Ўзбекистон: Интернет "бузғунчи куч" ўлароқ эътироф этилди

Ўзбекистон: Интернет "бузғунчи куч" ўлароқ эътироф этилди

Июль ойида бўлиб ўтган махсус мажлисда Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари жаҳон ўргамчак тўридаги “бузғунчи кучлар” билан курашиш зарурлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари бўйича қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев сўзларига кўра, бу Ўзбекистонга қарши “ахборот уруши олиб борилаётгани” билан боғлиқдир.

“Интернет бизнинг давлат, ҳукумат ва ҳаттоки президентга қарши провокацион маълумотлар билан тўлиб кетган, - дейди аччиқланиб депутат. – Булар бизнинг ютуқларимизни қоралаётган деструктив кучлар, провокаторлардир. Уларга қарши режа асосида кураш олиб борилиши керак”.

Депутат бу “кураш” тафсилотларига аниқлик киритгани йўқ.

Аввалроқ, июнь ойида оммавий ахборот воситалари ходимларини касбий байрами билан қутлаган Ислом Каримов ўз табригида бузғунчи кучлар ёшларни адаштириб, жаҳон ўргамчак тўридан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланишга уринаётганини “мутлақо” эътибордан қочирмасликка чақирганди.

Расмийлар гап айнан қандай ахборот ҳақида кетаётгани ва ўша “деструктив кучлар” айнан ким эканини айтмаяптилар. Аммо NBCA томонидан сўралган шарҳловчилар бунда тармоқда ўз ресурсига эга бўлган, электрон почта орқали оммага маълумот ёйинлаб турадиган мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда ижтимоий тармоқлар нишонга олинганини тахмин қилмоқдалар.

“Махфий хизматларни асосан Facebook ва Twitter ташвишлантирмоқда, - дейди Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик мустақил журналист Юсуф Расулов, - ва айнан шу икки майдон пировардида мамлакат учун стратегик хавф-хатар ўлароқ эътироф этилиш эҳтимоли катта”.

Жорий йилнинг февраль ойида араб дунёсида содир бўлган инқилобларнинг интернетда фаол муҳокама қилиниши расмийларни қаттиқ ғижиртирди. Инқилобий ғоялар экспортидан чўчиган расмийлар Ўзбекистонда машҳур бўлган Arbuz.com форуми иштирокчилари гуруҳини ҳибсга олдилар, Facebook, Twitter ҳамда Ўзбекистондаги вазият бўйича ахборот-таҳлилий материалларни чоп қилиб келган ва шу пайтгача мамлакат ичида очилаётган ягона веб-ресурс - Уруш ва тинчликни ёритиш Институти сайтига тўсиқ қўйдилар . (Бу ҳақда “Ўзбекистондаги кибер цензура” дея номланган мақолада ўқинг”).

Расмийлардаги безовталик май ойида хориждаги мухолифат ёрдамида амалдаги режимга бўйсинмаслик акцияси тайёрланаётгани тўғрисида Интернетда маълумот пайдо бўлганидан сўнг кучайди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: хориждаги мухолифатнинг таъсис қурултойи” дея номланган мақолада ўқинг). Ўшанда, мавжуд назоратга қарамай, эҳтимолий норозилик чиқишлари тўғрисидаги хабарлар мамлакат ичида тез тарқалиб кетди. Маҳаллий юзерлар аноним прокси-сервер ва бошқа замонавий дастурларни қўллаш орқали блокировкани четлаб ўтишни ўрганганлар, бу эса уларга ҳеч бўлмаганда қисман мустақил ахборот олиш ва форумларда ўз фикрларини қолдириш имконини беради.

“Интернет, моҳиятан, ўзаро мулоқот ва репрессив мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳукуматга таъсир ўтказиш бўйича мавжуд бўлмаган ҳуқуқий механизмларнинг ўрнини босди, - дея таъкидлайди Туркманистон фуқаролик демократик кенгашининг раиси ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги эксперт Вячеслав Мамедов. У мисол сифатида ўз фуқаролик позициясини кўрсатган ва туркман расмийларига Ободондаги фожиани яширишга имкон бермаган туркман блоггерларининг қатъиятини келтирди. (Бу ҳақда “Туркманистондаги портлашлар: интернет-фойдаланувчилар расмийлардан олдинроқ отни қамчиладилар” (Взрывы в Туркменистане: интернет-пользователи опередили власти) дея номланган мақолада ўқинг).
“Бу интернет-аудиториянинг имкониятлари юзасидан умид уйғотади”, - дея қўшимча қилади Мамедов.

28 миллион киши истиқомат қиладиган Ўзбекистонда аҳолининг чорак қисми жаҳон тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.

Кибер-цензура расмийларнинг ўзгача фикрловчиларга қарши курашиш унсурларидан бири бўлиб ҳисобланади. Вазирлар маҳкамасининг 1999 йилги махсус қарорига мувофиқ, глобал тармоққа уланиш ҳозирда Миллий хавфсизлик хизматига бўйсинган ҳолда ишлаётган монополиячи провайдер UzPAC томонидан қайд этиб борилади.

“Назорат IP-адресларни текшириш, электрон почта паролларини бузиш орқали ҳамда барча конфиденциал маълумотни махфий хизматларга етказиб берадиган провайдерлар орқали амалга оширилади”, - дейди тошкентлик блоггер.

Ўзбекистонда маън қилинган ўнлаб сайтлар сирасига BBC, RFE/RL (Озодлик), Voice of America (Америка овози), Eurasianet.org, Ferghana.ru, Uznews, Memo.ru, Ng.ru, Deutsche Welle каби минтақавий ва ғарбга оид сайтлар ҳамда воқеа юзасидан муштарийларга расмий Тошкентдан мустақил бўлган нуқтаи назарни таклиф этувчи бошқа оммавий ахборот воситалари киради.

Блоггер ҳозирда махфий хизматлар назорат усулларидан янада кенгроқ фойдаланиши мумкинлиги юзасидан ўз хавотирини билдиради.

Унинг фикрига Тошкентдаги медиа-шарҳловчи ҳам қўшилади. У “ишониб бўлмайдиган фуқаролар”дан жаҳли чиққан расмийлар уларнинг жаҳон тармоғига кириш имкониятини чеклаб қўйишлари мумкинлигини айтади.

“Махфий хизматлар жўн йўл тутишади, - дея тушкун оҳангда қайд этади шарҳловчи. – Улар, аввал ҳам бир неча бор қилганларидек, таъмирлаш ишлари баҳонасида интернет-кабелни узиб қўя қолишади. Аммо эндиликда улар кабелни анча узоқ муддатга узиб қўядилар”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Media
Frontline Updates
Support local journalists