UZ доменидаги янги қоидалар сайт эгаларини ташвишга солиб қўйди
UZ доменидаги янги қоидалар сайт эгаларини ташвишга солиб қўйди
Ўзбекистонда давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари 2 июль куни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган ва республика Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган янги “UZ доменида рўйхатдан ўтиш ва домен исмларидан фойдаланишнинг тартиби тўғрисидаги низоми”ни чоп этдилар.
Янги қоидаларга кўра, домен исмини бронь қилиш даври ўттиз кундан етти кунгача қисқарган. Шунингдек, шу чоққача амал қилиб келган бир ой муддатгача бўлган имтиёзли давр бекор қилинган. Олдинлари домен эгаси шу давр ичида унинг амал қилиш муддатини яна бир йилга чўзиши мумкин эди.
Рўйхатдан ўтишнинг янги қоидасига ўтиш 2008 йилнинг 1 сентябрига режалаштирилган.
Илгари, йил ниҳоясига етиши билан доменлар эгаларига қайта рўйхатдан ўтиш учун 30 кун муддат берилар эди. Энди бўлса сайт эгасига бунинг учун олдиндан ҳаракат қилишга тўғри келади. Имтиёзли давр 2005 йилдан бери амал қилиб келган ҳамда Интернет сайтларнинг ривожланиши учун ўзига ҳос рағбат воситаси бўлиб хизмат қилиб келганди.
Расмийларнинг маълумотига кўра, UZ ҳудудидаги фаол доменлар миқдори 2008 йилнинг 1 июль кунига деярли етти минг нафарга етган ва сўнгги пайтда уларнинг сони йилига 18-20 фоизга кўпайиб келмоқда.
NBCA кузатувчиларининг таъкидлашича, рўйхатдан ўтиш чоғида имтиёзларнинг бекор қилиниши, домен исмларининг бронь қилиниши даврининг қисқариши қўшимча бюрократик тўсиқларнинг яралишига олиб келади, сайт эгаларини қўшимча харажатлар қилишга ва Интернет-бизнеси соҳасида коррупция учун янги имкониятлар очади.
NBCA томонидан сўроққа тутилган Интернет соҳасидаги баъзи мутахассислар белгиланган бир ҳафталик муддат давомида сайт эгаси домен исмининг бронь қилинишидан то сайтни ишга киритгунча веб-саҳифанинг дизайни ёки расмий рўйхат ўтказувчига пул ўтказиш масаласида кеч қолиш мумкинлигидан хавотирдалар.
“Иши бароридан келган сайтнинг доменини эгаллашни истовчи нопок кимсалар олдиндан рўйхатдан ўтказувчи билан келишиб оладиларда, ушбу сайт эгаси доменни кечиктиришини ёки янги исм учун вақтида пул тўлашга улгурмай қолишини кутишларини истисно этиб бўлмайди”, - дея тахмин қилади ўзбекистонлик блоггерлардан бири.
Муҳожирликда юрган ўзбекистонлик журналист Алишер Тақсанов расмийлар доменларни “номи қулоққа ёқимли бўлган исмларни сотилиши мумкин бўлган савдо ҳудудига айлантириб қўйишидан” хавотирда.
Тошкентлик веб-саҳифаларидан бирининг администраторига кўра, Интернетда ўз доменларини очишни истаганлар бошқа домен ҳудудларига мурожаат қилиб, бундай муаммолардан қутилиб қолишлари мумкин. Мисол учун, RU ҳудудида рўйхатни чўзиш муддати 30 кунни ташкил этади ҳамда бундан ҳам узоқроқ бўлган бронь қилиш муддатлари мавжуд.
“Бугунги куннинг ўзида маҳаллий ширкат ва ташкилотларининг сайтлари чет элдаги Россия ёки Қозоғистон ҳудудларида ишламоқдалар”, - дейди у.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).