Бишкекнинг россияпарастлик йўналиши Тошкентга хуш келмаяпти

Бишкекнинг россияпарастлик йўналиши Тошкентга хуш келмаяпти

17 ноябрь куни Қирғизистоннинг сайланган президенти Алмазбек Атамбаев Россиянинг “Известия” газетасига берган ўзининг биринчи интервьюсида Россия билан стратегик жиҳатдан яқинлашишга қарор қилганини билдирди. Атамбаев Кремль билан янада тиғизроқ иқтисодий ҳамкорлик қилиш ва Қирғизистон ҳудудида “Россиянинг ягона бирлашган базаси”ни яратиш зарурлиги ҳақида сўзлади.

Марказий Осиёнинг бу мамлакатида Россиянинг бир нечта ҳарбий объектлари бўлиб, Кремль уларнинг битта тузилмага бирлаштиришга эришмоқчи бўлаяпти. Бу тузилма Қирғизистон ҳудудида келажакда яна 25 йилга чўзиш шарти билан бепул 49 йил жойлашиши мумкин. Шунингдек, Россия Қирғизистоннинг қўшни Ўзбекистон билан чегарадош бўлган жанубий ҳудудида машқ маркази барпо қилишни режалаган.

Бунинг эвазига Бишкек молиявий кредит олади ва Москванинг асосий истагини бажо келтириши - коалиция кучларини қўллаш учун Афғонистонга учоқлар учиб турган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базаси - Халқаро транзит юклари марказини ёпиши лозим.

Ҳудудида 800 мингга яқин (беш миллиондан кўпроқ мамлакат аҳолисининг 15 фоизи) этник ўзбек яшовчи Қирғизистон билан умумий чегараларга эга бўлган Ўзбекистон қўшни давлатда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб туради ва бу каби ташқи сиёсий ташаббусларга лоқайд қаролмайди.

Чегараолди муаммолари, сув-энергетика масалаларидаги мавжуд тафовутлар туфайли икки давлат муносабатлари ҳеч қачон илиқ бўлмаган, Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида ўтган йили содир бўлган миллатлараро тўқнашувлар эса алоқаларнинг тўла узилишига олиб келмаса-да, Тошкентда ишончсизлик кайфиятини кучайтирди.

Айрим таҳлилчилар қирғиз-ўзбек муносабатлари Қирғизистондаги президентлик сайловларидан кейин бошқа даражага кўчиши мумкинлигини тахмин қилгандилар. Янги сайланган қирғиз лидери президентлик сайловидан сал олдинроқ Тошкентга сафар қилганди. Мазкур сайлов Марказий Осиёнинг инқилоб ва норозилик намойишларидан жунбушга келган бу мамлакатида сўнгги олти йил мобайнида биринчи марта ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилишига йўл очди.

NBCentralAsia шарҳловчилари сўзларига кўра, Атамбаевнинг Тошкентга ташрифи жанубдаги қўшни қўлловига эга бўлиш, шунингдек, ана шу орқали Қирғизистон жанубидаги кўп сонли ўзбек сайловчиларининг овозини қозониш истаги билан боғлиқдир. Этник ўзбекларнинг аксарияти Тошкентдан бўлган сигналларни кузатиб турганлари ва Алмазбек Атамбаев учун овоз берганларини яширганлари йўқ.

“Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам муштарак манфаатларни топиши ва уларни ҳал қилиш механизмларини ишлаб чиқишлари лозим эди, - дейди Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлмиш Ўшдаги ўзбек жамоатидан бўлган шарҳловчи. - Ўшанда икки давлат муносабатларида ижобий натижа кутиш мумкин бўлади”.

Гарчи сайловолди давридаёқ Атамбаевнинг россияпарастлик позициясида тургани аниқ бўлса-да, янги лидер сайланиши биланоқ Қирғизистонда Москва ҳарбий ҳозирлигининг кенгайтирилиши ҳақида очиқ баёнотлар бериши Тошкент мутлақо хуш келгани йўқ.

“Янги [қирғиз] президентининг дастлабки баёнотлари ўта россияпараст кўринди, - дея қайд этади тошкентлик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толипов. - Ўзбек расмийлари Бишкекнинг қилаётган ишларига бефарқ бўла олмайдилар”.

Толипов ҳали қирғиз расмийлари амалга оширмоқчи бўлган йўналиш ҳақида “аниқ дастур ва низом” очиқланмагани, шунинг учун ҳам Тошкент “амалда қилинган ишлардан келиб чиққан ҳолда” ҳаракатланиши мумкинлигини қўшимча қилди

Унинг фикрларига исми ошкор қилинмаслигини истаган тошкентлик ҳарбий таҳлилчи ҳам қўшилади. У Қирғизистон-Россия ҳарбий ҳамкорлигининг амалга оширила бошланиши Ўзбекистон томонидан бу каби ташаббуслар қабул қилинмаслигининг янги эскалациясига туртки бўлишини айтди.

“Каримов Бишкекдаги расмийларга ҳам, Атамбаевга ҳам ишонмайди ва унинг Москва томон ҳаракатланишидан ғаши келаётганини ҳам яшириб ўтирмайди, шунинг учун ҳам ўзаро ишончсизлик залвори тобора ортиб бораверади”, - дейди у.

Постсовет ҳудудидаги Кремл томонидан бошқарилувчи ҳарбий-сиёсий блок бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа 2010 йилда “Россия ва Қирғизистон раҳбарияти Қирғизистон ҳудудида Россиянинг ягона ҳарбий базасини барпо қилиш бўйича битим лойиҳасини якунига етказиш бўйича қатъий қарорга келган”ини билдирганди.

Бир йил муқаддам Москва ва Бишкек ўртасида мазкур Меморандум имзоланган пайтда расмий Тошкент ўз чегараси яқинида Россия ҳарбий контингентининг жойлаштирилишига қарши кескин чиқиш қилганди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Frontline Updates
Support local journalists