Ўзбекистон: қочоқлар мажбуран Қирғизистонга қайтарилаётганлари ҳақида маълум қилмоқдалар

Ўзбекистон: қочоқлар мажбуран Қирғизистонга қайтарилаётганлари ҳақида маълум қилмоқдалар

The Uzbek authorities laid on buses like this one to bring people to the safety of refugee camps. Now they are reportedly shipping them back to Kyrgyzstan. (Photo: IWPR)
The Uzbek authorities laid on buses like this one to bring people to the safety of refugee camps. Now they are reportedly shipping them back to Kyrgyzstan. (Photo: IWPR)

Қирғизистоннинг Жалолобод областидан Ўзбекистонга келган баъзи қочоқларнинг айтишича, улар ўз хавфсизлиги борасида хавотир олаётганлари боис, ҳозирча Қирғизистонга қайтишга тайёр эмаслар. Қирғизистонлик расмийлар қочоқларнинг ўз юртларига ихтиёрий равишда қайтаётганларини маълум қилганлари билан қочоқларнинг ўзлари айтишича, Ўзбекистон расмийлари уларни мамлакатни тарк этишга мажбурламоқдалар.

Қирғизистон Давалат чегараси хизмати раисининг муовини Чўлпонбек Турусбеков шундай деб айтди: “21 июнь кунидан бошлаб Қирғизистонга 4419 киши қайтган. Қирғизистонга жами 35 минг киши қайтиб келди. Менимча, бу Қирғизистонда вазият барқарорлаша бошланаётгани ҳақида далил бўлади ва мен 24-25 июнь кунлари қолган 40 минг киши ҳам қайтиб келади деб ўйлайман”.

Мақола ёзилаётган пайтда Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Пахтаобод туманида жойлашган кўчирилган шахслар учун лагерда бўлган бозорқўрғонлик ўзбек қочоқлари етакчиси Ботир Қорабаев телефон орқали ўзбек аёлларининг болалари билан бирга Бозорқўрғон туманидаги қишлоқларга мажбуран қайтарилаётгани тўғрисидаги фактларни маълум қилди.

“Лагерь ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари кеча тундан бошлаб қочоқларнинг ихтиёрига қарши ўлароқ автобусларга ўтқаза бошладилар, - деди у IWPR билан суҳбатда. – Улар [расмийлар] Жалолободда вазият тинчиб қолгани туфайли маҳаллий раҳбарлар қочоқларнинг қайтиши борасида Жалолобод области губернатори билан келишиб олган дея баҳона қилдилар. Бироқ биз сўзларга ишонмаяпмиз ва у ерда қуролланган босқинчилар ҳозир ҳам бошбошдоқлик қилиб юрибдилар деб ҳисоблаймиз”.

Қорабаев тақдим этган маълумотга кўра, бир кеча-кундуз ичида олти юз нафар аёл болалари билан лагердан олиб чиқилди.

Бозорқўрғон районидан келган қочоқ аёл Гулчеҳра ушбу мақола ёзилаётган пайтда лагерда яшриниб олган эди. News Briefing Central Asia билан суҳбат давомида у ҳам одамларни лагердан олиб чиқиш бўйича акция “мажбуран ўтказилганини” айтмоқда.

“Ўзбекистон томони уларни ўз ихтиёрлари билан уйларига қайтаяпмиз деган мазмунда тушунтириш хатлари ёзишга мажбур қилди. Мен уйга қайтишдан қўрқаман, у ерда бизни барибир тинч қўймайдилар”, дейди аёл.

Жалолобод области ҳокимлигида қочоқларнинг мамлакатга мажбуран қайтарилгани ҳақидаги фактларни инкор этдилар. Мутасаддиларнинг айтишича, Қирғизистон расмийлари қочоқлар учун барча шарт-шароитларни яратиб қўйганлари боис, улар ўзларининг туғилиб ўсган уйларига қайтаяптилар.

Жалолобод области губернатори Бектур Асанов 22 июнь куни Андижон вилояти ҳокими билан учрашди ҳамда қочоқлар лагеридаги вазият билан танишиб, уларни ватанларига қайтишга чақирди. Губернатор қочоқларга вақтинчалик бошпана беришга ҳамдауларг янги уйлар қурилишида ёрдам кўрсатишга ваъда қилган эди. Негаки, кўпчилик ўзбекларнинг уйлари ёндириб кул бўлганди.

“Губернатор билан бирга ихтиёрий равишда бир минг икки юз олтмиш тўққиз киши Сузоқ ва Бозорқўрғон районига қайтиб кетдилар, - деди губернаторнинг матбуот котиби Клара Тапкеева NBCA билан суҳбат давомида. – Ҳеч ким ҳеч кимни зўрлик билан қайтармаган. Одамлар истамасалар эди, уларни ким ҳам мажбур қила олади?”

Шунингдек, Тапкеева 23 июнь куни Бозорқўрғон районида қирғизлар ва ўзбеклар иштирокида ярашув акцияси бўлиб ўтгани ҳақида сўзлаб берди.

Жалолобод области ҳокимлиги расмий маълумотига кўра, тўқнашувлар давомида қочоқлар лагери жойлашган буфер зонасига кўчирилган этник ўзбекларнинг сони қирқ минг кишини ташкил этган. Ўзбек қочоқларининг кузатувларига кўра, айни пайтда қочоқлар лагерида ўн олти минг киши яшаб келаяпти, чегаранинг у томонида, Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон ҳудудига ўтмоқчи бўлган саккиз минг киши тўпланиб турибди. Бироқ Ўзбекистоннинг барча чегара постлари ёпиб қўйилган.

“Агар у ёқда ҳамма нарса тинч бўлганида, одамлар хавфсиз зонага ўтишга интилган бўлармиди?” – дейди Қорабаев.

Ушбу мақола IWPR Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институтининг National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.


Frontline Updates
Support local journalists