Ўзбекистон: исломий тўйлар назорат остида

Ўзбекистон: исломий тўйлар назорат остида

4 июль куни Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи “Исломий тўйлар оммалашиб бораяпти, бу расмийларнинг асабини бузмоқда” деган ҳисоботни ёйинлади, унда мамлакатнинг кўп ҳудудларида ёшлар дунёвий тўйлардан кўра кўпроқ исломий тўйларни афзал кўраётганлари айтилган.

Исломий тўйлар ичкиликсиз, ҳофиз ва машшоқларсиз ўтказилади, таклиф қилинган эркак ва аёллар эса тўйхонада алоҳида-алоҳида ўтқазилади.

Бундан тўйларнинг кўпи, ҳуқуқ фаолларининг сўзларига кўра, Россия ва Қозоғистонда ишлаб, уйларига қайтган ёш меҳнат муҳожирлари орасида кузатилаяпти. Шарҳловчилар буни мазкур мамлакатларда ўзбек мардикорлари масжидларга қатнагани ва ўз ватанларида бўлганидан кўра кўпроқ диний эркинликларга эга бўлгани билан боғламоқдалар.

Тўй ўтиши биланоқ бундай ёш келин-куёвлар уйларига маҳаллий махфий хизмат ва милиция вакиллари ташриф буюрмоқдалар.

“Улар ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, нима учун бу оила мусулмон урф-одатларига амал қилган ҳолда тўй ўтказганини аниқлашга ҳаракат қилаяпти, баъзан эса уларни тушунтириш хати ёзишга мажбурлашаяпти”, - дейди Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

28 миллиондан зиёд одам яшаган Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи Ислом динига эътиқод қилади. Аммо мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид кўплаб жабҳалар, шу жумладан, диний эркинликлар ҳам қаттиқ босим остида бўлиб, диндорлар устидан назорат сусайгани йўқ, улар таъқиб қилиниб, қамоққа ташланмоқдалар.

Мусулмонларни таъқиб қилиш бундан 20 йил аввал, расмийлар исломий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олиш баҳонаси остида диндорларга бўлган босимни кучайтирганидан сўнг бошланганди.

Расмийлар мунтазам равишда мусулмонларга босим ўтказишнинг янги шаклларини ўйлаб топаяптилар. Бу мактабларда ўқиётган диндор оилалар фарзандларини кучли эътибор остида ушлаб туриш, исломий кийимларни сотиш ва кийишни назорат қилиш, муқаддас Рамазон ойи ва диний байрамлар нишонланаётган кунларда масжидга қатнаётган диндорларни кузатиб боришдир.

Муқаддас Рамазон ойи тугаши билан (изоҳ - август ойи охирларида) исломий тўй қилишни режалаштираётган тошкентлик 27 ёшли Азиз ўзи яшаётган маҳалла фаоллари маросимларни мусулмон урф-одатлари бўйича ўтказаётган ёш йигитлар рўйхатини тузаётганидан хавотирда.

“Бу рўйхатлар қаерга олиб бориб берилади ва ундан сўнг таъқиблар бошланмайдими?” - дейди Азиз норози оҳангда.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича қўмитанинг исмини айтишни истамаган мулозими маҳалла қўмиталари исломий тўйлар бўлиб ўтган оилаларда профилактик суҳбатлар ўтказилганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, бу “[таъқиқланган] “Ҳизб-ут-Таҳрир” оқими аъзолари тўй деб ҳам атаб бўлмайдиган маросимлар ўтказа бошлаганлари билан” боғлиқ”.

“У ерда аёллар қоп-қора кийимга бурканиб олиб, мусиқа ҳам йўқ, рақс ҳам йўқ, фақат даъват қиладилар, яъни қанақадир мажлисга ўхшаган маросим ўтказадилар, - деди мулозим. – Маҳалла бўлса, бу оилада тўй бўлдими ё азами – билмайди ҳам. Шунинг учун бундай оилаларга нормал тўй ўтказиш кераклиги тушунтирилаяпти”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

   

Human rights
Frontline Updates
Support local journalists