундагина шиддат билан ўсиб бораётган инфляцияни тўхтатиб қолиш мумкинлигини айтган эдилар.



Тошкентлик тадқиқотчи-иқтисодчи Динара Деҳқонова Ўзбекистон ҳукуматининг ўз вақтида ХВФ тавсиясини эътиборсиз қолдирганини қайд қилиб ўтди.



“Ўзбекистон гарчи ички инвестиция аҳволини яхшилаш учун расмий уринишлар қилган бўлса-да, бу борада ҳеч қандай иш қилмади”, - дейди эксперт.



Фарғона водийси Марказий Осиёда энг аҳолиси зич жойлашган, бутун жаҳонда эса энг қашшоқ регионлардан бири ҳисобланади. Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев бунга ўхшаган норозилик ҳаракатлари яна давом этаверади, деб башорат қилади.



Унинг гапига қараганда одамлар учун асосий озиқ-овқатлар нархининг кўтарилиши ва коррупциянинг кенг ёйилиши борасидаги сиёсатга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган эркин ОАВ йўқ даражага бориб қолган.



“Менимча, ҳозир мамлакат портлаш хавфи остида турибди. Ислом Каримовнинг бошқаруви ўзининг лаёқатсизлигини, самарасизлигини намойиш қилди – мамлакатда анча йиллардан буён барқарорлик ҳар қандай норозиликка босим ўтказиш учун тайёрланган гигант давлат аппарати ҳисобига яшаб келяпти”.



2005 йилнинг 12 майида Андижондаги норозилик билдирувчилар ҳарбий гарнизон ва турмани ҳужум билан эгаллаб олдилар. Қуролларни олиб, маҳбусларни озод қилдилар. Шундан сўнг 23 нафар бизнесменнинг айбланишига қарши намойиш бўлди. Айбловда улар исломий экстремистлар қилиб кўрсатилгандилар. Эртаси куни эса ҳукумат ҳарбийлари шаҳар марказига йиғилган оммага қарши ўт очиб, юзлаб одамларни ўлдирдилар.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists