Олий маълумотли бўлиш имконияти ҳамон чекланиб қоляпти
Олий маълумотли бўлиш имконияти ҳамон чекланиб қоляпти
Шу йили ўзбекистонлик 180 нафар талаба ва аспирант Россия олий ўқув юртларида бепул таълим олиш ҳуқуқига эга бўлди. Уларнинг талабалик нафақалари Россия федерал бюджетидан ажратилади.
Охирги ўн йил мобайнида 1000га яқин ўзбекистонлик талабалар Россия ҳукумати томонидан махсус стипендиялар билан таъминланганлар.
Охирги рўйхатларга қараганда Ўзбекистондаги 26 миллионлик аҳолининг 50-60 фоизини 25 ёшга етмаган фуқаролар ташкил қилади.
Мактаб ва лицей битирувчиларининг фақат 10 фоизигина мамлакатда олий маълумотли бўлиш имконига эга.
Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги таълим ҳақи 200 АҚШ доллари билан 5.000 АҚШ доллари орасида тебраниб туради. Ўртача ойлик иш ҳақининг 100 АҚШ доллари эканини эътиборга оладиган бўлсак, аксар ўзбек оилаларида бунга имкон йўқ.
Кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган 80 мингга яқин ўқувчиларнинг таълим ҳақини давлат тўлаётганига қарамасдан NBCA шарҳловчилари, ўзбек ёшлари учун олий ўқув юртларида таълим олиш имкони ҳамон чекланиб қолмоқда, дейдилар.
Ўз номини айтишни истамаган таълим соҳасидаги маҳаллий кузатувчининг айтишига қараганда олий таълимни қўллаб-қувватлаш борасида Россия дастури Ўзбекистон талабаларининг қўли етадиган нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ у моҳиятан олий таълим имкониятини кенгайтира олмайди.
“Гарчи конституцияда ҳаммага олий маълумотли бўлиш ҳуқуқи кафолатланган бўлса-да, Ўзбекистон ёшлари ўзларининг олий маълумотга эга бўлиш ҳуқуқлари борасида ортиқ даражада чекланганлар, - деб қайд қилади кузатувчи. – Олдин турли хил Ғарб ташкилотлари ва фондларининг таълим программалари мавжуд эди. Бироқ ҳукумат уларни ёпиб қўйди ва шу билан ёшларнинг ривожланган давлатларда бепул таълим олиш йўлларини тўсди.”
Тошкентлик ўқитувчи Илҳом Мамасолиев фикрига кўра, Россия олий ўқув юртларида таълим олиш авиация, энергетика ва аграр саноат соҳасидаги мутахассислар оқимини вужудга келтиради. Асосий етишмовчилик айнан шу соҳаларда кузатиляпти.
Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп сонли армияга эга ва у газ манбаларини қазиб олиш билан фаол шуғулланади.
Мамасолиев шуни ҳам қўшимча қиладики, ҳозирда шу соҳалардаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш Ўзбекистон учун жуда оғир.
“Бугунги ўзбек таълими Россия таълимидан жуда орқада қоляпти. Бунинг асосий сабаби олимлар ва педагогларнинг МДҲнинг бошқа мамлакатларига кетиб қолаётганларидир”, - дейди Мамасолиев.
NBCAнинг Тошкентдаги бошқа бир шарҳловчисининг фикрига кўра, Россия билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро дипломларни тан олиш, шунингдек, олий маълумотлиликка етишиш имкониятларини кенгайтириш чоралари ҳақидаги битимнинг йўқлиги кадрлар масаласини яхшилаш эмас, аксинча, бор кадрларнинг чиқиб кетишига хизмат қилади.
Тошкентлик шарҳловчи 90-йиллар бошидаги ҳукуматга қарашли “Умид” фондини мисол қилиб келтиради. Ўшанда кўпчилик талабалар таълим дастурлари тугаганидан кейин АҚШда ҳамда Европа ва Осиё мамлакатларида қолишни афзал кўрганлар.
(NBCA кенг кўламдаги маҳаллий сиёсий шарҳловчиларнинг шарҳлари ва таҳлилларини тақдим этади.)