Туркманистон ва Ўзбекистон ОИТС га қарши кураш кунини ўтказмоқда
Туркманистон ва Ўзбекистон ОИТС га қарши кураш кунини ўтказмоқда
Бу йил 1 декабрь – Одам иммун танқислиги синдромига (ОИТС) қарши Бутун жаҳон кураш кунида «Ташаббус кўтариб чиқ» деган шиор остида ўтмоқда.
NBCA шарҳловчиларининг айтишларича, Туркманистон ва Ўзбекистонда бу кунда аҳоли ўртасида, айниқса ёшлар муҳити орасида ахборот-маърифат тадбирлари ўтказилмоқда, телевидение ва радио ОИТВ/ОИТС муаммосига бағишланган тематик кўрсатув ва эшиттиришларни бериб келмоқда.
Туркманистон ва Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар кўмаги остида ОИТВ профилактикаси бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда, ихтисослашган вилоят «СПИД» (ОИТС) марказлари ишламоқда. Аммо мазкур давлатлар расмийлари касалланишнинг реал кўламини яшириб келганлари ҳамда касалликни юқтирган беморларнинг аниқ сонини эълон қилмай келгани учун ҳам ОИТВ ёйилишига қарши кураш фаолияти чекланиб қолмоқда.
«Токи, аниқ маълумотлар ошкор этилмас экан, ОИТС билан кураш олиб боришнинг маъноси бўлмайди», - дея қайд этади ашхободлик таҳлилчи.
Шарҳловчининг изоҳлашича, касаллик юқтирганлар ва беморларнинг аниқ сони ҳақидаги маълумотларнинг очилиши соғлиқни сақлаш бўйича йирик жамғармаларга Туркманистон ва Ўзбекистонда ОИТВ ёйилишига қарши курашни бошлашга, доридармон ва тиббий ёрдам олишга, маърифий ишларни кучайтиришга имконият яратиб беради.
«ОИТ вирусининг ёйилишига қарши курашга бепарво муносабатда бўлиш келгуси авлоднинг соғлиғига таҳдид солади», - дея қўшиб қўйди у.
Расмий маълумотларга кўра, Туркманистонда бор-йўғи икки марта ОИТ вирусига чалиниш ҳолати расман қайд этилган. Ҳолбуки, экспертларнинг тахмин қилишларича, банг моддаларини истеъмол қилиш суратининг жадал ўсиши қабатида беморлар ёки касаллик юқтирганлар миқдори минг баробарига кўпроқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам ҳудди шундай вазият юзага келган. NBCA таҳлилчиларига кўра, бу мамлакатда ОИТ вирусининг ёйилиши ва касаллик юқтириш борасидаги реал ҳолат аҳоли сонининг тез суратларда ўсиши туфайли тобора ёмонлашиб бормоқда.
Ўзбекистон расмийлари томонидан Ноябрь ойининг охирида ошкор этилган ахборотга кўра аҳолиси 27 миллион бўлган бу мамлакатда ўн уч минг ОИТ вирусига чалинганлар бор.
Мустақил оммавий ахборот воситалари мамлакат шарқида жойлашган Наманган вилоят касалхонасида қирқ уч нафар ёш боланинг ОИТ вирусига оммавий равишда чалингани ҳақидаги ахборотни ёйганларидан кейин матбуотда кутилмаганда бундай статистика чоп этилди.
Экспертларга кўра, ОИТ вирусига чалинган беморлар ҳақидаги аниқ статистиканинг яширилиши медицина амалиётига салбий таъсир кўрсатади. Негаки, маҳаллий врачлар касалланиш ҳолатларини ошкор этмасликка уриниш йўлида беморлардаги равшан намоён бўлиб турган симптомларини эътиборга олмасликка интиладилар.
«Баъзан ғалати белгиларни кўриб қоламиз беморларда. Булар асосан наркоманлар, аммо биз уларни камдан-кам ҳолатда ОИТ вирусининг мавжудлиги борасида текширувдан ўтказамиз», - дейди туркманистонлик врачлардан бири исмини ошкор этмаслик шарти билан.
Тошкентлик таҳлилчига кўра, беморда ОИТС аниқлаган врач ўша пайтнинг ўзида махсус хизмат ходимларининг назорати остига тушади. Врач мавжуд ахборотни оғзидан гуллаб қўймаслиги учун ҳуфия идоранинг ходимлари уни ортидан синчковлик билан кузатув олиб борадилар.
«Расмийлар ўзлари бошқараётган мамлакатда ОИТС деярли йўқ даражада дея кўрсатишни истайдилар ва шунинг учун ҳам касалланиш борасидаги аҳволни ошкор қилишни хоҳламайдилар», - деди у.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)