Ўзбекистон: Фуқаролик жамияти янада сифатлироқ ишлашга ўтиши лозим
Танқид қилишда давом этаркан, мамлакат ичкарисида кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйишга ҳаракат қилиш лозим, дейди Ўзбекистоннинг етакчи фуқаролик жамияти фаолларидан бири.
Ўзбекистон: Фуқаролик жамияти янада сифатлироқ ишлашга ўтиши лозим
Танқид қилишда давом этаркан, мамлакат ичкарисида кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйишга ҳаракат қилиш лозим, дейди Ўзбекистоннинг етакчи фуқаролик жамияти фаолларидан бири.
Суҳробжон Исмоилов
Ўзбекистондаги Экспертлик ишчи гуруҳи директори
“Демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатдаги фуқаролик жамиятини шакллантириш концепциялари”ни амалга ошириш бўйича ҳаракат дастурини турмушга татбиқ этиш эски маъмурий cхема бўйича олиб борилмоқда.
Бу ҳужжат президент Ислом Каримов томонидан ўтган йил ноябрида эълон қилинганди. Концепцияда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш алоҳида ажратиб кўрсатилган, бунинг учун қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш режалаштирилган. Бу ҳужжатлар орасида “Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар бор, шунингдек, ноҳукумат нотижорат ташкилотларини миллий дастурларни бажаришда иштирок этишига имкон бериш кўзда тутилган.
Маълумки, бунинг учун президент девони, парламент ва вазирлар маҳкамаси қошида ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, улар ноҳукумат тузилмаларини мазкур дастурда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун жалб қилмоқчилар. Бу қўшма фаолият фақат жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳақ-ҳуқуқлари, иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларини ривожлантириш каби ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнигина ҳал қилишга қаратилган. Демократик ислоҳотларни самарали ҳаракатини таъминловчи ва фуқаролик жамиятини ривожлантирувчи сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари онгли равишда четда қолдирилмоқда. Жараёнга ҳақиқатан мустақил бўлган ноҳукумат ташкилотларини жалб қилиш ҳақида гап ҳам бораётгани йўқ.
Биринчи қарашда Ўзбекистонда, президентнинг нутқидан келиб чиқишича, 5100 ноҳукумат нотижорат ташкилотларидан иборат соғлом фуқаролик сектори мавжуд. Ваҳоланки, мазкур статистиканинг ҳаққонийлиги катта шубҳа туғдиради, чунки бу рўйхатга “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти каби расмийлар томонидан ташкил қилинган ва қўллаб-қувватланадиган ноҳукумат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий бўлимлари ва жойлардаги филиаллари ҳам алоҳида ноҳукумат ташкилоти сифатида киритилган. Бу тузилмаларнинг барчаси ҳукумат томонидан молиялаштирилади ва гарчи улар халқаро донорлардан қўшимча грантлар олаётган бўлса-да, улар ўз иши бўйича Ўзбекистон Ноҳукумат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига ҳисобот беради.
“Чўнтак” ноҳукумат ташкилотлари билан бир қаторда мамлакатда ўзларини хатар остига қўйиб, расмийлар босими остида ишлаётган рўйхатда ўтмаган гуруҳлар ҳам бор. Булар асосан ҳукуматни ҳақ-ҳуқуқларни бузаётгани учун танқид қилувчи ва расман рўйхатдан ўтиш истиқболидан маҳрум ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларидир. Бу мустақил фаоллар давлат дастурлари ва концепциялари муҳокамасига қўйилмайди, шу тариқа улар тантанали равишда эълон қилинган ислоҳотлар хорижида қолмоқда. Мавжуд вазиятда улар овозининг эшитилиш эҳтимоли жуда кам.
Шу важдан ҳам бунақа вазиятда энг оқилона ва эҳтимолки, ягона тўғри иш расмийлар томонидан эълон қилинган дастурларни мониторинг қилиш ва уларнинг амалга оширилиши бўйича танқидий баҳо бериш ҳамда бу ҳақда фуқаролар ва халқаро ҳамжамиятга ахборот бериб туришдир. Таклиф қилинаётган чора яна шунинг учун муҳимки, ҳукумат ҳаракат дастурларида кўзда тутилган тадбирларнинг ижрочилари давлат идоралари бўлиб ҳисобланади ҳамда уларда баҳо ва мониторингнинг аниқ механизми йўқ. Бироқ бунақа вазиятда мазкур вазифани ўзбек фаоллари ўз зиммаларига олишлари мумкин эди.
Фаолроқ гуруҳлар фаолияти таҳлили ҳатто мунтазам босим остида ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш иши билан самарали равишда шуғулланиш мумкинлигини кўрсатди. Экспертлик ишчи гуруҳи, “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаолияти натижалари шундан далолат беради.
Бошқа бир имконият давлат таъсири остида бўлган нотижорат ташкилотлари орасида иттифоқчилар излаш бўлиши мумкин. Бу ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайдиган, анчагина сабр-бардош талаб қиладиган узоқ ва машаққатли жараёндир.
Вазият яхшиланишига таъсир ўтказишга уринаркан, мустақил фуқаролик жамияти фаоллари ўз эътиборининг муайян қисмини ички стейкхолдерларга (манфаатдор томонлар) қаратишлари лозим бўлади. Бу Ўзбекистон аҳолиси, ҳукумат томонидан назорат қилинувчи фуқаролик жамияти сектори ҳамда ўзининг ахлоқий ва профессионал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликнинг бундай шаклига лаббай деб жавоб берувчи давлат идораларидир.
Бундай пайтда Ўзбекистондаги мавжуд аҳволдан норози бўлган ҳамда мустақил гуруҳлар овоза қилаётган танқидга бефарқ бўлмаган одамлар ва амалдорлар кўпчиликни ташкил қилишидан келиб чиқиш керак бўлади.
Менга бу мулоҳазамни “иттифоқчи қидиришга уринишнинг нима кераги бор?” дея танқид қилувчи бўлиши мумкинлигини олдиндан сезиб турибман. Бунинг сабаби оддий: кенгроқ давраларда бизни эшитишлари учун, бу жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилиш ва мамлакатдаги аҳволни яхши томонга ўзгартириш учун зарур. Давлат амалдорларига эса бу ўз юзини сақлаб қолиш учун зарур, чунки вазият охир-оқибат ўзгариши шарт.
Суҳробжон Исмоилов, Ўзбекистондаги Экспертлик ишчи гуруҳи директори.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.