Ўзбекистон: милиция тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан ишончсизлик
Ўзбекистон: милиция тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан ишончсизлик
Янги қонун ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солишга қаратилган, бироқ бу милиция ишидаги бошбошдоқликка чек қўя оладими?
Ноябрь ойи охирида маҳаллий оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳукумати кўриб чиқиши учун «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилганини хабар қилдилар.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган хабарга мувофиқ, қонунда илк бор милиция ходимлари томонидан жисмоний куч, ўқотар қурол ва махсус воситалардан фойдаланиш тартиби ҳамда милиция ходимлари ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб берилган.
Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таъминот бошқармаси томонидан уюштирилган давра суҳбатида сўзга чиққанлар бугунги кунда «қонунчилик миқёсида жисмоний куч, ўқотар қурол ва махсус воситаларни қўллаш тартиби ва шарт-шароити белгилаб берилмагани, бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига дахл қилиши ҳамда уларнинг бузилиши ва суиистеъмолга сабаб бўлиши мумкинлиги»ни қайд этдилар.
«Янги қонун жамиятнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари устидан назоратини кучайтиради, - дея изоҳ берди Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раисаси Светлана Ортиқова. – Ахир янги ёндошувларга жамият эҳтиёжи ортиб бормоқда».
Шу пайтгача Ўзбекистонда бундай қонун бўлмаган, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти эса йўриқномалар ва ўтган асрнинг 90-йилларида қабул қилинган «Милиция ходимлари тўғрисида»ги махсус низом билан тартибга солинади. Мазкур ҳужжатларнинг матни жамоатчиликка ошкор этилмаган ва ҳеч қачон матбуотда эълон қилинмаган.
Ҳуқуқ фаоллари сўзларига кўра, бу каби амалиёт милиционерларнинг кўнгиллари тусаган ишни қилишга рағбатлантиради ва оммавий суиистеъмолга сабаб бўлади.
«Милиционерлар хизмат чоғида уларнинг масъулият даражасини белгиловчи қонун бўлмагани учун истаган ишларини қилишлари мумкинлигини очиқ айтадилар», - дейди тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Хусаинов.
Рўйхатга олинмаган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева бугунги кунда милиция устидан жамият назоратининг реал механизми йўқлиги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ижтимоий иерархияда ўзларини имтиёзли одамлардай ҳис қилишларига олиб келгани ҳақида гапиради.
«Шаҳарлар бўйлаб мудом милиционерлар кезиб юради, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, ёшлар орасида эса органда ишлаш одамлар устидан мутлақ ҳукмронликка эга бўлиш имконини беришига ишонч шаклланган», - дейди ҳуқуқ фаоли норози оҳангда.
У милиционерларнинг одамларни қийноққа солгани ва калтаклаганидан кейин жазосиз қолгани бўйича Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси (ЎҲҲА) вакиллари томонидан қайд этилган мисолларни келтирди. 2012 йилнинг март ойида йигирма ёшли Антон Хижняков Тошкентнинг Миробод туман ички ишлар бошқармасида (ТИИБ) қийноққа солинганидан кейин альянсга мурожаат қилган. Уни очилмай қолган жиноят бўйича айбни ўз бўйнига олишга қийноқ воситасида мажбур қилишга уринган эканлар. Самарқандлик Салоҳиддин Тилалов ҳам альянс ходимларига одам ўлдириш бўйича айбни бўйнига қўйиш мақсадида Самарқанд ТИИБ милиционерлари уни бир неча кун калтаклаганларини айтиб берган. ЎҲҲА маълумотларига кўра, сўнгги бир неча ойнинг ўзида милиция томонидан қийноққа дучор қилинган Дилшод Ҳамзаев, Андрей Важенин, Гўзал Нақипова ва Умид Мирзаев каби фуқаролар ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилганлар. Фаоллар милиция томонидан қийноққа солинган қурбонларнинг кўпи ҳеч қачон бу борада шикоят қилмаслигини қайд этадилар.
«Қонун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан милиция статистикасини яхшилаш учун фойдаланиладиган шармандали қийноқ тизимини йўқ қила олмаса керак, бу тизим орқали айбсиз одамлар қийноқ остида қилмаган жиноятларига иқрор бўладилар», - дея қўшимча қилди Урлаева.
АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, «қонунларни бажармаслик, кўнгил тусаган ишни қилиш ва расмийларнинг ҳуқуқий нигилизми»га оид амалиёт янги қонунни амалга оширишга имкон бермайди, ҳатто у қоғозда чиройли акс этган бўлса ҳам.
«Милиция ходимлари томонидан содир этилаётган суиистеъмол, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишидан ҳалос бўлиш айни пайтда амримаҳол», - дейди сиёсатшунос.
Тошкентлик 27 ёшли тадбиркор Тоҳир бу фикрга қўшилади. У милиция бизнесменларни «қоқиштираётгани», фуқароларни эса қўрқитаётгани ҳолда мудом жазосиз қолаётганини қайд этаркан, мазкур қонуннинг амалга оширилишига ишонмаслигини айтади.
«Жамиятда формали кишилардан ҳадиксираш шаклланган», - деди Тоҳир.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.