Инқироз бўлиши муқаррар, аммо унинг оқибатларини юмшатиш мумкин
Инқироз бўлиши муқаррар, аммо унинг оқибатларини юмшатиш мумкин
Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳи дея аталувчи ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг коалицияси Ўзбекистон иқтисодиёти ғарб мамлакатларида ва яқин хориж республикаларида кечаётган молиявий инқироз туфайли қийинчиликларга учраши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирувчи фикр билдирди.
Ушбу гуруҳ вакиллари шу йилнинг 10 октябрь куни мамлакатдаги иқтисодий вазиятни таҳлил этувчи ҳисоботини чоп этдилар. Унда Ўзбекистон тўқнаш келиши мумкин бўлган асосий хатарлар кўрсатилган. Гуруҳ вакилларига кўра, мамлакатда меҳнат муҳожирларидан келувчи пул жўнатмалари ҳажмларининг пасайиши ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтиши ортидан нарх-наволарнинг кескин равишда кўтарилиши ва инвестицияларни қисқариши кутилмоқда.
Ўтган йили тузилган ва ўз таркибига саккизта ташкилотни бирлаштирган Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш учун чиқмоқда.
Айни пайтда турли баҳоларга кўра, Қозоғистон ва Россияда уч миллиондан беш миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишламоқдалар. Улар бу мамлакатларга қурилиш авж олган ва ипотека кредитлари ривожланган пайтда пул ишлагани чиқиб кетган эдилар.
Россиялик экспертларнинг маълумотларига таянган ҳолда гуруҳ вакиллари октябрь ойининг охирига келиб ўзбекистонлик гастарбайтерларнинг аксарияти ишлаётган Россияда кредитлар етишмаслиги важидан қурилиш ишлари тўхтаб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Шу туфайли меҳнат муҳожирлари уйларига қайтишга мажбур бўладилар.
Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳининг таҳлилчиларига кўра, меҳнат муҳожирлари уйларига юбораётган пул жўнатмалари ҳажмининг қисқариши миллий валюта курсининг тушиб кетишига олиб келади. Инвестицявий лойиҳаларнинг қисқариши, мисол учун, Россия компаниялари томонидан нефть ва газ конларини ўзлаштириш соҳасида ишчи ўринларининг қисқартиришига олиб келиши мумкин. Чет элларда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанларига қайтишлари эса мамлакатда ишсизликнинг ўсишини ва вилоятларда ижтимоий вазиятнинг кескинлашувини келтириб чиқариши мумкин, дея огоҳлантирадилар гуруҳ вакиллари.
Гуруҳ вакиллари меҳнат муҳожирларига кўмак беришни ва уларни қўллашни кўзда тутувчи миллий дастур ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга чақирмоқдалар.
NBCA томонидан сўралган таҳлилчилар ҳам Ўзбекистон жаҳон молиявий инқирози оқибатларидан омон қолмаслиги ҳақидаги фикрларга қўшилдилар.
Тошкент университетининг профессори Илҳом Мамасолиевга кўра, Россия ва Қозоғистон банкларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистон банкларида катта молиявий қўйилмалар йўқ. Шунинг учун ҳам жиддий молиявий зарарлар кутилмайди.
Аммо у Ўзбекистон иқтисодиётининг қўшни мамлакатларга қарамлигини таъкидлаб ўтди. «Ҳукумат ўтказаётган изоляция сиёсати Ўзбекистонни кўпроқ айни пайтда қийин вазиятга тушиб қолган давлатларга таянишга олиб келди», -дейди профессор Мамасолиев.
NBCA Марказий Осиё бўйича иқтисодий кузатувчиси Жазгул Исмаиловага кўра: «Меҳнат муҳожирларидан келаётган пул жўнатмалари ҳажмининг қисқариши ва уларнинг оммавий равишда уйларига қайтиши - бу молиявий инқирознинг энг кўзга ташланарли оқибатлари бўлиб қолади, холос. Ўзбекистон расмийлари учун энг катта муаммо сифатида инфляция ва озиқ-овқат маҳсулотларига нарх-навонинг кескин равишда кўтарилиши бўлиб қолади».
Шунингдек, Исмаиловага кўра, мамлакат ҳукумати «эгилувчан» иқтисодий сиёсат олиб борадиган бўлса, инқирознинг баъзи оқибатларини юмшата олиши мумкин.
Унга кўра, ёпиқ иқтисодиётли мамлакатлар учун инқироз даври ислоҳотларни бошлаш учун рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин ва буни амалга ошириш учун ҳукуматда реал имкониятлар мавжуд.
Ўз юртларига қайтиб келаётган меҳнат муҳожирларини ишга жойлаш учун ишчи ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирлар кўриш лозим. Бунинг учун кичик корхоналар ташкил қилиш, тадбиркорлик учун эркин шароитлар яратиш, шунингдек, хусусий бизнес йўлида тўғаноқ бўлаётган тўсиқларни қисқартириш керак, дейди Исмаилова.
Шунингдек, экспертлар Ўзбекистоннинг олтин, табиий газ ва пахта толаси экспортидан тушадиган даромад маблағларига таяниши мумкинлигига ишорат қилмоқдалар.
«Ўзбекистон ўз валюта захираларидан ақл билан фойдаланадиган бўлса, инқироз зарбасини юмшата олиши ҳамда иш ҳақининг реал даражасини сақлаб қолиши мумкин», - дея тахмин қилади Исмаилова.
Шу билан бирга, Исмаилова Волмарт супермаркети томонидан Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши норозилик сифатида бойкот қилиниши пахта сотишдан тушадиган валюта тушумларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисобламоқда.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).