Қирғизистонлик ўзбеклар сайлов олдидан ўйга чўмганлар

Қирғизистонлик ўзбеклар сайлов олдидан ўйга чўмганлар

Ошские узбеки задумались о выборе будущего президента Кыргызстана. (Фото: IWPR)
Ошские узбеки задумались о выборе будущего президента Кыргызстана. (Фото: IWPR)

ўзбек озчилигининг кўплаб вакиллари «кимга овоз бериш керак, умуман овоз бериш учун боришга шартмикан?» деган саволга жавоб излаб, ора йўлда қолдилар. NBCA томонидан сўралган айрим ўзбеклар: «Ўз овозимизни этник хилма-хиллик ғояларини ташувчи номзод учун берган бўлардик», демоқдалар.

Ўзбекистон билан умумий чегара эга бўлган, беш миллион аҳоли яшовчи Қирғизистонда сайловчиларнинг сезиларли қисмини ўзбек жамоати ташкил қилади. Расмий маълумотларга кўра, ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг умумий сони қарийб 800 минг кишига етади ёки улар беш миллионли аҳолининг 15 фоиздан кўпроғини ташкил қиладилар.

Ўзбеклар 2010 йилнинг июнида Қирғизистон жанубида содир бўлган этник зўравонлик чоғида 400 дан зиёд киши ҳалок бўлганини, янада кўпроқ киши тан жароҳати олгани ва мол-мулкидан мосуво бўлганини эсдан чиқарганлари йўқ. Ўш шаҳри, унинг атрофи ва Жалолободда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашув содир бўлган бир неча кун ичида ғазабнок оломон муайян миллат вакилларига тегишли мол-мулкни ёққани ва талаганидан кейин юзлаб уйлар, дўконлар, ресторанлар ва тадбиркорлик нуқталари яксон бўлганди.

Июнь воқеаларидан кейин миллатлараро мулоқот ўрнатиш шиори остида бир йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақт мобайнида суд текширувлари, тартибсизликлар айбдорларини қидириш ва уларни қўлга олиш ҳам бўлди. Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари ноқонуний ҳисбга олишлар ва июнь воқеаларига оид ишлар бўйича айбланаётганларнинг аксарияти этник ўзбеклар экани юзасидан хавотир билдиргандилар. (Бу ҳақда Қирғизистон жанубидаги этник ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши лозим мақоласида ўқинг).

Фожеавий воқеалар аввалгидек жанубий Қирғизистон аҳолиси томонидан муҳокама қилинаётган оғриқли мавзу бўлишига қарамасдан, сайлов кампанияси авжига чиққан бир пайтда айрим ўзбеклар бўлажак президент сайлови ҳақида бош қотира бошладилар.

Бу лавозимда кўпчилик барча миллий озчиликларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши, уларнинг бошқарув органлари ва турмушнинг бошқа соҳаларида вакиллари бўлишини илгари сурувчи одамни кўришни истардилар.

Ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши мониторинги билан шуғулланадиган Ўшдаги «Правосудие - Истина» ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази директори Равшан Гапиров ўзбек озчилигининг бўлажак сайловга қизиқаётгани ва қай бир йўсинда фаоллик кўрсатаётганини қайд этади.

«Ҳозир вазият бироз осойишталашди, бу [сайловолди] ташвиқоти билан боғлиқ, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. - Мендан кўп ўзбеклар: «Сайловга чиқайликми ё чиқмаганимиз маъқулми?» деб сўраяптилар. Уларга нима деб жавоб беришим мумкин? Чунки ўзим ҳам ҳали: «овоз берсамми ё бу сайловга бормай қўя қолсаммикин?» дея тараддудланиб турибман.

Гапировнинг сўзларига кўра, одамлардаги иккиланиш келажакка унча ишончмаслик ва зўравонликнинг қайталаниш эҳтимоли олдидаги ҳадик билан боғлиқдир.

«Биз байналмилал ғояларни ташиган ва қўшни мамлакатлар билан, айниқса Ўзбекистон билан яхши алоқалар ўрната оладиган номзод учун овоз берамиз», - дея қайд этди қўшни мамлакатнинг ёнгинасида жойлашган Қорасув шаҳри бозорида савдо қилувчи Малик Абдураҳмонов. Июнь воқеалари содир бўлгунга қадар бу ерда сотиладиган товарларнинг 80 фоизи Ўзбекистон фуқаролари томонидан харид қилинарди, бу яхшигина даромад келтирарди, ҳозир эса товар айирбошлаш ҳажми кескин тушиб кетган.

Мазкур шаҳардан бўлган бошқа бир ўзбек - Шуҳрат Бакиров президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларини диққат билан ўрганаяпти. У ҳам «миллатчилик ғояларини тарғиб қилмаган» номзодни танлаши мумкин, унинг танишлари ҳам номзодларни айнан шу асосда баҳоламоқдалар.

Ўш шаҳрининг жанубий қисмида жойлашган Турон мавзесида истиқомат қилувчи ўзбек фаоли билвосита Бакиров сўзларини тасдиқлайди ва ўзбек сайловчилари мойиллигини қозониш учун Қирғизистоннинг бўлажак президентидан этник озчиликлар муаммоларини ҳал қилишда «қатъий сиёсий ирода» талаб этилишини айтади.

«Номзодларнинг ҳаммаси ўз чиқишларида фақат «қирғизлар», «қирғиз эли» деб гапираяпти, бирорта номзод ҳали ўз чиқишида «Қирғизистон халқи» ёки «Қирғизистонда яшовчи барча миллатлар» деган гапни айтмади», - дейди у ҳафсаласи пир бўлган ҳолда.

Ўзбеклар номзодлардан бирортасининг на сўзда, на амалда бирдамликни астойдил ёқлаб чиққанини ҳис этаётганлари йўқ, дея қўшимча қилади фаол. Ўзбекларга маълум бир хатти-ҳаракат, масалан, Ўш шаҳри марказида турган ва ўтган йилги тартибсизликлар чоғида шикастланган буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали таъмирининг ниҳоясига етказилиши кифоя қилган бўларди.

Бироқ Ўшдан 54 километр нарида жойлашган ва ўтган йилги этник тартибсизликлар дахл қилмаган Ўзган шаҳрида яшовчи этник ўзбек Саиджалол Каримов ўзганликларнинг кўпчилиги кимни сайлашни ўзлари учун аллақачон белгилаб бўлганларини айтади. Бу шаҳар аҳолисининг 80 фоизини этник ўзбеклар ташкил қилади.

«Шаҳримизга таниқли миллатчилардан бўлган президентликка номзодларнинг бир нечтаси келиб кетди, - дейди Каримов. - Эндиликда улар учрашувларда ўзбеклар ҳам тўлақонли фуқаро эканликларини ва президентликка сайланиб қолган тақдирда, бу номзодлар нафақат титул миллатнинг, балки ўзбекларнинг ҳам долзарб муаммоларини ҳал қилажакларини айтаяптилар».

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Elections
Frontline Updates
Support local journalists