Ўзбекистон раҳбариятида ислоҳотлар тажрибасини ўрганиш истаги йўқ
Ўзбекистон раҳбариятида ислоҳотлар тажрибасини ўрганиш истаги йўқ
Халқаро валюта жамғармаси таркибига Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам кирган нефть ва газ экспорт қилувчи мамлакатларда энергия ташувчилар нархи кўтарилиши ҳисобига иқтисодиёт ўсиши мумкинлигини тахмин қилаяпти.
Айни пайтда ХВЖ экспертлари инфляцион хатарлар ва даф чораларини қабул қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.
МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий вазият ва сармоявий иқлимни баҳолаш билан шуғулланадиган Украинадаги “Биржевой лидер” интернет-портали бош муҳаррири Вячеслав Зубенко NBCentralAsiaга берган интервьюсида Ўзбекистон иқтисодиётидаги тенденциялар ва унинг фикрича, яқинлашиб келаётган хатарларни юмшатиши мумкин бўлган чора-тадбирлар ҳақида гапиради.
NBCA: Ўзбекистон иқтисодиёти учун (ХВЖ тахмин қилгандек) хавф-хатар ошиши қабатида мамлакатни қандай салбий оқибатлар кутаётган бўлиши мумкин?
Вячеслав Зубенко: Ўзбекистон учун давлат статистикасининг ёпиқлиги, миллий валюта бўлган ўзбек сўмининг конвертация қилинмаслиги, яширин иқтисоднинг мавжудлиги, ЯИМ кўтарилишидан илгарилаб кетган инфляция даражасининг ошиши ва шундан келиб чиққан ҳолда, сўмнинг АҚШ доллари ва жаҳондаги бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиши, коррупция, демократик эркинликларнинг йўқлиги кабилар характерлидир.
Бундай сиёсат натижасида Ўзбекистонда гиперинфляция учун барча шарт-шароитлар яратиб бўлинган. 2011 йилнинг биринчи ярмида шакар, гўшт каби кўплаб асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари эллик фоиздан кўпроққа ошган. Айни пайтда, Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, инфляция миқдори бор-йўғи 3,6 фоизни ташкил қилган.
Бизнинг камтарона ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йилнинг ўтган олти ойи ичида Ўзбекистонда инфляция даражаси 12 фоизга етди, йил якунларига кўра эса инфляция даражаси 24 фоизгача чиқиши мумкин.
Бироқ ойлик маошларни 25 фоизга оширган расмийлар ўз хатти-ҳаракати билан инфляциянинг ошишига сабаб бўлаяптилар, холос.
Умуман олганда, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти учун ҳали ҳам ўзига хос “гизли қудуқ”, сирлилиги ва қандай иш тутишини олдиндан айтиш мумкин бўлмаган “terra incognita” бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон расмий позициясини ёритган кўпчилик таҳлилчилар унинг иқтисодиёти анча тез ривожланаётган, барқарор молия тизимига эга бўлган, сайёрадаги бошқа иқтисодиётлар билан қиёслаганда ЯИМ рекорд даражада ўсиб бораётган давлат эканига аминлар. Мамлакат [гўё] 2008 йилдаги жаҳон бўҳронига қарши туриш учун ресурслар топган, ундан муносиб равишда чиқа олган ва яқинлашиб келаётган “иккинчи тўлқин”ни қаршилашга ҳар томонлама тайёр бўлиб турибди. Айни пайтда Тошкент нисбатан мустақил ташқи сиёсат юритиши ва ҳатто Ўрта Осиёда Қозоғистон билан рақобат қилароқ минтақавий лидерликка даъвогарлик қилиши ҳам мумкин.
У ҳолда ўринли саволлар туғилади: Тошкент бу каби натижаларга қандай эришди ва бу ерда вазият бўрттириб кўрсатилмаганми?
Бошқа иқтисодчилар эса, аксинча, агар расмий статистикадан Тошкент томонидан яширилаётган реал статистикага ўтилса, Ўзбекистон Беларусь, Юнонистон ва Жанубий Осетия қаторида жаҳон иқтисодиётидаги энг заиф ҳалқалардан бири бўлиб қолишини таъкидлайдилар.
NBCA: Сизнингча, ҳозирги пайтда расмийлар хавф-хатарни юмшатиш учун нима қила олишлари мумкин?
Зубенко: Ўзбекистон ҳукумати учта энг муҳим қадамни амалга ошириши керак. Биринчидан, ташқи савдо ва хусусий бизнесни либераллаштириши, иккинчидан, товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан таъминланмаган пул массасини муомаладан чиқариши ҳамда миллий валюта курсини сунъий равишда ушлаб туришдан воз кечиши лозим.
Сўнгги йилда ҳукумат Ўзбекистондаги инвестицион ва иқтисодий иқлимни яхшилаш мақсадида (шу жумладан, электрон тўлов тизимларини жорий қилиш, миллий валютани мустаҳкамлаш учун жисмоний шахслар маблағи амнистияси ва бизнесни соядан ташқарига чиқариш каби) маъмурий чоралар кўрилди. Амнистия фуқароларнинг икки тоифасига – ўзига тўқ шаҳарликлар ва ишчи-мигрантларга қаратилганди. Уларга ўзларининг барча омонатларини Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига ўтказиш таклиф қилинди, бунинг эвазига эса давлат бу пулларнинг қонуний ёки эмаслигини текширмаслик кафолатини берди. Бироқ аҳоли ҳукуматга ишонмагани учун 2008 йилда бу тадбир муваффақият қозонолмади, бизнесни ҳам “соядан” олиб чиқишнинг имкони бўлмади.
Расмийлар ўзбек сўмини деноминация қилишдан ҳам бош тортиб келмоқдалар, натижада одамлар ойликларини сумкаларда кўтариб юрибдилар.
NBCA: Пахта ва бошқа маҳсулотлар экспортига бўлган талабнинг пасайиши муносабати билан мамлакат экспортнинг қандай моддалари ҳисобига ўз даромадларини кўпайтириши мумкин?
Зубенко: Дунёдаги бўҳроннинг иккинчи тўлқини жаҳондаги барча товарларнинг биржа нархларини пасайишига сабаб бўлади, шундан келиб чиққан ҳолда, барча давлатларга келаётган валюта маблағлари ҳажми камаяди. Бу асосан пахта, олтин, газ, металлар, маъданли ўғитлар, уран, текстиль экспорт қиладиган ва умумий ҳисобда 2010 йилда 13 миллиард доллар даромад олган Ўзбекистонга ҳам тегишлидир.
Давлат аппаратини таъминлаш учун бюджет ажратилган маблағни қисқартириш, ташқи иқтисодий сиёсатни либераллаштириш, импортга оид олинадиган божхона тўловларини камайтириш каби иқтисодий чора-тадбирлар мажмуаси зарур.
Дарвоқе, нодемократик жамиятда фақат кучли ҳокимиятгина юқоридан туриб глобал ислоҳотларни амалга ошириш иқтидорига эга. Бу Хитой, Сингапур, Малайзия ва бошқа “Осиё йўлбарслари” мисолида исботланган.
Бироқ қудратли давлат аппаратига эга бўлган Ўзбекистон раҳбариятида бу умумлашган тажрибани ўрганиш ва турмушга татбиқ этиш истаги йўқ.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.