Ўзбекистон: Газ масаласида прагматизм кўпроқ бўлиши лозим
Ўзбекистон: Газ масаласида прагматизм кўпроқ бўлиши лозим
Ўзбекистон 2009 йилда Қирғизистон ва Тожикистонга сотиладиган табиий газнинг нархини ҳар минг куб метр учун 240 доллар даражасига кўтариб қўйди. Расмий Тошкентнинг бу қарорини ёқилғини фақат жаҳон бозори нархларида сотиш истаги билан изоҳлаш мумкин.
Бу қарорнинг қабул қилинишидан аввал узоқ вақт давом этган музокаралар давомида расмий Бишкек ва Душанбе иложи борича «зангори олов»нинг нархини пасайтиришга уриндилар.
Ҳолбуки, 2008 йилда Ўзбекистон қўшни мамлакатларга табиий газнинг ҳар минг куб метрини 145 АҚШ долларга тенг бўлган нархда сотган эди.
Ўзбекистон ҳар йили 60 миллиард куб метрга яқин табиий газ қазиб чиқаради, бундан 17 миллиард куб метри шўролар даврида ётқизилган ягона «Ўрта Осиё-Марказ» газ қувури орқали Россияга, тўрт миллиард куб метри эса Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.
Аммо энди, минтақадаги энг ночор саналган мамлакатлар – Қирғизистон ва Тожикистон ўзларининг тўлов қобилияти пастлиги важидан табиий газ импортининг ҳажмини қисқартиришни бошладилар. Ҳолбуки, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу мамлакатлардан ҳар бирининг бир миллиард куб метрга тенг бўлган ҳажмдаги табиий газга эҳтиёжи бор.
Мисол учун, Тожикистон 2008 йилда 950 миллион куб метр ёқилғи сотиб олаётган эди. Аммо бу йил сотиб олинадиган газ миқдорини 550 миллион куб метргача камайтирди. Қирғизистон ҳам бу йилги табиий газ импортини деярли 100 миллион куб метрга қисқартирди ва 2009 йилда фақат 650 миллион куб метр Ўзбекистон газини сотиб олади, холос.
Ўзбекистон гази импортининг мажбурий равишда қисқариши қабатида Тожикистон иқтисодиёти ва аҳолиси углеводородлар тақчиллигини янада ўткирроқ ҳис этадиган бўлдилар, Қирғизистонда эса ёқилғи етишмаслиги важидан баъзи саноат корхоналари ёпила бошлади.
Шарҳловчилар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида юзага келадиган энергетик масалалар кўпинча турли баҳсли муаммоларни ҳал қилишда сиёсий босим воситаси ролини ўйнашини эслатмоқдалар. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё мамлакатларида қиш бошланиши билан юзага келадиган газ муаммолари ёзда, экин далаларини суғориш мавсуми келиши билан яна давом этиши деярли одатий ҳолга айланган.
Марказий Осиё сув ресурсларининг деярли 80 фоизи баланд тоғли республикалар – Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида шаклланади. Бу мамлакатлар дарёлардаги сув оқимини тартибга солиш ва сув омборларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олганлар, дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа қўшни мамлакатлар эса сув ресурсларининг истеъмолчилари саналади.
Қурғоқчилик, кам сувлик билан боғлиқ суғориш сувларининг тақчиллиги Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир этади. Бу ҳол унинг қишлоқ хўжалигига бевосита зарар етказади.
NBCA экспертларига кўра, Ўзбекистоннинг сув ресурсларига эҳтиёжи борган сари кўпайиб бормоқда, шунинг учун ҳам расмий Тошкент Қирғизистон ва Тожикистонга сотиладиган табиий газ учун нарх белгилашда энергетик жиҳатдан ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, ақл билан иш тутмоғи лозим.
«[Ўзбекистон расмийлари] газ нархи борасида қўшнилари билан очиқдан-очиқ қарама-қаршиликка бормасликлари керак. Чунки, шундай қилинса, суғориш суви таъминотида туғилиши муҳталам бўлган муаммоларнинг олдини олишга имконият пайдо бўлади», - дейди тошкентлик иқтисодчи Комрон Алиев.
Ўзбекистонлик шарҳловчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон 2000-чи йилгача табиий газ ва сув етказиб бериш ўзаро манфаатлар ҳисобга олинган келишувларга асосан амалга ошириб келинганига ишора қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам бу масалага қайтишга ҳозир ҳам кеч эмас ва икки мамлакат ҳукуматлари бу борада келишиб олсалар бўлар эди.
«Сув ва энергетика масалалари бўйича икки мамлакатнинг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, Тошкент бизга газни арзонроқ сотса ҳам бўларди. Бунинг эвазига Ўзбекистон сув бўйича шартномаларда енгилликлар олиши мумкин эди. Аммо қирғизистонлик музокарачилар Ўзбекистон томони билан ёмон ишладилар», - дея қайд этади Қирғизистон Нефть трейдерлари ассоциациясининг раиси, собиқ бош вазир ўринбосари Базарбай Мамбетов.
Тошкентда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин ҳам унинг фикрига қўшилмоқда. У ўзаро битта энергетик тугун билан боғланган икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг “муҳимлигига” ишора қилмоқда. Акс ҳолда ўзаро тўқнашувларнинг келиб чиқиши ҳеч гап эмас.
«Ўзбекистон минтақада ҳамма нарса ўзаро боғлиқ эканлигини аниқ ва равшан тушуниб олиши лозим», - дея таъкидлайди таҳлилчи. «Ўзбекистон расмийлари газ нархини ўйламасдан ошираверишлари, бунинг ортидан эса қўшнилари индамай бунга чидашларига умид қилишлари мумкин эмас. Бизнинг ўжарлигимиз ўзимизга муаммо бўлиб қайтиши мумкин».
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)