Каримов бош вазир бўладими?
Каримов бош вазир бўладими?
5 март куни парламентнинг Қонун чиқарувчи палатаси партияларнинг парламентдаги роли, конституцияга киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу қонун президент Каримов ташаббуси билан 2006 йилнинг ноябрида лойиҳалаштирилган эди.
Ушбу қонунга кўра, бундан буён парламентдаги мутлақ кўпчилик ҳамда партия фракциялари, жумладан мухолифат фракциялари ҳам парламентда расман тан олинади. Президент бош вазирни ва вилоят губернаторларини тайинлаш ёки истеъфога чиқаришда парламент тақдим қилган партиялар билан маслаҳатлашади.
Конституциядаги ўзгартиришлар натижасига кўра президентинг асосий ижрочи ҳокимият эканлиги ҳақидаги норма Конституциядан истисно қилинган. Ҳозирда бош вазирлик лавозимининг алоҳида мавжуд бўлишига қарамай, ўз ваколатларига кўра ижрочи ҳокимиятни бошқариб турган ҳақиқий бош вазир ҳам президентнинг ўзи бўлиб қолмоқда. Экспертлар 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган янги қонунларнинг айнан сўнгги жиҳатларига эътибор қаратмоқдалар.
NBCAнинг Тошкентдаги таҳлилчиларидан бирининг тахмин қилишича, президент аста-секинлик билан парламент бошқарувидаги республика тизимига ўтиш билан бирга бош вазирлик лавозимини эгаллаш мақсадида қонунчиликка бундай ўзгартиришлар киритишда ташаббус кўрсатган.
“Каримов бу ташаббуслари натижасида кейинги йилнинг бошиданоқ бош вазирлик лавозимини эгаллаши мумкин. У ҳозирги режимнинг хорижий танқидчилари таъна-маломат қилишларига йўл қўймай, яна давлат бошида туради”, − дея ҳисоблайди эксперт.
Каримов 1989 йилдан буён узлуксиз равишда Ўзбекистонни бошқариб келмоқда ва 2000 йилда сўнгги марта президентликка қайта сайланган. 2002 йилда умумхалқ референдуми ўзбек президентлари етти йилга сайланишлари керак дея овоз бергач, унинг беш йиллик ваколат муддати етти йилга узайтирилган.
Шу йилнинг 22 январида Каримов ўз ваколатини бошлаган ўша етти йиллик муддат ниҳоясига етди. Бу ҳол президент ваколатининг расман ниҳоясига етганлигидан дарак беради. Шу билан бирга амалдаги президентнинг ваколат муддати ниҳоясига етган йилнинг декабр ойидагина президентлик сайловлари ўтказилиши керак, дея ўзбек парламенти 2002 йилда қарор қабул қилган эди.
Навбатдаги президентлик сайлови шу йилнинг декабр ойига белгиланган.
NBCAнинг Ўзбекистон миллий нажот қўмитасидаги манбасининг фикрича, агар ҳозирги президент бош вазирлик курсисини эгалласа, партияларнинг ролини кучайтириш фақат рамзий ишора бўлади, холос.
“Ўзбекистон парламентидаги партиялар аввал ҳам ҳеч нарсани ҳал қилмаганлар, бу янги қонун қабул қилиниганидан сўнг ҳам ҳеч нарсани ҳал қила олмайдилар”, − дейди у.
Ҳозир Ўзбекистонда фаолият юритаётган бешта расмий партия мавжуд. Мухолифат партиялари эса норасмий тарзда фаолият юритмоқдалар.
NBCAнинг Ўзбекистон бўйича экспертларидан бирининг таъкидлашича, янги ўзгартиришдаги қонунга кўра мухолифат фракцияларининг расман тан олинишига қарамай, ҳақиқий мухолифат партиялари мамлакатда расман фаолият юрита олишларига бу қонун ҳеч қандай кафолат бермайди.
“Бу қонун қабул қилинганидан кейин ҳам “чўнтак” парламенти мухолифат партияларининг нафақат кучайиши балки “Эрк” ва “Бирлик” каби мавжуд бўлган мухолифатдаги партияларнинг фаолият юрита олишига ҳам ҳеч қандай кафолат беролмайди. Бу партияларнинг кўп йиллардан бери рўйхатдан ўтишига тўсқинлик қилинмоқда. Ушбу партиялар сайловларда қатнаша олмайдилар ва ўз номзодларини қўя олмайдилар ҳам”, − дейди эксперт.
Мамлакатда фақат ҳукумат партиялари ёки мухолифат ниқобидаги партияларгина яшай олса, бундай қонун фақат Каримов учунгина айни муддао бўлади, − дея қўшимча қилади эксперт.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)