Ўзбекистон: Мухторов қамалган ҳуқуқ ҳимоячиларининг сафини кенгайтирди

Ўзбекистон: Мухторов қамалган ҳуқуқ ҳимоячиларининг сафини кенгайтирди

Friday, 23 October, 2009
, уларнинг ҳамкасби устидан бўлиб ўтган суд текшируви холислик деган тушунчага хилоф тарзда амалга оширилган, шунинг учун ҳам унга чиқарилган ҳукмни адолатли деб ҳисоблаш борасида шубҳа-гумонлар мавжуд



Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди 2 октябрь куни мамлакат адлия идораларида расман рўйхатдан ўтмаган “Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” ташкилотининг фаол аъзоси Фарҳодхон Мухторовни қаллоблик ва пора беришда айбдор деб топди ҳамда беш йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.



“Менга нисбатан буюртма бажарилмоқда”, - деди ҳуқуқ ҳимоячи суд мажлисидаги ўзининг якунловчи нутқида.



Мухторовнинг ҳуқуқ ҳимоя фаолияти суд мажлисларининг мониторинги ҳамда судда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этишдан иборат бўлиб, у 2009 йилнинг баҳоригача шу ишлар билан машғул бўлиб келган. Ўша пайтдан бошлаб Ўзбекистонда суд жараёнларида мустақил адвокатларнинг иштирокини тақиқловчи қонун кучга кирди.



Мухторовни жорий йилнинг 17 июль куни, у милиция ходимларининг қонунга зид келувчи ҳаракатлари тўғрисида прокуратурага шикоят қилганидан кейин ҳибсга олдилар. Олдинроқ у ўзига тегишли квартирасини сотмоқчи бўлган ва ҳаридордан гаров сифатида пулнинг бир қисмини олган эди.



Бироқ, эртаси куни бу савдо муомаласига ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакиллари аралашдилар. Улар Мухторовдан ўта қўполлик билан турар-жой олди-сотди битимини зудлик билан юридик тарзда расмийлаштиришни талаб қилдилар.



Ҳуқуқ ҳимоячига қарши жиноят иши учта шикоят аризасига асосан қўзғатилди. Тошкентда истиқомат қилувчи Маъсуда Каримова, Анвар Эшонов ва Вероника Бикпулатова ўз аризаларида Мухторовга қачонлардир йирик миқдорда пул қарз берганларини ёки бўлмаса унга судда иштирок этиш бўйича хизмат ҳақи берганларини ёзган эдилар.



Тергов давомида икки нафар шикоятчи ҳуқуқ-тартибот идораларига босим остида ариза ёзганларини тан олдилар, Маъсуда Каримова эса “Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” ташкилотининг вакиллари билан суҳбат давомида ушбу суд ишида “ўз ихтиёрига хилоф тарзда” иштирок этаётганини айтди. Аммо энди у ўз аризасини ҳеч қанақасига “қайтариб олиши мумкин эмас” экан.



Мухторов иши бўйича барча суд мажлисларида иштирок этган “Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” вакиллари суд жараёни очиқ-ойдин процессуал қонунбузарликлар билан ўтганини кўрсатдилар. Ҳимоя томонида судга апелляция қилишга имконият бўлмаган, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари борасида мунозара ёки баҳс юритиш “мумкин бўлмаган”.



“Суд жараёни қонунни ўта қўпол бузишликлар билан ўтди, судья ҳақиқатни аниқлашга умуман қизиқмади ҳам, - дея ғазабланади “Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” матбуот марказининг раҳбари Олег Сарапулов. [Ҳимоянинг] барча талабномалари рад этилди, аудиодискни тинглаш ҳамда ҳуқуқ ҳимоячи томонида чиқадиган гувоҳларни чақириб уларнинг кўрсатмаларини тинглаш тўғрисидаги адвокатнинг илтимоси қондирилмади. Судья Роҳатой Боқиева... судланувчига унга қўйилган айбловлар борасида ўзининг изоҳ ва эътирозларини баён этишга имконият бермади. У нуқул жиноят ишини Мухторов иштирокисиз ҳам кўриб чиқаман дея пўписа қилаверди”.



Экспертларнинг қайд этишича, Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг суд текшируви давомида ишни мустақил ва холис суд томонидан адолат талаблари бажарилган ҳолда ошкора кўриб чиқилишини кўзда тутувчи принципларидан бири очиқ-ойдин бузилган.



“Суд жараёни судьянинг нохолис эканлигини ва бу иш олдиндан режалангани равшан кўрсатиб қўйди,”, - дейди ишонч билан “Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”нинг раҳбари Елена Урлаева.



Ўзининг касб фаолияти учун сохталаштирилган жиноят иши бўйича уч йил давомида қамоқ жазосини ўтаган ва айни пайтда чет элда даволанаётган республиканинг шарқий қисмида жойлашган Марғилон шаҳридаги “Ўтюраклар клуби” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг қайд этишича: “Мухторов бегуноҳ қамалганларнинг сафини тўлдирди. Ўзбекистон расмийлари кўплаб мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни қаллобликда ёки товламачиликда айблаб келганлар. Бунга Аъзам Турғунов, Дилмурод Сайид мисол бўла олади. Бу ишларнинг ҳар бири судланувчи айбларидан бирортасининг исботланмагани билан бири-бирига ўхшаб кетади”.



Жорий йилнинг 30 июль куни “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ҳаракатининг фаол аъзоси, журналист Дилмурод Сайид 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, 2008 йил октябрь ойида қорақалпоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячи ва журналист Солижон Абдураҳмонов 10 йилга қамалди, 2007 йилда эса “Мазлум” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг раиси Аъзам Турғунов етти йилга озодликдан маҳрум этилди.



NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists