Тошкентда электр энергияси ўчирилиши

Тошкентда электр энергияси ўчирилиши

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда электр энергиясини жойларда галма-галдан ўчириш оммавий ҳолга айланди. Агар қишлоқ жойларда ва вилоятларда электр ва газ таъминотидаги узилишлар тез-тез содир бўлиб турадиган воқеа бўлса, Марказий Осиёдаги углеводородларга бой бўлган мамлакатнинг пойтахти бундай муаммога сўнгги 20 йил ичида биринчи марта дуч келмоқда.

Бу ўтган куз мавсумида мамлакатда кузатилган табиий газ етишмаслиги ортидан содир бўлди. (Ўзбекистон: газ тақчиллиги ижтимоий портлаш хавфини туғдирмоқда)

Пойтахтликлар 2012 йил бошида уларнинг уйлари ва идораларида туйқусдан электр ўчирилиши кунига бир неча бор содир бўлаётганини ва бу 15 дақиқадан бир неча соатгача чўзилаётганини айтмоқдалар.

Расмийлар бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермаяптилар, Тошкент шаҳри туманларидаги электр тармоқлари ходимлари эса норозилар шикоятига жавоб бераркан, муаммо “электр энергиясининг ортиқча сарф бўлиши” ва истеъмол қилинган электр учун пул тўламаётган аҳолининг “миллионлаб сўмлик қарзи” билан боғлиқлигини, бунинг натижасида электр ўчирилаётганини айтмоқдалар.

Бироқ мустақил мутахассислар бунинг сабаби мутлақо бошқа нарсада, деган тахминдалар.

Ҳар йили маҳаллий электр станцияларида 50 миллиард киловатт/соатга яқин электр қуввати ишлаб чиқарилади. Трубиналар учун асосий ёнилғи оз ҳажмда берилаётган табиий газ бўлиб ҳисобланади.

“Биринчи навбатда ўша ёқдан тежаш бўлаяпти, бу эса мамлакат ичида электр ўчирилишида ўз аксини топмоқда”, - дея таъкидлайди исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган тошкентлик иқтисодчи.

Халқаро баҳога мувофиқ, Ўзбекистон йирик углеводород заҳираларига эга бўлган давлатлар ўнлигига киради ва ҳар йили 22 миллиард куб метрдан зиёд газ экспорт қилади.

Мустақил таҳлилчилар баҳосига кўра, газ қазиб олиш ҳажми қисқармоқда, экспорт ҳажми эса ошиб бораяпти, шунинг учун ҳам электр станцияларидаги трубиналарни ишлатадиган газ тежалмоқда.

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев энергетика секторидаги барча бало расмийларнинг экспорт ҳажмини ошириб, пахта экспортидан олинувчи даромаддан кейин иккинчи ўринда турувчи углеводородлар экспортидан яхши даромад олиш истаги билан боғлиқлигини айтади.

2011 йилда, расмий маълумотларга кўра, экспорт моддалари умумий ҳажмда 20 фоизга ошган. Ўзбекнефтегаз Миллий холдинг компанияси маълумотига мувофиқ, 2020 йилгача углеводородлар экспортини учдан бир миқдорда ошириш режаланган.

“Экспорт ҳажми фақат ички ресурсларни қисқартириш ҳисобигагина ошиб боради, - дейди ишонч билан Йўлдошев, - ва ҳозирнинг ўзида биз бунинг дастлабки самарасини кўриб турибмиз”.

Электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газдан фойдаланишни тўртдан бирга қисқартириш ғояси мамлакатда 2008 йилдаёқ қабул қилинган энергетик секторни қайта ташкил этиш бўйича давлат дастурида акс этганди.

Энергетика соҳасини биладиган тошкентлик бошқа бир суҳбатдош электр ва иссиқлик муаммосига ўтган асрнинг 60-70-йилларида ишлаб чиқарилган, кескин ўзгаришларга мослашмаган асбоб-ускуналарнинг эскилиги ҳам таъсир кўрсатаётганини қайд этди.

“Энергетика вазирлигининг ички фармойишига мувофиқ, бутун тармоқ ишдан чиқмаслиги учун аҳолига электр узатиш қисқартирилмоқда”, - деди у.

Электр тармоқларидаги нагрузка қиш пайтида ТЭЦлардан иссиқлик узатиш пасайиши туфайли ошиб кетмоқда, бу ТЭЦларда эса сув газ билан иситилади. Шунинг учун ҳам одамлар электр мосламалари билан уй иситишга мажбурлар.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Economy
Frontline Updates
Support local journalists