Ўзбекистон: Молия етишмаслиги штатларни қисқартишга мажбур қилмоқда
Ўзбекистон: Молия етишмаслиги штатларни қисқартишга мажбур қилмоқда
Давлат раҳбари Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ, 2009 йил 1 декабридан бошлаб бюджет ходимларига ойлик маошлари ва ижтимоий нафақалар йигирма фоизга кўтарилади. NBCA шарҳловчиларининг айтишича, бу сафарги ойлик маошлар кўтарилиши олдиндан режаланганига қарамай, давлат хазинасининг ночор аҳволга келгани боис, расмийларқўшимча молиялаштириш манбаларини қидиришга мажбур бўлмоқдалар.
“Вазият жўн эмас: ойлик маошларини кўтариш керак, бироқ бюджетда бунга етарли пул йўқ”, - дея қайд этади тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
NBCA экспертларининг тахмин қилишича, ҳозир ҳукумат давлат идораларида котиблар, ёрдамчилар ва ассистентлар сонини энг кам миқдоргача етказиш йўли билан бошқарув персоналини қисқартириш эвазига тежалган маблағни ойлик маошларини кўтаришга йўналтиришни режалаяпти. Номи ошкор этилишини истамаган манбага кўра, уларнинг сонини тартибга солишни кўзда тутувчи тегишли директива имзоланган.
Айни пайтда вазирликлар, маҳкама ва маҳаллий ҳокимият идораларининг турли даражадаги раҳбарлари қўл остида бир нечтадан маслаҳатчи, ассистент, текширувчи ва пул йиғувчи каби ходимлари ишлаяпти, кўпинча уларнинг мансаб вазифлари бошқа департаментлар тарафидан ҳам бажарилади.
Шарҳловчиларга кўра, кўпинча мутасаддилар гўёки иш билан машғулликларини намойиш этиш учун ўша-ўша битта топшириқни икки мартада ҳам бажарадилар.
“Ҳар куни бошқарув аппаратларининг минглаб ходимлари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй ва квартирама-квартира изғиб юрадилар, - дейди 45 ёшли тошкентлик тадбиркор. – Уларнинг олдида битта вазифа бор: уйлар ёнида тўпланган хазон барглар учун, ўша барглар ёндирилаётган бўлса, тутун учун, мавжуд бўлмаган иситиш ва газ жиҳозларини текшириш учун пул тўплаш. Улар нақд пул оладилар ва бир ҳафта ўтиб яна, навбатдаги тинтувлар билан келадилар”.
NBCA суҳбатдошлари шу билан бирга, шиширилган штатлар ва қўшимча хизматчилар стагнация ҳолатига келиб қолган ёпиқ ўзбек иқтисодиёти учун кўтариб бўлмас юк бўлиб қолаётганини қайд этмоқдалар.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2009 йилгача асосан табиий газ қазиб чиқариш ва сотиш, пахта толасини жаҳон бозорига экспортга етказиб бериш, Россияда ишлаётган маҳаллий меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмаларидан қувватланиб турган эди.
Бироқ энергия воситалари ва пахта толасига дунё бозорларида нарх тушиб кетгани, молиявий кризиснинг авж олгани ва меҳнат муҳожирларидан пул жўнатмалари кескин даражада қисқаргани боис, давлат хазинаси анча бўшаб қолди.
Ҳозири оғир аҳвол юзага келгунига қадар, бошқарув тузилмаларидаги шишиб кетган штатлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Чунки, кўплаб мутасаддилар шу йўл билан ўз яқинлари ва қариндошларини мазкур лавозимларга тайинлаб, уларни ишга жойлаштириш муаммосини ҳал этиб келганлар.
“[Мутасаддилар] қариндошларининг бу қадар кўпайиб кетгани боис, “ёғли” ўринларни кўпайтиришга доим талаб бўлган, - дейди тошкентлик итисодчи Виктор Ивонин. – Аммо кризис бундай амалиёт иқтисодиётни таназзулга тортиб кетишини кўрсатиб қўйди. Шунинг учун ҳам иқтисодий механизмни оғриқли бўлсада, жарроҳлик йўли билан соғломлаштириш бўйича қарор қабул қилинди”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда)