Ўзбекистон: Одамлар мажбурий тўловлардан аччиқланмоқдалар
Ўзбекистон: Одамлар мажбурий тўловлардан аччиқланмоқдалар
Апрель ойининг охири ва май ойининг бошланишида Ўзбекистондан турли бюджет ташкилотларининг маъмуриятлари ўз қарорлари билан ҳар бир ходимнинг ойлигидан 30 фоизга яқин пулни коммунал тўловларга, электр энергияси ва газ учун ушлаб қолаётганлари тўғрисидаги хабарлар кела бошлади.
Корхона ва ташкилот раҳбарларининг айтишича, улар Марказий банк ва Молия вазирлигининг 2001 йилда қабул қилган махсус “Низоми”га таяниб иш тутмоқдалар. Бу қоидага кўра, пулларни тўловларга нақд пулсиз ўтказиш тартиби белгилаб берилган.
Низомга кўра, иш берувчи ишчи ва ходимларнинг фақат ёзма равишда берган розилигига асосан ойлик маошидан коммунал тўловлар, электр энергияси ва газ етказиб берувчиларга пул ўтказиб бериш ҳуқуқига эга.
Аммо сўнги пайтларда халқнинг ирода-хоҳишини ҳисобга олмай қўйдилар ва Ўзбекистонда электр энергияси, сув ва газ истеъмоли учун нафақат жорий тўловлар, балки олдиндан аванс тўловларини ҳам ундириш амалиёти кенг ёйилмоқда.
“Почтальон менга 120 минг сўм пенсия олиб келади. Шу ернинг ўзида у коммунал тўловлар учун 20 минг сўмни ($13,7) олиб кетади, - дейди самарқандлик пенсионер аёл. – У менга агар коммунал тўловлардан қарзим бўлса пенсияни бермайман деб туриб олади. Почтальон олган пенсиямни ҳаммасини сарфлаб қўйиб келгуси ойда истеъмол қилган газ, свет ва бошқа коммунал тўловлар учун пул тўлай олмаслигимдан хавотирланади”, - дейди ёши улуғ аёл.
Давлат корхоналари ва ташкилотлар ходимлари ҳам бухгалтерлар ҳали истеъмол қилинмаган газ, электр энергияси ва бошқа коммунал тўловлари учун уларнинг ойлик маошларидан белгиланган фоизини ушлаб қолишларини айтмоқдалар.
Мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Хоразм вилоятининг маъмурий маркази Урганч шаҳар сув хўжалиги ташкилотида ишлайдиган бир ходим апрель ойида шу ташкилотда ишлаётган хотини билан ойлик маошини “анча кам” миқдорда олгани борасида шикоят қилди.
Ҳайрон бўлган ходимга бухгалтер ушлаб қолинаётган пул келгуси ойда истеъмол қилинажак электр энергияси учун электр тармоқлари корхонасига ўтказиб берилади дея тушунтирибди.
“Оиламиз бюджетида ҳар бир сўмнинг ўз ўрни бор, ушлаб қолинган пул туфайли биз керакли нарсаларни сотиб ололмадик”, - дейди ҳафа бўлган ходим.
Шу вилоятнинг бошқа шаҳри, Хивада яшовчи бошланғич синфлар муаллимаси ҳам мана икки ой бўлибдики, бухгалтерия газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув учун унинг ойлик маошидан мажбурий равишда ушлаб қолиб пулини кам бераётганини тасдиқлади. “Жуда ҳафа бўлиб кетасан”, - дейди ўқитувчи аёл.
NBCA шарҳловчиларининг тахмин қилишича, одамларнинг ойлик маошларидан мажбурий равишда пул ушлаб қолиш шамойили қатъий валюта тартибининг жорий қилиниши қабатида юзага келди. Расмийлар шу йўл билан шундоқ ҳам қисқариб кетган нақд пул айланмасини бир меъёрда ушлаб туришга ҳаракат қиляпдилар. ( Узбекистан: Люди обеспокоены отсутствием денег – Ўзбекистон: Одамлар пул йўқлигидан ташвишланмоқдалар).
Шарҳловчиларнинг қайд этишича, ҳаммага пул тўлаш учун давлатнинг маблағи етмаяпти.
“Расмийлар иқтисодиётдаги муаммоларни енгиш учун ойлик маошларини мажбурий равишда пластик карточкалар орқали беришни (пластик карточкалардаги маблағни банкоматларда нақд пул қилишнинг иложи йўқ, бунга пул етишмайди),банклардан пул олишдаги мавжуд муаммолар ва коммунал тўловлар учун мажбурий равишда ойлик маошларидан пул ушлаб қолишни ўйлаб чиқардилар”, - дея қайд этади Тошкентдаги иқтисодий экспертлардан бири.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)