Икки ҳуқуқ ҳимоячиси юзасидан ҳукмлар ЕИга таъсир ўтказиш мақсадида чиқарилган
Икки ҳуқуқ ҳимоячиси юзасидан ҳукмлар ЕИга таъсир ўтказиш мақсадида чиқарилган
Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар суди ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова устидан чиқарган 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукмини шартли муддат жазоси билан алмаштирди.
Умида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва аксилконституциявий материалларни тарқатишда айбланганди. Суд уни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди. 8 май куни судда ўзининг “жинояти”ни тан олиш ва тавба қилиш руҳида нутқ сўзлаган Ниёзованинг ҳукми синов муддати билан шартли жазога алмаштирилди ва у суд залидан озод қилинди.
Гулбаҳор Тўраевага нисбатан ҳам шунга ўхшаш айбловлар қўйилганди. У ҳам конституцион тузумга қарши тажовузкорликда айбланганди.
Ҳар икки ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан шу йилнинг бошида ушлангандилар. Ўшандан буён кўпчилик маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари уларнинг иши юзасидан ўз норозиликларини билдириб келаётгандилар.
Тўраева олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 7 май куни Андижон суди Тўраевага нисбатан қўшимча ҳукм чиқарди. Лекин Ўзбекистон ТИВи маълум қилишича, олдинги муддат ўз кучида қолади.
Қарорларнинг бу қадар хилма-хиллигига қарамасдан шарҳловчилар уларни Евроиттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаган санкцияларини қайта кўриб чиқиш билан боғламоқдалар. Қайта кўриб чиқиш муҳокамаси 14 майда бўлиб ўтганди. Уларнинг фикрича, Ниёзова ва Тўраева ишлари юзасидан чиқарилган суд қарорлари Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш вазияти ҳар доим Тошкент билан бўладиган музокаралардаги кун тартибида туриши лозимлигинигина кўрсатади.
Икки йил олдин Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида юз берган фожеавий воқеалардан кейин ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаганди. 2006 йилнинг ноябрида ЕИ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ишларида силжишлар бўлмагани сабабли бу санкцияларни узайтириш ҳақида қарор қабул қилди.
Ниёзовани озод қилиш билан Ўзбекистон ҳукумати санкциялар ҳақидаги қарорга таъсир ўтказишни ҳисобга олган ҳолда ён бергандек бўлди, деб ҳисоблайди мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров.
“Президент Ислом Каримов ЕИ билан ифлос ўйин ўйнаяпти, - дейди у. – У жаҳон ҳамжамиятига, мен сизлар томонга қадам ташладим, энди сизларнинг навбатингиз, демоқчи бўляпти”.
Лондон Университетининг Африка ва шарқ тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомовнинг фикрига кўра, судларнинг ҳар икки қарори сиёсийдир ва ҳукумат халқаро жамоатчилик олдида заиф кўриниб қолмаслик учун Тўраевани қамоқда қолдиришга қарор қилган.
“Икки хулоса чиқариш мумкин. Биринчидан, Евроиттифоқ босим ўтказмагунича Ўзбекистон ён бермайди. Иккинчидан, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг инсон ҳуқуқлари борасида музокаралар олиб боришга тайёр эканлигини намойиш қила олмаяпти”, - дейди Илҳомов. “Режимнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан муносабати юмшаганини кўрсатиш учун бошқа ён беришлар ҳам юз бериши, бошқалар ҳам озод қилиниши лозим эди. Лекин бундай бўлмади”.
Human Rights Watchнинг Тошкентдаги идораси раҳбари Андреа Берг Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига нисбатан муносабати ўзгармаган, деб ҳисоблайди.
“Ҳукумат мустақил фикрлашни қабул қилишни истамаяпти, - дейди у. – Ё расмий ҳукуматнинг фикрига қўшиласан ёки сен душмансан”.
Human Rights Watchнинг маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 14 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси панжара ортида ўтирибди.
14 май куни Евроиттифоқнинг ички ишлар вазири Ўзбекистонга нисбатан қўлланган санкциялар муддатини узайтиришни қўллаб-қувватлади. Лекин ЕИ мамлакатларига кириши тақиқланган 12 нафар юқори лавозимли амалдорлардан тўрттасининг номи “қора рўйхат”дан ўчирилди.
(NBCA ҳудуддаги шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)