АҚШ ва Ўзбекистонни афғон масаласи яқинлаштирмоқда

АҚШ ва Ўзбекистонни афғон масаласи яқинлаштирмоқда

Monday, 9 November, 2009
NBCA экспертлари Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий иштироки тез орада яна ҳам кенгаяди, дея тахмин қилмоқдалар.



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 14 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон президенти, ташқи ишлар вазири ва бошқа юқори мартабали мулозимлари билан “учрашувлар натижасидан қониққани” ҳақида билдирди.



“Жаноб [президент] Ислом Каримов билан биз Афғонистонда тинч ҳаётни йўлга қўйиш ишлари бўйича давом этаётган ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Ва бу суҳбат нафақат Ўзбекистон орқали Афғонистонга ҳарбий бўлмаган ҳамда гуманитар юкларнинг транзитига тегишли бўлди, балки унда бу мамлакатга электр энергияси тақдим этиш масаласи ҳам кўтарилди”, - деди Ричард Блей ўзбек журналистларига берган интервьюда.



Ташриф давомида бирорта ҳам расмий битим имзоланмаганига қарамай, шарҳловчилар Блейк ташрифи давомида электр энергияси экспортидан кўра анча жиддийроқ келишувларга эришилди деб ҳисобламоқдалар.



Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг доценти, сиёсат фанлари номзоди Фарҳод Толипов Ўзбекистон-Америка диалоги АҚШнинг Афғонистон бўйича янги стратегияси доирасида олиб борилаётгани эслатмоқда.



Тошкент ва Вашинтон ўша қўшимча кучларни олиб ўтиш учун муҳтамал йўлаклар схемасини ишлаб чиқишга кириша бошлаганларига унинг ишончи комил. Негаки, Ўзбекистон АФғонистонга юк олиб ўтиш учун энг қулай транзит йўл саналади.



“Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи шимолий транспорт йўлаги ҳақиқатдан ҳам Афғонистонга юк олиб бориш учун энг ишончли ва тинч йўл саналади, - дея фикр юритади сиёсатшунос. – икки томон ҳам тез орада Ўзбекистонда янги ҳарбий база тузиш зарурлиги тўғрисида фикрга келишлари ёки олдинги базани қайтариш тўғрисида қарор қабул қилишлари эҳтимолини истисно этиб бўлмайди. Негаки, гап кўп ва кенг кўламда юк олиб ўтиш тўғрисида кетмоқда”.



Америка Қўшма Штатлари аввал ҳам 2001 йилдан 2005 йилгача мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Қарши шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланиб келган эди.



Аммо АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини Андижондаги 2005 йил 13 май куни бўлиб ўтган қонли фожеа учун қаттиқ танқид остига олган эди. Ўшанда ҳукумат қўшинлари тинч намойишни ўққа тутган ва оқибатда бир неча юзлаб намойишчилар ҳалок бўлган эдилар. Шундан кейин, расмийларнинг илтимосига биноан Америка ҳарбий контингенти 2005 йил кузида мамлакатдан чиқариб юборилган.



Шундан сўнг, Афғонистонда халқаро операцияни қўллаб келаётган халқаро коалиция кучларидан фақат Германия ҳарбий ҳаво кучлари мамлакат жанубидаги Термиз шаҳрида жойлашган ўзбек ҳарбий аэродромдан оралиқ база сифатида фойдаланиб келган, холос.



Ғарб билан бир неча бор совуқ даврларни бошидан кечирган ўзаро муносабатларни яхшилашга интилган Ўзбекистон 2009 йил февраль ойида Шимолий Атлантика Альянси (НАТО) учун ноҳарбий юкларни Афғонистонга олиб ўтиш учун ўз ҳудудидаги автомобиль ва темир йўлларни очиб берди. Бу йўл Термиз орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан 100 километр масофада жойлашган Ҳайратон шаҳригача чўзилган.



“Геосиёсий манфаатларни кўзлаган [Барак] Обама маъмурияти дипломатия йўлини танлади ва Ўзбекистонга босим ўтказмасликга уринмоқда, - дейди Францияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Роббимов. – Айни пайтда Афғонистон икки мамлакат манфаатлари яқинлашуви учун ягона таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилмоқда”.



Америка Овози радиостанциясининг хабар беришича, октябрь ойининг бошида АҚШ президенти Барак Обама Америка Қуролли кучлари раҳбарияти, разведка, дипломатия ҳамда бошқа маслаҳатчилар билан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракат стратегиясига тузатиш киритиш масалаларини муҳокама қилиб олди.



Америка Қўшма Штатлари маъмурияти, шунингдек, НАТО ва АҚШнинг Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари қўмондони генерал Стенли Маккристалнинг қўшимча ҳарбий контингент жўнатиш тўғрисидаги талабномасини ҳам кўриб чиқмоқда. Қўмондон ўттиз мингдан қирқ минг кишигача бўлган миқдорда янги ёрдам кучларини жўнатишни сўрагани ҳақида хабар берилган.



Бироқ, нафақат борган сари чуқурлашиб бораётган афғон муаммоси, балки геосиёсий прагматизм ҳам АҚШ авваллари қатъий танқид учун нишонга олиб келган мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтиришга мажбур қилувчи муҳим омил бўлиб қолмоқда.



Ўзбекистон махсус хизматларининг номи ошкор бўлишини истамаган собиқ ходимларидан бирининг айтишига қараганда, Вашингтоннинг бу соҳада Тошкентга қизиқиши “очиқ ва равшан”.



“Ўзбекистон минтақада асосий мамлакат бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бу мамлакат Марказий Осиёдаги барча давлатлар ва Афғонистон билан чегарадош, ҳарбий соҳада ҳам яхши ҳамкор, негаки, минтақадаги энг кучли армия ҳам айнан Ўзбекистонга тегишли”.



NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists