Ўзбек мухолифати қудратли кучга айланишга ҳозир эмас
Ўзбек мухолифати қудратли кучга айланишга ҳозир эмас
Апрель ойи охирида қароргоҳи Туркияда бўлган мухолифатдаги “Эрк” партияси, қароргоҳи Германияда бўлган “Андижон-Адолат ва тикланиш” ҳаракати ва Швейцариядаги “Таянч” ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳини бирлаштирган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” тузилгани ҳақида маълум бўлди.
“Биз режимнинг авторитар табиатига қарши туришга ва истибдодга муносиб жавоб беришга қодир кураш тизимини барпо этишга қарор қилдик”, - дейилади ҳаракатнинг Интернет орқали тарқатилган баёнотида.
“Ўзбекистон халқ ҳаракати” умумхалқ қўлловига таянган мухолифатнинг ягона жабхасини ташкил этишни ўз олдига мақсад қилган. Ҳаракатнинг ташкилий қўмитаси президент Ислом Каримовнинг мавжуд режимига “бўйсунмаслик” акциясини бошлаш тўғрисида ўзбекистонликларга қаратилган чақириқ ёйинлади.
Янги ҳаракатнинг дастури ва платформасини муҳокама қилиш учун Муассислар кенгаши чақирилиб, унинг йиғилиши май ойида Европа давлатларининг бирида бўлиб ўтиши мўлжалланмоқда.
Кўпчилик биладиган “Эрк” ва “Бирлик” каби партиялар тамсил этмиш ўзбек сиёсий мухолифати ҳукумат кучлари 1992 йили Тошкент марказида мухолифат тарафдорлари намойишини ўққа тутгач, мамлакатдан бадарға қилинган эди.
2004 йили диссидентлар гуруҳлари қароргоҳи АҚШда бўлган “Бирдамлик” ва Германиядан қўним топган “Андижон-Адолат ва тикланиш” каби бошқа мухолифат партияларини туздилар. Гарчи уларнинг тарафдорлари мамлакат ичида ҳам бўлса-да, улар кам сонли бўлиб, яширин фаолият олиб борадилар ва расмийлар томонидан қатағон қилинадилар.
NBCA томонидан сўралган таҳлилчилар хориждаги ўзбек мухолифатининг бирлаша олиши ва ўз байроғи остига катта гуруҳларни жалб қила олишига шубҳа билан қарамоқдалар.
Мухолифат орасида ихтилофлар мавжуд, ягона ҳаракат дастури йўқ бўлиб, бунда партиялар платформасига эмас, балки лидерлар шахсига кўпроқ эътибор қаратилади.
“Ўзбек мухолифатининг бирлашуви ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан буён бир-бирига адоватда бўлган “Эрк” ва “Бирлик” партияларининг лидерлари истеъфога кетгач ва улар ўрнига ёш харизматик лидерлар келгачгина амалга ошиши мумкин”, - деб ҳисоблайди Канадада истиқомат қилувчи ўзбек диссиденти Холдор Вулқон.
Бугунги кунда бу икки партия турли мақсад ва вазифаларга эга: Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги “Эрк” партияси радикал сиёсий ислоҳотлар тарафдори бўлса, Абдураҳим Пўлат раҳбарлик қилаётган “Бирлик” босқичма-босқич ислоҳотлар ўтказиш ва расмийлар билан мулоқот олиб бориш тарафдоридир.
Янги мухолифат ҳаракати таркибига кирган “Таянч” ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутов диссидентнинг фикрларига қўшилади. “Икки мухолифат партияси раҳбарлари ўртасидаги давом этаётган ўзаро ихтилоф туфайли ҳаракатнинг таъсис қурултойига, гарчи “Бирлик”нинг бошқа вакиллари таклиф этилган бўлсалар-да, бу партия лидери таклиф этилмади”, дейди Абутов.
Шунингдек, у NBCAга ушбу мақола ёзилаётган пайтда яна бир мухолифат ҳаракати бўлмиш “Бирдамлик” “Ўзбекистон халқ ҳаракати” таклиф этган ҳокимиятни ўзгартириш усулларини қўллаб-қувватламагани учун бирлашиш ҳақидаги ғояни расман рад қилганини маълум қилди.
Ўзбек мухолифатининг мамлакат ичкарисида сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида бирлашиши тўғрисидаги чақириқларга Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи “Эрк” партияси аъзоси ҳам ишончсизлик билдирди. “Партия аъзолари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик йўқ, - деди исми ошкор этилмаслигини сўраган мухолифатчи. – Бошқа партиялар эса сиёсий кураш бўйича реал тажрибага, обрўли ва ҳурматга сазовор лидерларга эга эмаслар”.
Тошкентлик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толипов мухолифатчиларнинг чақириқларини унча ишонарли эмас ва ножиддий, деб билади. Унинг фикрича, фирқачилар Ўзбекистон тўқнаш келаётган муаммоларни чуқур англаб етмаяптилар.
“Улар мурожаатларининг моддалари концептуал нуқтаи назардан етарлича ишлаб чиқилмаган, - дея мулоҳаза билдиради сиёсатшунос, - улар норозиликнинг ҳиссий ифодаси ва декларатив характердаги мақсадлар қоришмасидан кам фарқ қилади”.
Толипов мухолифат чақириқлари кенг оммага етиб борган тақдирда ҳам янги ҳаракатга эргашган “кичкина” гуруҳгина пайдо бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. Аммо амалдаги ҳукумат “мавжуд режимни ҳимоя қилиш” учун етарлича қудратга эга эканлигини ҳам унутмаслик керак.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.