Ўзбекистон: Аҳолининг электр энергия учун қарзи ўсаверади

Ўзбекистон: Аҳолининг электр энергия учун қарзи ўсаверади

Saturday, 27 December, 2008
-ҳаво совий бошланиши билан энергия воситаларининг сарфи кўпаймоқда. Бунинг ортидан эса Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги давлатдан қарздор бўлиб қолмоқдалар. Истеъмол қилинган электр энергияси ва иссиқлик учун уларнинг тўлагани пуллари етмаяпти, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Ўзбекистонда парламент газетаси саналмиш «Народное слово» 2008 йил 16 декабрь сонида Ўзбекистон қишлоқ аҳолисининг 70 фоизи электр энергияси учун қарзларини тўлашга қурбилари етмаётганини, мамлакат бўйлаб аҳолининг 56 фоизи коммунал тўловлари учун давлатдан қарздор бўлиб қолганларини маълум қилди.



NBCA шарҳловчилари паламент газетасида келтирилган статистик маълумотни тўғри дея ҳисобламоқдалар ва фуқароларнинг шу аҳволга тушишининг асосий сабабини даромадларнинг пастлиги ва энергия воситаларига нарх-навонинг мунтазам тарзда кўтарилиб бориши билан изоҳламоқдалар.



«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси (ДАК) 2008 йил давомида икки марта тарифларини кўтарди ва айни пайтда бир киловатт электр энергиянинг аҳоли учун нархи 4,3 центни ташкил этади.



Марказий Осиёдаги бошқа қўшни мамлакатларда энергия воситаларининг нархи Ўзбекистонга қараганда анча паст.



Мисол учун, Тожикистонда бир киловат электр энергиянинг нархи 2,03 цент, Қирғизистонда эса 1,7 центга тенг.



NBCA экспертларининг таъкидлашларича, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти электр энергияси учун қарзларини тўлашга қодир эмаслар. Негаки, аҳолининг даромади бунинг учун етарли эмас. БМТ Ривожланиш Дастури (ПРООН) келтирган маълумотларига кўра, аҳолиси 27 миллионга тенг бўлган бу мамлакатнинг 28 фоизга яқин одамлари қашшоқликда яшамоқда.



Мамлакатда минимал иш ҳақи 20 доллар, минимал пенсия миқдори эса 40 АҚШ долларига тенг қилиб белгиланган.



«Одамлар [электр энергияси ва иссиқлик учун] эски қарзларини тўлаб улгурмасдан, уларга янгисини тўлашни таклиф этишади», - дейди энергетиклардан бири.



Ўртача ўзбекистонлик оила ҳар ойда 200 киловатт электр энергияси сарф қилади. Бунинг учун тўққиз долларга яқин пул тўлаш лозим. Аммо истеъмолчиларнинг аксарияти бу миқдордаги пулни тўлашга қодир эмас.



Бундан ташқари, қиш мавсумида аҳолининг аксарият қисми электр иситгич жиҳозларидан фойдаланадилар ва бу ўз навбатида электр энергияси сарфини икки баробарига кўпайтириб юборади.



«Квартира ҳақи ва коммунал хизмат учун тўловлар ҳар ойда ҳамёнимдаги пенсиямнинг деярли ярмини олиб кетади», - дея шикоят қилади ёши улуғ одамлардан бири.



Шарҳловчилар аҳоли тўлов қобилиятининг тобора пасайиб боришини прогноз қилмоқдалар. Уларнинг айтишларича, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти ўзлари истаган ҳолатда ҳам давлат олдидаги қарзларини уза олмайдилар. Шунинг учун ҳам тўловлар олдиндан қўлланиб келган схема бўйича амалга оширилади.



«Ҳар ким қарзини қачон тўлашини ўзи белгилаши керак», - дейди тошкентлик иқтисодчи Комрон Алиев. – «Мисол учун, қишлоқ жойларида, одамлар одатда, истеъмол қилган электр энергияси учун олти ойда бир ёки бир йилда бир қарзларини узадилар».



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists