Тошкент ёнида санитария-эпидемиологик вазият оғирлашиб қолди
Тошкент ёнида санитария-эпидемиологик вазият оғирлашиб қолди
Эллик икки ёшли тўйтепалик Бозорбой Ҳасанов 3 август куни пойтахтнинг №16-чи касалхонасидан шаҳар юқумли касалхонасига олиб кетилаётган пайтда жон таслим этди.
№16-чи шаҳар касалхона маъмуриятида Ҳасановга қўйилган ташхис антракс эканлигини тасдиқлашди.
“Беморни бизга 2 август куни эрталаб олиб келдилар, - дея маълум қилди шифокорлардан бири номини ошкор этмаслик шарти билан. – Таҳлил ўтказган врачларимиз қора куйдирги ташхисини қўйдилар ва 3 август куни беморни 1-чи шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига жўнатиб юбордик. У ерда бизган қўйган ташхисни тасдиқлашлари лозим эди”.
Қора куйдирги – уй чорва ҳайвонларида учрайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, ҳайвон билан бевосита муомала қилган одамга, шунингдек, яйловда зарарланган споралар бўлса ёки гўшт ва гўшт маҳсулотлари орқали юқади.
Беморнинг баданига карбункуллар (бир неча кўзли чипқон) тошади, лимфатик тугунлар ва безлар катталашади ва дард безгак билан давом этади.
Тўйтепа аҳолисига кўра, Бозорбой Ҳасанов сигирининг қора куйдирги билан оғриганини билган ҳолда уни сўйиб гўштини сотмоқчи бўлган.
“Маҳаллий ветеринар олдинроқ сигирга шундай ташхис қўйган эди”, - дейди тўйтепалик одамлардан бири.
Санитария хавфсизлиги қоидасига кўра, касалланган ҳайвоннинг гўшти чуқур қабрга кўмилиши лозим.
“Улар ейишга ярамайдиган сигирнинг ички аъзоларини уй ортидаги ариққа ташлаб юбордилар, - дейди тўйтепалик Анвар. – Бу ариқда одатда болалар чўмилишади, улар ҳам эҳтимол касалликни юқтирган бўлишлари мумкин”.
Ўз исмини айтишни истамаган тўйтепалик бошқа аёлга кўра, бундай совуққонлик оқибатида “йигирмага яқин киши касаллик юқтирган ва уларнинг баъзилари вафот этган”.
“Ким касалланган бўлса, ҳаммаси ҳам бир кўчада яшаганлар”, - деди аёл.
Аммо Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария-эпидемиология департаменти ушбу ахборотни инкор этмоқда ва қора куйдирги касаллигининг авж олиши қайд этилмаган дея билдирмоқда.
Департамент бошлиғининг муовини Бақитжон Маткаримовнинг айтишича, номаълум дарддан ўлган беморнинг ташхиси тасдиқланмаган.
“Бозорбой Ҳасанов қон заҳарланишидан ўлди, қора куйдиргидан эмас”, - дея билдирди у.
Аммо шифокорларга кўра, касаллик айнан сепсис [қон заҳарланиши] билан давом этади, бу эса муқаррар ўлимга олиб келади.
Лекин, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларининг оптимистик кайфиятига қарамай, Тўйтепада санитария-эпидемиология назорати кучайтирилган, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлар эса карантин важидан ёпилган.
Ўзбекистон Давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти маълумотига кўра, қора куйдиргидан вафот этиш ҳолатлари камдан-кам учрайди. Сўнгги пайтларда 2008 йилнинг ўзида икки марта шундай ҳолат қайд этилган, касаллик важидан ўлим даражасининг авжига чиқиши эса 1991 йилга тўғри келган эди. Ўшанда олтмиш кишига яқин одам қора куйдиргидан вафот этган эди.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)