КХШТ ва ЕвроОсИҲ ташкилотларини бирлаштириш ғояси ҳаётга мослашмаган
КХШТ ва ЕвроОсИҲ ташкилотларини бирлаштириш ғояси ҳаётга мослашмаган
Россия президенти Дмитрий Медведев билан 5 июнь куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) норасмий саммити доирасида бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов икки минтақавий тузилма – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини (КХШТ) ва Евро-Осиё Иқтисодий Ҳамжамиятини (ЕвроОсИҲ) бирлаштиришни таклиф этди. У самаралироқ фаолият кўрсата оладиган “қудратли ташкилот” тузиш зарур, дея ҳисобламоқда.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси (КХШ) 1992 йилда иштирокчи давлатларнинг миллий хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги мақсадида имзоланган. Мазкур шартнома асосида КХШТ ҳарбий-сиёсий блоги 2002 йилда тузилган. Блокнинг ҳозирги аъзолари – Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва 2006 йилдан бошлаб Ўзбекистон.
Арманистондан ташқари юқорида санаб ўтилган мамлакатларнинг ҳаммаси 1995 йилда тузилган ЕвроОсИҲ ташкилоти таркибига кирадилар. Мазкур ташкилот иштирокчи мамлакатлар ҳудудида эркин савдо тартибини таъминлаш, Божхона иттифоқини шакллантириш ва Ягона иқтисодий ҳудуд яратиш мақсадида тузилган.
NBCA экспертлари Ўзбекистон раҳбари Каримовнинг икки тузилмаларни бирлаштириш ташаббуси интеграциявий жараёнларни фаоллаштириш истаги билан мутлақо боғлиқ эмас, дея таъкидламоқдалар. Уларга кўра, расмий Тошкент аввали бошидан кўп томонлама муносабатларни истамай ривожлантириб келмган ва кўпроқ анъанавий равишда икки томонлама ҳамкорликка мойил бўлиб келган.
“Таклиф этилган ғоянинг жиддий бир интеграциявий жараёнга айланиб кетишини кутиш гумон, негаки, Каримов таклиф этган ғоялар доим ҳам барқарор бўлиб келмаган. Аввалига у қандайдир иттифоқнинг яратиш бўйича ташаббус билан чиқиши мумкин, эртасига эса у биринчи бўлиб бу ташкилотни тарк этади”, - дея қайд этади ўзбекистонлик сиёсатшунослардан бири.
У Ўзбекистон 1999 йилда “шартнома мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий манфаатларига мос келмагани сабабидан” Коллектив хавфсизлик шартномасидаги иштирокини тўхтатиб қўйганини, аммо етти йил ўтганидан сўнг Ўзбекистон яна КХШТ блогига қайтадан аъзо бўлганини эслатади.
Ўзбекистон 2005 йилда бошқа интеграциявий ташкилот – ГУЎОМни тарк этганди. Бу ташкилотга ўша пайтда Ўзбекистондан ташқари Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова аъзо бўлгандилар.
Тошкентлик бошқа NBCA шарҳловчиси расмий Тошкент ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий блокларнинг бирлаштириш ташаббуси билан чиқа туриб “фақат ташвиқот мақсадида” ҳаракат қилаётганини қайд этади. Негаки сўнгги пайтларда МДҲ, ЕвроОсИҲ ва КХШТ ташкилотлари бўйича ҳамкорлари орасида расмий Тошкентнинг обрўси сезиларли даражада пасайиб кетган.
“Минтақавий ташкилотлар бўйича ҳамкорлар Ўзбекистон мазкур ташкилотлар доирасидаги битимларнинг аксариятини истамай ратификация қилаётганини ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга шошилмаётганини кўрмоқдалар. Негаки, расмий Тошкент минтақавий интеграциянинг эмас, балки ўзининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш илинжида овора, холос”.
Ушбу ташкилотлар доирасидаги мавжуд давлатлараро келишувларга қарамай, Ўзбекистон КХШТга аъзо давлатлар билан қатъий чегара тартибини сақлаб келмоқда, қўшни мамлакатлар билан эркин савдо қилиш учун божхона тўсиқларини бартараф этмаяпти, пул маблағлари, одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминламаяпти.
NBCA томонидан сўровдан ўтказилган бошқа шарҳловчилар Ўзбекистон раҳбарининг бир-биридан фарқ қилувчи икки турли ташкилотни бирлаштириш ташаббуси кўпроқ Каримовнинг “ўзининг лидерлик амбицияларини қондириш ва ҳамманинг назарига тушадиган ҳурматли оқсоқол бўлиш” истагига ўхшаб кетади, дея ҳисобламоқдалар.
“Эҳтимол, Каримов ўзининг ташаббуси қабул қилинган тақдирда янги ташкилотда умумий сиёсатнинг йўналишларини белгилаб берувчи минтақавий лидер имижига эга бўлишга умид қилаётган бўлиши мумкин”, - дея тахмин қилади маҳаллий кузатувчилардан бири.
Бишкек шаҳрида жойлашган “Сиёсат, дин, хавфсизлик” Марказининг директори Ўрўзбек Мўлдалиевга кўра, ҳарбий-сиёсий негизга эга бўлган КХШТ ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган ЕвроОсИҲ ташкилотларининг бирлашиш ташаббуси асосланган концепцияга эга бўлган тақдирда ушбу ғоянинг ҳётга татбиқ этилиши мумкин бўларди, аммо иштирокчи давлатлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажара туриб тенг томонли шартлар асосида ўзаро ҳамкорлик қилишлари эҳтимолдан йироқ бўлган ҳолат, дея кўрсатмоқда.
Мўлдалиевга кўра, давлатларнинг ўзлари ўзаро унчалик яқиндан ҳамкорлик қилишга интилмаяптилар. Эксперт МДҲ ҳудудий тузилмаларида 1600 дан ортиқ келишувлар мавжудлигини ва улардан фақат оз қисми иштирокчи мамлакатлар парламентлари томонидан ратификация қилинганини мисол тариқасида келтирмоқда.
“Яқинда Қозоғистонга бўлиб ўтган ташрифи давомида Каримов президент Назарбаевнинг Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш тўғрисидаги ташаббусига жавобан Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари интеграцияга тайёр эмаслар дея билдирганди”, - дея эслатади Мўлдалиев. – “Шунинг учун ҳам эндиликда унинг қандайдир ташаббунинг кўтариб чиқишига нима сабаб бўлгани тушунарсиз”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).