Қувғиндаги ўзбек уламога суиқасд уюштирилди

Қувғиндаги ўзбек уламога суиқасд уюштирилди

22 февраль куни оммавий ахборот воситалари Швециянинг Стромсунд шаҳрида 54 ёшли имом, Ўзбекистоннинг амалдаги расмийларига мухолиф бўлган диссидентлардан бири Обидхон қори Назаровга нисбатан суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар қилдилар.

Хабар қилинишича, номаълум киши Назаровнинг уйи йўлаги олдида унга қарата бир неча маротаба ўқ узган, имом қичқирганча ёрдамга чақира бошлагач эса, яширинишга улгурган. Кейинроқ полиция яқин атрофдаги бекат ёнида, тахминларга кўра, уламони отган киши томонидан ташлаб юборилган тўппонча овозини пасайтирадиган мосламани топган.

Обидхон қори Назаров ва унинг оиласи 2006 йилдан буён Швецияда қочқинликда яшаб келмоқдалар. Улар Ўзбекистонни 1998 йилиёқ – уламо ва унинг оиласи Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан таъқибга учрагандан сўнг тарк этганлар.

Ўзбекистон расмийлари Назаровнинг мамлакатдаги радикал исломий оқим раҳбари эканини иддао қилиб келади. Расмий Тошкент уни диний-экстремистик ташкилот тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айблаб келади ҳамда мамлакат ҳудудида қатор террорчилик хуружлари ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб ҳисоблайди. Назаровнинг ўзи эса ўзбек расмийларининг барча айбловларини рад қилиб келади.

Назаров исми раҳнамо ва уюштирувчи сифатида тилга олинган энг сўнгги йирик маҳкама 2011 йилда – Қозоғистондан депортация қилинган бир гуруҳ ўзбек қочқинлари жиҳодчиликда айбланиб, 15 йилдан то 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган пайтда бўлиб ўтганди.

Аввалроқ, 2010 йилнинг февраль ойида Тошкент суди конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик ҳамда Назаров топшириғи билан маҳаллий имом Анвар Турсуновга ҳужум уюштирганлик ва Ички ишлар вазирлиги полковниги Ҳасан Асадовни ўлдирганлик айбловлари асосида ўн беш нафар “жиҳодчи”ни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди. (Бу ҳақда “Ўзбекистондаги яширин суд жараёнлари” деб номланган мақолада ўқинг).

Хориждаги ўзбек мухолифати вакиллари расмийлар уламони жисмонан йўқ қилишдан манфаатдор эканлари ва унга нисбатан суиқасд ўзбек махфий хизматларининг иши бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Францияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Назаров ўзбек мухолифатининг энг эътиборли намоёндаларидан бири бўлиб қолаётганини айтади. У ўзбек мухолифатининг дунёвийлик қанотидаги шахслардан кўра анча кўпроқ обрў-эътиборга эгадир, дея қўшимча қилади Раббимов.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Conflict
Frontline Updates
Support local journalists