Ўзбекистон: антиретровирус препаратлари танқислиги

Ўзбекистон: антиретровирус препаратлари танқислиги

Uzbekistan’s main HIV/AIDS centre in Tashkent. (Photo: IWPR)
Uzbekistan’s main HIV/AIDS centre in Tashkent. (Photo: IWPR)

Ўзбекистондаги ОИТВга чалинган ва ОИТС тарқалишига қарши курашаётган кишилар юқори актив антиретровирус препаратларининг етишмаётганидан шикоят қилишмоқда. ОИТВга оид статистиканинг пасайтириб кўрсатилиши касаллар учун антиретровирус дориларининг мамлакатга чекланган миқдорда келтирилишига олиб келди, дея қайд этмоқда шарҳловчилар.

ОИТВга чалинганига 3,5 йил бўлган сирдарёлик суҳбатдош жорий йил бошидан буён бу дардга чалинган ҳар бир киши учун бепул берилиши мўлжалланган дорилар миқдори унга кам берилаётганини айтади. Дорилар чекланишини расмийлар касаллар камайгани боис мамлакатга дори-дармон келтириш ҳам қисқартирилгани билан изоҳлашмоқда.

“Менга, агар мен юқори актив антиретровирус препаратларининг танқислиги масаласини кўтараверсам, касалим ҳақида бутун шаҳар билиши ва ҳамма мени худди моховдек қўли билан кўрсатишини айтиб қўрқитишди”, - дейди суҳбатдош хавотир билан. – Ундан кўра тезроқ ўлиш осонроқ”.

Юқори актив антиретровирус препаратлар – бу доривор препаратлар қоришмаси бўлиб, уларни вақтида ва биргаликда қабул қилиш орқали инсоннинг нормал ҳаёт фаолиятини таъминлаш ва ОИТВ кучайишини ортга суриш мумкин бўлади. Бир беморни даволаш учун мўлжалланган юқори актив антиретровирус препаратларнинг йиллик мажмуаси қиймати 20-25 минг АҚШ долларига етади.

Тошкентдаги нодавлат ташкилот фаоли Ирина Муромова юқори малакали муолажа имкониятининг чекланиши Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТСга чалиниш ҳолатлари камайгани ҳақидаги статистикаси ва баёнотлари туфайли бўлаётганидан қайғуриб гапиради.

“Аслида хасталар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, - дейди Муромова. – Дорилар бўлганида яшаши мумкин бўлган кўп одамлар ўлиб кетаяпти. Уларнинг тақдири давлатни ташвишга солмайди”.

Ўтган йил декабрида ОИТСга қарши кураш республика маркази директори Нурмат Отабеков журналистлар билан учрашув чоғида 2012 йили бу касалликка чалинганлар сони 13 фоизга қисқарганини ва расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 25 мингдан зиёд ОИТВга чалинган киши рўйхатга олинганини билдирганди.

Бироқ БМТнинг ОИТВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури бўлмиш UNAIDS маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ОИТВга чалинганлар сони очиқланган статистикадан камида тўрт маротаба кўпроқ бўлиб, ҳозирда юз минг кишидан ошиб кетган.

“2006 йилдан бошлаб хасталанишнинг ўсиш динамикаси барқарор юқоридир ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари айтаётганларидек, сезиларли камайиш содир бўлаётгани йўқ”, - деди исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган UNAIDSнинг Тошкентдаги бўлими ходими. Унинг тахминича, расмийлар хасталарнинг ҳақиқий сонини “соғлом миллат” шиорини баралла айта олиш ва ОИТВ стерилланмаган тиббий асбоблар туфайли юққани каби ҳолатларни ошкор қилмаслик учун сир тутиб келмоқдалар.

Ҳукумат кўрсатмасига кўра, ОИТВга чалинган одамларни даволаш бепулдир. Улар учун доривор препаратлар пакети текинга берилиши ва аутрич-ходимлар бепул маслаҳат бериши кўзда тутилган.

ОИТСга қарши республика марказининг исми ошкор этилишини истамаган ходими дорилар “чиндан ҳам ҳаммага етмаётганини”, чунки ҳар йили дорилар хасталанишнинг ўсиши ҳисобга олинмаган ҳолда, белгиланган миқдорда сотиб олинаётганини эътироф этди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

 

Uzbekistan
Health
Frontline Updates
Support local journalists