Ўзбек расмийлари ХВЖ тавсияларини эътиборсиз қолдирмоқда

Ўзбек расмийлари ХВЖ тавсияларини эътиборсиз қолдирмоқда

Tashpulat Yoldashev, Uzbek political analyst. (Photo: T Yoldashev)
Tashpulat Yoldashev, Uzbek political analyst. (Photo: T Yoldashev)

Май ойи охирида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон ҳукуматига инфляцияга қарши курашни кучайтириш ва ишончли статистик маълумотларни эълон қила бошлашни тавсия қилганди.

Яқин йиллардаги асосий вазифа, ХВЖ экспертлари фикрича, қатъий солиқ-бюджет сиёсатини сақлаб қолган ҳолда инфляция даражасини 10 фоиздан пастга тушириш бўлиши керак.

ХВЖ Ўзбекистонда инфляция ҳукумат берган маълумотдан анча юқори (13 фоиз атрофида) эканини қайд этади, Ўзбекистон ҳукумати эса, аксинча, унинг даражаси 2012 йилда 7-9 фоиздан ошмаслигини таъкидлаб келмоқда. Аслини олганда, Ўзбекистонда инфляция сўнгги 15 йил мобайнида 30 фоиздан кам бўлган эмас ва у ерда иқтисодий ўсиш кузатилмади.

ХВЖ тавсияларига жавобан Ўзбекистон ҳукумати 28 май куни “ахборот хавфсизлиги даражасини ошириш, ахборотнинг санкцияланмаган равишда олинишидан муҳофазалашни таъминлаш, маълумотлар ташқарига чиқиб кетиши ёки уларнинг бузиб кўрсатилишининг олдини олиш” мақсадида статистик маълумотлар олиниш тартибини кучайтирувчи директива чиқарди. Бу расмийларнинг тавсияларга қулоқ тутмоқчи бўлмагани каби ҳақиқий статистикани ҳам очиқлашни истамаётганидан далолат беради, бироқ улар шаффофлик йўқлиги фақат таназзулни кучайтиришини тушунмаётган бўлмасалар керак.

Ўзбекистоннинг интеграцияланмаган иқтисодиёти хом ашё экспорти ва Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан келаётган пул оқими ҳисобидан ташқи молиявий хатарларга нисбатан бардошлидир. Ҳаққоний давлат статистикасининг йўқлиги, қаттиқ тартибли маъмурий тизим мавжудлиги, яширин иқтисодиёт механизми кенг ёйилгани, миллий валютанинг конвертацияланмаслиги, ялпи ички маҳсулот ҳажмидан ўзиб кетаётган инфляциянинг шиддат билан ўсиб бораётгани тараққиётни оқсоқлатмоқда.

Ўтган йили, маҳаллий иқтисодчилар баҳосига кўра, Ўзбекистонда гиперинфляция кузатилган, ўша пайтда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи анчагина ўсган. АҚШдаги Heritage Foundation халқаро агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодий эркинликлар рейтингида охирги ўринлардан бирини эгаллайди ва “мутлақо эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторига киради.

2012 йил қишида президент Каримов экспорт имкониятлари ва валюта тушумлари камайгани туфайли мамлакатни қийинчиликлар кутаётганини тан олишга мажбур бўлганди. Ваҳоланки, валюта тушумларининг камайиб кетгани сармоядорларнинг ҳеч қанақа кафолат бўлмаган Ўзбекистон иқтисодиётига маблағ ётқизишни истамаётгани билан боғлиқлиги тушунарли. Ахир Oxus Gold, Spentex Toshkent Toytepa, “Вимм-Билль-Данн”, Туркиянинг “Демир” ва “Туркуаз” каби хорижий сармоядорларга нисбатан амалга оширилган рейдерлик хуружлари, қозоғистонлик ва россиялик тадбиркорлар анчагина маблағ ётқизган “”Бекободцемент”нинг олиб қўйилиши, “Zaravshan-Newmont”, InterContinental Hotels Group ва кўплаб бошқа ширкатлар билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистондаги инвестицион иқлимни сезиларли даражада ёмонлаштириб юборди.

Бу фактлар халқаро молиявий институтларни сергак торттириши ва уларни Ўзбекистон режими билан ҳамкорлик масаласига ўйлаброқ ёндошишга, оний иқтисодий ва сиёсий манфаатларни минимумга туширишга мажбур қилиши лозим.

2012 йилгача ХВЖ расмийлар берган барча маълумотларга ишонган ҳолда уларни қабул қилган ва ўз обрў-эътибори билан Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг ҳар йиллик ҳисоботларини тасдиқлаб келган, бу эса мамлакатда иш бошлашга уринган муҳтамал хорижий сармоядорлар ва корчалонлик олами дезориентациясига олиб келди, холос.

ХВЖ ҳозирда статистик маълумотларнинг шаффоф эмаслигини тан олди ва бу, масалан, Ўзбекистонга нисбатан эҳтиёткорона позицияни эгаллаб олган Европа тикланиш ва тараққиёт банки сингари ёндошувларни ўзгартириш вақти келганидан далолат беради.

Маҳаллий экспертлар баҳосига кўра, ўтган тўрт йил мобайнида икки томоннинг иш фаоллиги тўла музлаган, бу ЕТТБнинг ўзбек тадбиркорларига кредит бериш графикасидан очиқдан-очиқ сезилиб турибди. ЕТТБ Ўзбекистонни авторитарлиги, иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишда изчил иш олиб бормаётгани, мамлакатда сўз эркинлигининг йўқлиги ҳамда ҳибсхона ва қамоқхоналарда мунтазам равишда қийноқ қўлланилаётгани учун танқид қилиб келади. Ҳамкорлик ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ишлаб туриши билан чекланмоқда, бу эса корчалонлик нуқтаи назаридан Марказий Осиёнинг йирик мамлакати бўлмиш Ўзбекистон учун нонсенсдир.

Тошпўлат Йўлдошев, АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

  

Economy
Frontline Updates
Support local journalists