Ўзбекистон пахтасининг экспортини қисқартиш мажбурий чора бўлиб қолмоқда
Ўзбекистон пахтасининг экспортини қисқартиш мажбурий чора бўлиб қолмоқда
Мамлакат Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев 9 октябрь куни 4чи Халқаро пахта ярмаркаси натижалари бўйича Ўзбекистон 20082009 йил мавсумида пахта толаси экспортини етти юз минг тоннагача камайтириш ниятида эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистон ҳар йили ташқи бозорга саккиз юз минг тоннадан бир ярим миллион тоннагача хом ашё етказиб бериб, пахта толаси экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Пахта экспорти давлат хазинасига асосий даромад келтирадиган соҳалардан саналади.
Ғаниевга кўра, экспорт кўрсатгичларининг пасайтирилиши расмийларнинг пахтани мамлакат ичкарисида қайта ишлаш миқдорини кўпайтиришга интилишлари билан боғлиқ бўлиб, бунинг учун Ўзбекистонда умумий нархи 158 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 22 та тўқимачилик корхоналари ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Бу режаларнинг амалга оширилиши 2012 йилга келиб мамлакатда етиштирилаётган барча пахта хом ашёсининг деярли 50 фоизини қайта ишлашга имоният яратиб беради. Айни пайтда эса мамлакатда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик саноати корхоналари пахта толасидан маҳсулот ишлаб чиқариш учун умумий хом ашёнинг икки фоиздан беш фоизгача бўлган миқдорини ўзлаштирмоқда, холос.
“Оқ олтин” экспортини қисқартириш ниятининг жиддийлигига мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг “пахта экин майдонларини 50 минг гектарга қисқартириш”ни кўзда тутувчи фармонга имзо чеккани ҳам далил бўлиб қолмоқда.
Тошкентлик иқтисод фанлари номзоди Виктор Ивонин NBCA билан суҳбат давомида пахта толасини мамлакат ичкарисида қайта ишлаш “мақсадга кўпроқ мувофиқ” келишини айтди. Унга кўра, бир қатор тўқимачилик корхоналарининг ишга туширилиши янги ишчи ўринларини яратишга ва асосан Ўзбекистон пахтасини далаларда териб олаётган пайтда қўлланаётган қўл меҳнатини қисқартиришга олиб келади.
Бундан ташқари, пахта толаси экспортини қисқартириш ғояси расмийларнинг жаҳон бозоридаги носоғлом рақабатдан “ҳимояланиш” иштиёқи билан боғлиқ. Бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти жиддий зарар кўрмоқда.
“Улар [зарарлар] пахта соҳасидаги асосий душманимиз Америка Қўшма Штатларининг позицияси билан бевосита боғлиқ. Бу мамлакат жаҳон пахта бозорининг 26 фоизини ўз назорати остига олган бўлиб, ўзининг экспортчиларига давлат дотацияларини бериб, улар етиштирган пахтанинг учдан бир қисмини сотиб олиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида Ливерпуль биржасида пахта толасига нархнинг тушиб кетишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам биз пахта толасини мамлакат ичкарисида қайта ишлашни кескин равишда кўтаришга мажбур бўлаяпмиз”, дея изоҳ беради иқтисодчи.
Аммо бошқа шарҳловчилар келтирилган ушбу дастакларни ишончга лойиқ эмас дея ҳисобламоқдалар. Улар ҳукумат пахта экспортини қисқартиш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш зарурати ҳақида ҳар йили баёнот бериб келаётганини эслатадилар. Аммо бу соҳада ижобий ўзгаришлар шу чоққача амалга ошгани йўқ.
Мисол учун, 2002 йилда расмийлар мамлакатда пахта экспортини қисқартириш ва пахта толасидан тайёр газламалар экспортини кучайтириш бўйича дастур амалга оширилаётгани ҳақида маълум қилган эдилар. Ҳудди шундай баёнотлар келгуси йилларда ҳам овоза қилинган эди.
“Кўп йиллар давомида бу ҳақда тинмай эшитиб келамиз, аммо тўқимачилик саноати ҳалиҳамон ҳомила ҳолатида қолмоқда, маҳаллий тўқимачилик саноати эса ривожланмай қолаяпти”, дейди Фарғона водийсидаги NBCA кузатувчиларидан бири.
“Ўзбекистон қандай қилиб тўқимачилик саноатини ривожлантира олади?” дея куйинади муҳожирликдаги ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. “Соҳани ривожлантириш учун инвестициялар зарур. Инвесторлар очиқ иқтисодий шароитлар ва кафолатлар йўқ бўлган мамлакатга кириб бормайдилар”.
Эксперт тўқимачилик саноатида кескин ижобий ўзгаришларни ва ғўза экин майдонларининг қисқаришини кутмасликни маслаҳат беради. Негаки, унга кўра, пахта толаси экспорти қисқаришининг асл сабабини кўпроқ Ўзбекистон пахтасининг халқаро бойкот қилиниши билан боғлаш лозим.
АҚШ ва Буюк Британиянинг тўқимачилик маҳсулотлари импортчилари ва сотувчиларини бирлаштирувчи тўрт нафар йирик ташкилотлари 2007 йилда расмий Тошкентни пахта теримига болаларни жалб этгани учун танқид остига олган ва Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган эди.
Бу йилги пахта териш мавсуми давомида ҳам расмийлар республиканинг барча вилоятларида балоғатга етмаган болалар ва мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этаётганлари ҳақида маълумот ва хабарлар мунтазам равишда келиб турди.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган 4чи Халқаро пахта ярмаркасида Wal-Mart, Tesco, Marks & Spencer, Target ва Gap, Чакана савдо корхоналари миллий федерацияси (NRF), Чакана савдо етакчилари ассоциацияси (RILA), Америка кийимбош ва пойафзал ассоциацияси (AAFA) ва Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим импортчилари ассоциацияси (AITA) ошкора равишда Ўзбекистон пахта толасини импорт қилишдан бош тортдилар. Ғарб тўқимачилари болалар меҳнати воситасида терилган пахта хом ашёсидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини сотишни истамаяптилар.
“Расмийлар Ўзбекистон пахтасининг ғарб мамлакаталари ширкатлари томонидан амалга оширилган бойкоти ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини айтмоқчи бўлдилар, аммо бошқа томондан буни зимдан бўлса ҳам тан олишга мажбурлар. Шунинг учун ҳам улар тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва ғўза экин майдонларини қисқартириш тўғрисида фармонлар эълон қилмоқдалар. Бу билан бирга расмийлар ўзлари истамаган ҳолда бойкот уларга қандай оғир таъсир этаётганини кўрсатаяптилар”, дея хулоса қилади NBCA шарҳловчиларидан бири.
Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Ишга қабул қилишнинг минимал ёши ҳақидаги конвенция ҳамда Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ҳамда олдини олишнинг шошилинч чоралари ҳақидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорини имзолади. Бундан ташқари, Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланди.
Бундан бери ўн беш ёшгача бўлган ўспиринларни турли ишларга жалб этиш, шу жумладан, пахта теримига сафарбар қилиш тақиқланди.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).