Марказий Осиё-Афғонистон: инфратузилмавий лойиҳалар ва интеграция истиқболлари

Марказий Осиё-Афғонистон: инфратузилмавий лойиҳалар ва интеграция истиқболлари

Досым Сатпаев, директор Группы оценки рисков в Казахстане. (Фото: Д. Сатпаев)
Досым Сатпаев, директор Группы оценки рисков в Казахстане. (Фото: Д. Сатпаев)

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишлаб ноябрь ойи бошида Истанбулда ўтказилган «Осиё Юрагида хавфсизлик ва ҳамкорлик» халқаро конференциясида Марказий Осиё минтақасининг бу мамлакат билан ҳудудий ҳамкорлиги масаласи, энергия ташувчилар етказиб бериш лойиҳалари, инфратузилмага оид транспорт ва коммуникациявий лойиҳалар, узоқ муддатли иқтисодий ўсишга доир «Янги ипак йўли» дастури муҳокама қилинди.

Минтақадаги етакчи экспертлардан бири, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Хавф-хатарларни баҳолаш гуруҳи директори Дўсим Сатпаев NBCentralAsiaга берган интервьюсида бу каби интеграция истиқболларини, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минтақавий лойиҳаларда иштирок этиш эҳтимоли ва Афғонистонга чегарадош мамлакатлар ўзгараётган ролининг ички сиёсий жараёнларга таъсирини таҳлил қилди.

NBCA: Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистон билан транспорт ва савдо алоқалари ривожланишига кўмаклашишга тайёрми?

Дўсим Сатпаев: Ўзбекистон ҳозирнинг ўзида Афғонистонда, айниқса ўзбекларнинг катта диаспораси яшаётган шимолий ҳудудларда транспортга оид лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистоннинг Афғонистон ичида маданий мулоқот олиб бориш мумкин бўлган муайян хайрихоҳ кучларни шакллантиришга уринаётгани билан боғлиқ. Тошкент томонидан бу каби уринишлар у аввал афғонистонлик дала қўмондони, этник ўзбек генерал Абдул Рашид Дўстумни қўллаган пайтда ҳам амалга оширилганди. Ўзбекистон Афғонистонда ўз таъсир доирасини кенгайтиришдан манфаатдор, зеро, бу унинг ҳаётий манфаатларига мувофиқ келади. Бу ўринда бирламчи ҳаётий манфаат хавфсизлик омилидир. Тошкент Афғонистондан бўлган хавф-хатарни максимал даражада камайтиришни истайди.

Туркманистонга келсак, Ашхобод табиий газ транзитини амалга ошириш мумкин бўлган мамлакат сифатида Афғонистонга жуда қизиқади. Бундай қизиқиш тарихи ўтган асрнинг 90-йилларига бориб тақалади. Ўша пайтда Афғонистон орқали Туркманистондан Покистонга ва ундан у ёғига туркман гази оқадиган қувур ётқизиш лойиҳасини Ашхобод эмас, балки АҚШ илгари сурганди. Америкаликлар лойиҳани амалга оширмоқчи бўлган ширкат - «Юнокл»ни (2005 йилда хитойликлар томонидан сотиб олинган) ҳам аниқлаб қўйгандилар. Бироқ ҳозир Туркманистон Афғонистонда бирор-бир тузукроқ транспорт лойиҳасини амалга ошираётгани йўқ.

Туркманистондан фарқли ўлароқ Тожикистон ва Қирғизистон кўпроқ инфратузилмавий лойиҳаларда иштирок этишга қизиқадилар. Шу муносабат билан Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон ва Покистонга юқори вольтли электр узатиш линиялари қуришни кўзда тутган CASA-1000 лойиҳасини эслаш мумкин.

7 ноябрь куни Санкт-Петербургда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтиб, унда 2012 йилда ШҲТ энергетик клубини барпо қилиш ҳақида таклиф очиқланди. Мажлис доирасида гап Тожикистон ва Қирғизистон электр тармоқларининг Афғонистон ва Покистон томон модернизация қилинишига маблағ ётқизиш зарурлиги ҳақида борди.

Ўзбекистон Афғонистон билан транспорт ва савдо алоқаларининг ривожланишига қаршилик қилиши ҳам мумкин. Бу ерда масала лойиҳалар олиб келадиган фойдадагина эмас, уларнинг хавфсизлигида ҳамдир. Айнан шу хавфсизликка америкаликлар кафолат бера олмаяптилар. Ўзбеклар буни жуда яхши тушунадилар. Яъни Тошкент расмий жиҳатдан Афғонистон билан боғлиқ ва фойда келтириши мумкин бўлган ҳар қандай транспорт лойиҳасини қўллайди, бироқ уларнинг амалга оширилиши кўплаб ёндош омилларга боғлиқдир.

Инфратузилмавий лойиҳаларга шу каби формал қўлловни Туркманистон ҳам кўрсатади. Лойиҳалар амалга оширилса, Афғонистон билан савдо-сотиқ ривожланса - яхши, аксинча бўлса ҳам Ашхобод ҳеч нарса йўқотмайди.

NBCA: Янги Ипак йўли дастури бу йўлда жойлашган барча давлатларнинг иқтисодий ва маданий интеграциясини кўзда тутади. Иқтисодий жиҳатдан ўзига хос хусусиятларга эга бўлган Туркманистон ва Ўзбекистонни бу лойиҳада фаол иштирок этишларига нима жалб қилиши мумкин?

Сатпаев: Бугунги кунда Марказий Осиёда томонларни боғловчи кўприкдан кўра, ёриқлар кўпроқ, шунинг учун ҳам Афғонистон билан эҳтимолий маданий-гуманитар интеграция ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бугунги кунда бунинг устивор масала эмаслиги аниқ. Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистон билан маданий-гуманитар интеграцияга қизиқмайди. Марказий Осиё минтақасида ҳали ягона маданий-гуманитар ҳудуд шаклланиб улгургани йўқ. Афсуски, минтақамиз бир-бирига қарши курашаётган бир қанча гуруҳга бўлинган ва уларни бирлаштириши мумкин бўлган ғоя ҳозирча кўзга ташланмаяпти.

Агар иқтисодий интеграция деганда давлатларнинг дуруст ҳамкорлик атрофида бирлашиши англанса, бунинг ҳам қарийб иложи йўқ. Бу ерда гап Афғонистон билан фақат иқтисодий ҳамкорлик, ўшанда ҳам айрим соҳалардагина ҳамкорлик қилиш ҳақида бориши мумкин. Сабаби Афғонистон иқтисодиёти кўпроқ яширин схемаларга боғлиқ бўлиб қолган ва унда наркотик савдоси анча катта қисмни эгаллайди.

Бизнеси ривожланишидан манфаатдор бўлган афғонистонликларнинг кўпи аллақачон Ғарб мамлакатлари ёки Россияга (айниқса, Россия олийгоҳларини битирган афғонлар) чиқиб кетганлар. Шунинг учун ҳозир ўзбекларга ҳам, туркманларга ҳам Афғонистонда бизнес бўйича ҳамкор топиш қийин.

Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан Россия ва Қозоғистон интеграциялашиш осонроқ. Ўзбеклар учун бу мамлакатлар маъқулроқ, чунки у ерда мувофиқ муҳит бор. Туркманистон эса СССР тарқалиб кетиши билан актив равишда алоқалар йўлга қўйиб келинаётган Туркия билан иқтисодий жиҳатдан интеграциялашишни маъқул кўради.

NBCA: Афғонистондан қўшинлар босқичма-босқич олиб чиқилганидан кейин Туркманистон ва айниқса ҳудудидан НАТО юклари ўтадиган шимолий йўл ўтган Ўзбекистон каби мамлакатларнинг роли ошади. Бу омил, сизнингча, бу мамлакатлардаги ички сиёсий жараёнга қандай таъсир қилади?

Сатпаев: АҚШ Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш муддатини 2014 йилга белгилади. Аммо қўшин олиб чиқишнинг ўзи, менимча, Америка қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилишига ўхшаш тарзда амалга оширилади: аскарлар тўла олиб чиқилмайди ва ҳарбий базалар сақлаб қолинади. Ахир на [президент] Карзай, на унинг вориси америкаликларсиз мустақил равишда иқтидорда қола олмаслиги ҳаммага тушунарли-ку. Афғонистонда экстремистик кайфиятда бўлган кучларнинг ҳокимият тепасига келишидан эса ҳеч ким манфаатдор эмас.

Афғонистондан АҚШ қўшинлари олиб чиқилиши билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг геосиёсий роли ошиши тўғрисидаги мулоҳазаларга қўшиламан. Геосиёсатнинг Тошкент ва Ашхободда ички сиёсий жараёнларга таъсирига келсак, мен бу ерда бевосита алоқадорликни кўрмаяпман. Ўзбекистон ва Туркманистондаги ички сиёсий вазиятнинг ўзгаришига бу мамлакатларда Америка таъсирининг кучайиши қай бир маънода омил бўла олиши мумкин эди. Аммо бу омил ҳал қилувчи омил эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: 2001 йилдан 2005 йилгача Қарши-Хонободда АҚШ ҳарбий базасининг бўлиши Ўзбекистондаги ички сиёсий вазиятга қандай таъсир қилди? Ҳеч қандай. Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам АҚШ билан тиғиз ҳамкорлик қилиши мумкин, аммо улар америкаликларни яқинларига йўлатмайдилар ва масофада туриб ҳамкорлик қилиш тактикасини қўллайдилар.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
   

Law reform
Frontline Updates
Support local journalists