Ўзбекистон одамларни мажбуран ишлатиш анъанасини давом эттирмоқда
Ўзбекистон одамларни мажбуран ишлатиш анъанасини давом эттирмоқда
Июнь ойи бошида Ўзбекистонда республика миқёсида катта шанбалик ўтказилиб, унда, расмий маълумотларга кўра, ўз қишлоқ ва шаҳарларининг ҳамма жойини тозалаб чиққан 10 миллионга яқин ўзбекистонлик иштирок этган.
27 миллион кишилик Ўзбекистонда катта ёшдаги аҳолининг қарийб ҳаммаси ҳар йили “ҳашар” деб аталувчи шанбаликларда иштирок этади.
Бу галги шанбаликнинг асосий ташкилотчиси 1992 йилда ҳукумат ташаббуси билан тузилган “Экосан” халқаро экология ва саломатлик ташкилоти бўлди.
Шанбаликда иштирок этган олийгоҳлардан бирининг ректоратида ишловчи ходим тадбирнинг оммавийлигини қуйидагича изоҳлайди: “Бу ташкилот давлат ташаббусига кўра тузилган ва бундан келиб чиқадики, фақат угина одамларни бу каби шанбалик мажбуран олиб чиқа олиши мумкин. Бу ерда шанбаликда ихтиёрий иштирок этиш ҳақида гап ҳам йўқ. Фақат муқобил йўл бор – у ҳам бўлса бир кунлик иш ҳақини шанбалик жамғармасига ўтказишдир”.
Барча бюжет ташкилотларининг ходимлари буйруқ бўйича ўз иш жойларини ташлаб, курак ва супургилар билан кўчага чиқадилар, дея давом этади у.
Шифокорлар, ўқитувчилар ва амалдорлар кўчаларда меҳнат қилган бир пайтда, уларнинг хизматларидан фойдаланувчи кишилар “маъмурий-буйруқбозлик тизими томонидан уюштирилган” жамоат ишлари якунлангунича кутиб ўтиришга мажбур бўладилар.
Иқтисодиётнинг нодавлат сектори ҳам бу тадбирга жалб қилинган – ҳар бир дўкон, идора ва устахоналарга участкалар бириктирилган. Йирик корхоналар учун маҳаллий расмийлар иш олиб бориладиган участкаларни белгилаб берганлар, бу участкаларни улар “оталиққа олиш”лари керак.
Бироқ, Тошкентдаги экологик ноҳукумат ташкилотларидан бири раҳбарининг фикрича, ҳақ тўланмайдиган меҳнат ҳар доим ҳам самарали бўлавермайди ва агар давлат турар-жой-коммунал секторини яхши бошқара олганда эди, бу каби тадбирларга ҳожат қолмасди.
“Давлат мажбурий “кўнгиллилар”нинг ҳақ тўланмайдиган, демакки, самарасиз меҳнатларига умидвор бўлиб, турар-жой коммунал комплексида ислоҳотлар ўтказмаяпти”, - дейди у NBCA билан суҳбатда.
Бошқа шарҳловчилар эса шанбаликда иложи борича кўпроқ одам иштирок этишини таъминловчи “ихтиёрий-мажбурий” меҳнатни ташкил этишда ўзига хос натижа бераётганига эътиборни қаратадилар.
“Ҳашар”да иштирок этишдан бош тортиш бюжет соҳасида ишловчи ходимнинг иш ўрнини йўқотишига, тадбиркорнинг солиқ хизмати ёки прокуратура текширувига дучор бўлишига, фермернинг эса еридан ажраб қолишига сабаб бўлиши мумкин, дейди NBCAнинг Тошкентдаги шарҳловчиси.
“Давлат кўчаларни тозалаш учун ёлланган штатдаги ишчиларни ойига 50 доллар тўлаб ҳам кўча тозалашга мажбур қилолмайди. Бу каби ишга ихтисослашган ташкилотларни бундай ишларга жалб қилиш учун бюжетда пул йўқ. Шунинг учун ҳам аҳвол шундайлигича қолаяпти”, - дея қайд этди у.
(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)