Германиядан Ўрта Осиёдаги сўз эркинлигига эътиборини қаратиш сўралмоқда

Германиядан Ўрта Осиёдаги сўз эркинлигига эътиборини қаратиш сўралмоқда

Monday, 7 July, 2008
.



Туркманистонлик ва ўзбекистонлик медиа-шарҳловчиларнинг қайд этишича, Ашхобод билан Тошкент ўз мамлакатларида ахборот маконининг бирмунча эркинлашувига рози бўлган тақдирда ҳам, аслида бу қадамлар ҳақиқий сўз эркинлигининг имитацияси бўлиб қолади, маҳаллий журналистиканинг ўзи эса бундай ўзгаришларга профессионал жиҳатидан тайёр бўлмаслиги мумкин.



Германия иқтисодиёт ва технологиялар вазири Михаэль Гросс бошқарган расмий делегациянинг 24-27 февраль кунлари Туркманистон ва Ўзбекистонга бўлиб ўтган сафаридан олдин “Чегарасиз репортёрлар” маҳаллий журналистлар ҳуқуқига ва ОАВ учун ишлаш шароитига оид тавсияларини ёйинлаганди.



Бу ташкилотнинг ҳар йили ўтказиладиган рейтингида 2007 йил натижаларига кўра Туркманистон 169 та мамлакат ичидан сўз эркинлиги даражаси бўйича 167-чи ва Ўзбекистон 160-чи ўринни эгаллаганди.



Европа Иттифоқига 2007 йилнинг биринчи ярмида раислик қилган Германия ҳамжамиятнинг Марказий Осиё билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш тарафдори бўлиб чиқиб келган ва ниҳоят ўтган йилнинг охирида Европа Иттифоқининг минтақа билан ишлаш стратегиясини қабул қилинишига эришган.



Энергетика жиҳатидан Европа Иттифоқи учун ёқимли бўлган авторитар режимлар билан яқинлашувга интилгани учун ушбу стратегия маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг танқидига учраганди.



Ашхободдаги NBCA медиа-шарҳловчисига кўра, президент Қурбанқули Бердимухаммедов ҳукуматининг ОАВ соҳасида либерал ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги намойишкорона тайёрлигига қарамай, бу соҳадаги вазият Сапармурод Ниёзовнинг 2006 йил охирида вафотидан бери ҳеч қанақасига ўзгармаган.



Мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари давлатга қарашли бўлиб, расмийларнинг қатъий цензура назорати остида. Маҳаллий журналистлар касб маҳоратининг пастлиги борасидаги президентнинг сўнгги танқиди узоқ йиллар давомида ўзга фикрлашни бостириш ва ҳар қандай ахборотни маҳфийлаштириш натижасини акс этади, дейди шарҳловчи.



Ҳукуматга қарашли «Бетараф Туркманистон» («Нейтральный Туркменистан») газетаси ходимига кўра, бундай вазиятда хусусий матбуотга йўл очилмай туриб, шахсан президент томонидан таъсис этилган давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари ўз ишларини қайта қуришга лаёқати йўқ.



“Аввалига рақобатга имконият яратиш лозим, ундан кейин қонунчиликни такомиллаштириш ва ёш кадрлар билан ишлашни бошлаш керак”, - дейди NBCA суҳбатдоши.



Туркманистон давлат телевидениеси 4-чи каналининг ходими президент шаънини ҳимоя қилиш бўйича қатъий қонунчилигига алоҳида ишора қилмоқда. Қонунга кўра, мамлакатда расмийларнинг ҳар қандай танқиди ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф қилиниши мумкин.



Давлат ахборот муассасалари сингари қатъий цензура назоратига олинган хусусий оммавий ахборот воситаларига эга бўлган Ўзбекистонда ҳам тахминан ҳудди шунга ўхшаш ҳолат мавжуд.



Тошкентлик медиа-шарҳловчиларидан бирига кўра, Ўзбекистон гарчи Европа билан яқинлашувни ихтиёр қилса ҳам, амалда матбуотда эркинлик масаласи бўйича енгиллик яратилишининг имитацияси кутилади, холос.



“Расмийлар сохта либералликни намойиш этишга уринмоқчи бўлиб, иложи борича оммавий ахборот воситаларига, Интернетга ва ҳар қандай долзарб ахборотга алоқаси бор одамлар устидан ёппасига назоратни кучайтириши мумкин”, - дея тахмин қилади у.



Иккала мамлакат медиа-фаолларига кўра, бордию катта миқёсда танқидга чидамлиликнинг юқори даражаси, таҳлил ва муқобил нуқтаи назарлар тўғрисида эълон қилинадиган бўлса ҳам, мустақил журналистларга нисбатан қўлланилган кўп йиллик босим оқибатида маҳаллий журналистлар расмийларнинг ушбу ташаббусига лаббай дейишдан ожиз қолишлари мумкин.



Ўзбекистонлик шарҳловчининг айтишича, 2005-2006 йиллардаги кадрлар тозаловидан кейин Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳатто нисбатан сўз эркинлиги шароитида ҳам “эркин матбуотнинг профессионал даражасида ишлай оладиган” журналистларнинг ўзи қолмаган.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).
Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists