Ашхобод ва Тошкент яқиндан ҳамкорлик қилишга хавфсирамоқдалар

Ашхобод ва Тошкент яқиндан ҳамкорлик қилишга хавфсирамоқдалар

Friday, 19 September, 2008
-Туркманистон чегара олди савдо-сотиғининг ривожланиши учун халал берувчи омил бўлиб қолмоқда, дея қайд этишади NBCA шарҳловчилари.



Туркманистоннинг расмий интернет саҳифаси бўлган Turkmenistan.gov.tm 16 сентябрь куни хабар беришича, Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Ислом Каримов ва Қурбанқули Бердимухаммедов телефон орқали савдо-иқтисодий алоқалар ва чегара олди савдо-сотиғининг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиб олдилар. Сўнгги йилларда бу соҳанинг анчагина таназзулга юз тутгани кузатилмоқда.



Чегара олди савдо-сотиқ муносабатлари Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Хоразм вилояти билан чегарадош Туркманистоннинг шимолий Тошҳовуз ва шарқий Лебап вилоятларида кенг ёйилган эди. Чегаранинг икки томонида жойлашган ҳудудда туркман бензини, маиший техника, ўзбек пахта ёғи, гуруч, мева, сабзавотлар, газлама ва кийим-бош сотилар эди.



Чегара олди савдо-сотиғининг интенсив суратлари 2001 йилда сустлашиб қолди. Ўшанда Туркманистон расмийлари чегарани бир марта кесиб ўтиш учун олти долларлик тўлов пулини жорий қилган эдилар. 2002 йилда Ашхободда амалга ошмаган давлат тўнтаришидан кейин эса бу муносабатлар умуман тўхтатиб қўйилди. Ўшанда Туркманистоннинг собиқ авторитар етакчиси Сапармурод Ниязов Туркманистон-Ўзбекистон чегараси ҳудуди бўйлаб кўп миқдорда тўсиқ иншоотларини барпо қилишга буйруқ берган эди.



Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кўп йиллар давом этган совуқликдан сўнг, Туркманистоннинг ҳозирги президенти Қурбонқули Бердимухаммедов ва Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 2007 йилнинг июль ойида икки томонлама ҳамкорликни қайта жонлантирганидан ва алоқаларини тиклаганидан кейин чегара олди савдосининг қайта тикланишига умид пайдо бўлди.



Ўшанда маҳаллий кузатувчилар икки қўшни давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кўтарилишини кутган эдилар. Бу эса ўз навбатида 1621 километр масофага чўзилган Ўзбекистон-Туркманистон чегараси бўйлаб аҳоли зич жойлашган ҳудудларда саво-сотиқнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши керак эди.



Аммо ҳозирча кутилган натижалар амалга ошгани йўқ.



Шарҳловчиларга кўра, икки мамлакат фуқароларининг чегарадан ўтишида бюрократик жараёнларнинг ҳанузгача давом этаётгани чегара олди савдосининг ривожланишига тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Чегарадан ўтувчи фуқаролар бир эмас, учта: муҳожирлик, чегара ва божхона назорат масканларида хужжат текшириш муолажаси давомида кўп соатлаб вақтларини йўқотмоқдалар.



“Тижоратчилар товарларини кўтариб қўшни ҳудудга ўтишни истамаяптилар. Негаки, узоқ вақт давом этувчи текширувдан ўтиб бўлгунча мева ва сабзавотлар бузилиб, сифатини йўқотмоқда”, - дейди Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи деҳқон.



Тошҳовузлик шарҳловчининг айтишича, икки мамлакат расмийлари аллақачон бу муаммони оғриқсиз тартибга солишлари, транс-чегаравий тартибни енгиллатишлари ва эркин савдо ҳудудларини яратишлари мумкин эди. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё.



У Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида олтмишдан зиёд турли шартномалар ва келишувлар имзоланганини эслатади. Аммо бу шароитлардан фойдаланишни тарафлар “ёки хоҳламаяптилар ёки эплай олмаяптилар”.



Тошкентлик шарҳловчига кўра, расмий Ашхобод минтақавий етакчи ролига даъво қилаётган Каримовнинг амбицияларига эҳтиёткорона муносабатда бўлгани учун ҳам Тошкент билан иқтисодий интеграцияга киришиб кетишга унчалик қизиқаётгани йўқ.



“Бундай шароитда чегара олди савдосининг ривожланиши – иккинчи даражали, декларатив ҳамда бу икки қўшни давлатлар муносабатида ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган масала бўлиб қолган”, - дея фикрини изҳор этади эксперт.

Бошқа шарҳловчилар ҳам ҳудди шундай далилларни келтирмоқдалар.



Уларга кўра, икки мамлакат президентлари Каримов ва Бердимухаммедов бу масалада “сиёсий прагматизм”га суяниб иш тутадилар.



Мисол учун, Бердимухаммедов леберал савдо тартиби Ўзбекистон-Туркманистон чегарасини заифлаштириб қўйишидан, мамлакатга мева ва сабзавотлар билан бирга “банг моддалари ва исломчиларнинг кириб келишидан” қўрқиб хавфсираётган бўлиши мумкин.



Каримов эса Туркманистондан контрабанда йўли билан келаётган арзон бензин мамлакат ички бозоридаги нарх-навога жиддий таъсир кўрсатиб мамлакат иқтисодиёти учун издан чиқарувчи омил бўлиб хизмат кўрсатишидан чўчимоқда.



“Акс ҳолда, икки мамлакат қўшни вилоятларининг маҳаллий ҳокимият вакиллари аллақачон чегара олди савдо-сотиғининг очилишига ижозат берган бўлардилар. Аммо, ҳар қандай ташаббус жазосиз қолмаслигини билган ҳолда, улар олий раҳбариятдан қаттиқ қўрққанларидан ҳеч қандай ишни амалга ошираётганлари йўқ”, - дея қўшиб қўйди медиа-таҳлилчи.





(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists