Ўзбекистон корейс инвестицияларига умид қилмоқда
Ўзбекистон корейс инвестицияларига умид қилмоқда
Президент Ислом Каримовнинг 10-12 февраль кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи давомида йирик Сургил кони базасида Устюрт газ-кимё комплексини қуриш ва табиий газ захираларини ўзлаштириш тўғрисидаги инвестициявий битим имзоланган эди.
Лойиҳанинг қиймати уч ярим миллиард АҚШ доллардан кўпроқ.
Мамлакатнинг шимоли-ғарбида қисмида жойлашган Устюрт нефтегаз ҳудуди Ўзбекистондаги энг йирик саналади – бу ерда ўн олтита газ конлари борлиги аниқланган. Бироқ уларни ўзлаштириш ишлари аста-секинлик билан боряпти.
Газкимё комплекси лойиҳа қувватига чиқиши билан углеводородларнинг бир қисмидан полипропилен ва полиэтилен ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар кимё саноатида кенг қўлланилиб, асосан Россия ва Эронга экспорт қилинади.
Иқтисодий таҳлилчиларнинг айтишича, Устюрт газкимё комплексини ишга қўйиш ортидан Ўзбекистон энг яқин икки-уч йил ичида хом углеводород экспорти ҳажмини қисқартиришга ва тайёр маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш имкониятига эга бўлади. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши иқтисодий жиҳатдан фойдали эканлиги очиқ-ойдин ва системали кризисдан жабрланаётган мамлакат иқтисодиётига анча кўмак бўлади.
“[Расмийлар] газни дастлабки қайта ишлашни ва ташқи бозорга юқори қўшимча қийматли товар етказиб беришни йўлга қўймоқчилар”, - дея қайд этади тошкентлик мустақил иқтисодчи Виктор Ивонин.
Ўзбекистон-Корея инвестициявий битим ғояси 2008 йилда пайдо бўлган эди. Ўшанда Ўзбекнефтегаз Миллий холдинг компанияси ва корейс консорциуми тенг томонлилик асосда UzKorGasChemical қўшма корхонасини тузган эдилар, бироқ ҳужжатни имзолаш ва лойиҳани амалга оширишни бошлаш турли сабабларга кўра кейинга қолдириб келинган эди.
“Ўтган йил октябрь ойининг бошланишида консорциум иштирокчиларидан бири газкимё комплекси 2012 йилда эмас, балки 2014 йилда ишга киритилади дея маълум қилган эди, - дея эслайди номи ошкор бўлишини истамаган Ўзбекистон нефть ва газ саноатида ишлайдиган мутахассис. – Лойиҳанинг икки баробаридан зиёдга қимматлашуви ишга киритиш муддатини узайтиришда асосий дастак бўлиб қолди”.
Устюрт газкимё комплекси қурилиши лойиҳаси аввалига бир миллиард саккиз юз эллик миллион долларга баҳоланган эди. Кейин унинг қиймати бир неча бор кўтарилган. Ўзбекистон президентининг Кореяга ҳозирги ташрифи давомида лойиҳани уч ярим миллиард доллардан зиёд қийматга баҳоладилар.
“Ушбу баҳо охиргиси деб айтишга ҳеч қандай кафолат йўқ”, - дея тахмин қилади мутахассис.
Лойиҳа қийматининг қайта кўриб чиқилишининг асл сабаблари номаълум, бироқ NBCA таҳлилчиларининг айтишича, қурилиш сметасини қайта ҳисоблаш қайта ишлаб чиқарилиши тахмин қилинаётган углеводородлар ҳажми борасидаги маълумотларнинг аниқ эмаслиги – Сургил конидаги табиий газ захиралари қанчалиги аниқланмагани билан боғлиқ.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)