Қамоқхонадан чиққан мактублар ўзбекистонлик рассом асарларида

Қамоқхонадан чиққан мактублар ўзбекистонлик рассом асарларида

Sergei Ignatyev’s paintings attempt to convey the horrors of Uzbekistan's prison system. (Photo courtesy of S. Ignatyev)
Sergei Ignatyev’s paintings attempt to convey the horrors of Uzbekistan's prison system. (Photo courtesy of S. Ignatyev)
The images were inspired from prisoners' own accounts, often written on scraps of paper smuggled out of jail. (Photo courtesy of S. Ignatyev)
The images were inspired from prisoners' own accounts, often written on scraps of paper smuggled out of jail. (Photo courtesy of S. Ignatyev)
Sergei Ignatyev. (Photo courtesy of S. Ignatyev)
Sergei Ignatyev. (Photo courtesy of S. Ignatyev)

Октябрь ойида постсовет ҳудудидаги Сиёсий маҳбуслар куни муносабати билан илк кўчма кўргазма бўлиб ўтади. Ташкилотчилар бу ғайриодатий ишларнинг дастлабки тақдимотини аввал Перуда - “Демократия учун бутунжаҳон ҳаракати” Ассамблеясида, сўнг эса Брюссель ва Парижда ўтказишни режалаштиришмоқда. Графикага оид 44 та иш АҚШда яшайдиган ўзбекистонлик рассом, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси (AHRCA) “Ижод ва инсон ҳуқуқлари” лойиҳасининг мувофиқлаштирувчиси Сергей Игнатьев томонидан яратилган. NBCentralAsia га берган интервьюсида Игнатьев мазкур асарлар қандай яратилгани ҳамда санъат билан инсон ҳуқуқлари муҳофазасини бирлаштирган лойиҳа қандай дунёга келгани ҳақида гапириб берди.

Сергей Игнатьев: Ўзбек маҳбусларига ўтказилаётган жабру ситамга оид гувоҳликлар тасарруфимга тушганидан кейин менда бу ҳақда қатор асарлар яратиш фикри пайдо бўлди. Мавзуларни қамоқдан чиққан мактублар, собиқ сиёсий маҳбуслар, аёвсиз муносабатдан қазо қилган маҳбуслар жасадлари акс этмиш фотосуратлар, ҳуқуқ фаолларининг ҳисоботлари, журналистларнинг материаллари белгилаб берди.

Масалан, “Орзу” асари: “Мен қамоқхона тартибига кўр-кўрона бўйин эгиш таҳқирланишдан халос этади, деган хом хаёлдан қутилолмасдим, мен тирик қолишни истардим, озод бўлиш эса тез орада қалб тубидан ўрин олган орзуга айланиб қолди” каби сатрларни ўқиганимдан кейин пайдо бўлди.

“Қанотлар” асари мавзусини эса “Жаслиқ” қамоқхонасидаги маҳбуснинг аёли хатидан олдим. У шундай ёзганди: “Унинг калтакдан абгор бўлган қўллари совуқ ва тирноқсиз эди. У қўлида қошиқни яхши тутиб туролмасди. Мудом сукут сақларди...”

Андижондаги қамоқхонадан онага йўлланган мактубда эса шафқатсизликнинг кўникилган, кундалик ҳодисага айлангани баён қилинган. У “Қамоқхонадаги футбол”, “Назорат” асарлари учун мавзу бўлиб хизмат қилди.

Маҳбусларнинг мактубларини кўрган кишилар уларнинг кафтдек келиши, майда ҳарфлар билан ёзилишини билишади. Унча катта бўлмаган матн алоҳида жумлаларга бўлинган. Муаллифлар кўпинча ўз мактублари охирига исмларини ёзмайдилар... Чунки маҳбуслар қариндошлари билан учраганидан кейин бу мактублар қамоқхона нозирлари томонидан топиб олиниш эҳтимоли жуда катта.

Агар бунақа мактуб маъмурият қўлига тушиб қолса, “қоидабузар” яқинлари билан учрашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Интизомни бузгани учун уни жазо изоляторига тиқиб қўйишади ва пировардида унинг жазо муддатига қўшимча муддат қўшиб беришади. Қийноқ остида Ислом Каримовдан кечирим сўрашга мажбурлашади.

NBCA: Асарларингизда акс этган ғайриодатий тимсоллар қандай дунёга келади?

Игнатьев: Маҳбуслар ёзган мактубларнинг бирида қамоқхона нозирининг “маҳбуслар – бу жонли гўшт” деган жумласи бор. Собиқ сиёсий маҳбуслардан бири менга панжара ортида одамлар ҳайвонга айлантиришлари ва у ердагиларнинг бирдан-бир мақсади ўлмай қолиш бўлишини гапириб берганди. Бу жаҳаннамни тарк этиш бахтига муяссар бўлинган тақдирда ҳам одам аввалги ҳолига қайта олмайди. Ҳаётни рангин кўра билиш қобилияти сўнади, унда чек-чегарасиз ваҳима кайфияти пайдо бўлади.

NBCA: Сизнингча, ижод ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси қанчалик бир-бирига мувофиқ тушунчалар? Ахир биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қандайдир бир жиддий нарса эканига: унинг санъатда эмас, балки ҳисоботлар, норозилик намойишида акс этишига кўникиб қолганмиз.

Игнатьев: Инсон ҳуқуқларининг сиёсий сабабларга кўра чекланиши Голливуд актёрлари норозилигига сабаб бўлаяпти. Актириса Каролин Аарон ва актёр Рено Вилсон “Юрак фарёди: озодликка сас-садо лозим” деб номланган спектаклда бош ролларни ижро этдилар.

Бу саҳна асари Ўзбекистондаги ҳуқуқ ва эркинликлар бўғилаётганидан баҳс этади. Менимча, бу – ижодкорлар ва ҳуқуқ фаоллари (бу ўринда HRW) бир-бировини қўллашининг энг яхши намунасидир.

Москвада бўлиб ўтган концертида хонанда Мадонна кўз учун тешиклар очилган ниқоб кийиб чиқди ва Россиядаги Pussy Riot панк-гуруҳи қизларининг тез орада озод қилинишларига умид билдирди.

NBCA: Лойиҳангизнинг асосий мақсади нима ва у кимларга мўлжалланган?

Игнатьев: Биз буни қийноққа қарши чиқиш, инсон қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, ўз қарашларини ифода қила олиш ҳуқуқи учун фикр билдиришга тайёр бўлган одамларга мўлжаллаганмиз.

Мақсад эса Марказий Осиёдаги эркин рассомларнинг бугунги вазиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Ҳозирча уларнинг ижодий чекловлар доирасида ишлашларига тўғри келаяпти, улар учун таъқиқланган мавзулар ҳаддан зиёд кўп. Улар ўзларининг асл исмларини яширишларига тўғри келаяпти. Бу минтақадан чиққан рассомлар нима учун Ғарбда сиёсий карикатура, сиёсий плакат, стрит-артни камдан-кам ҳолларда тақдим қилишларини ҳам изоҳлаши мумкин.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусидаги ижодий ишлар ички эркинлик ҳиссини уйғотади. Эркинликнинг намоён бўлиши эса ҳар доим диктатураларни ер билан яксон қилиб келган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

 

Human rights
Frontline Updates
Support local journalists