Ўзбекистон Рамазон ҳайитини кутмоқда
Ўзбекистон Рамазон ҳайитини кутмоқда
Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 27 сентябрь куни мусулмонларнинг байрами Рамазон ҳайити – Ийд-ал-Фитр бу йил ислом тақвимига биноан 1 октябрь кунига тўғри келишини эътиборга олиб шу кунни мамлакатда байрам қилиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Президент фармонига кўра, бу кунни “жойларда кенг ва юқори даражада нишонлаш ва барча зарур тадбирларни амалга ошириш” кўзда тутилади.
Рамазон ҳайити мусулмонлар ўттиз кун давомида тонг саҳардан то қуёш ботгунча оғизларини беркитиб рўза тутишлари ниҳоясига етганидан сўнг нишонланади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг йигирма саккиз миллиондан иборат аҳолисининг 88 фоизи анъанавий тарзда ислом динига эътиқод қилиб келади.
Мамлакат шарқида жойлашган Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи шарҳловчининг таъкидлашича, ислом ақидаларини тўла ҳолда бажариш учун “кучли ижтимоий шароитлар” мавжудлиги важидан Рамазон ойида рўза тутувчи ёшларнинг миқдори мунтазам равишда кўпайиб бормоқда.
“Оилада, мактабда ва ишхонада ҳамма рўза тутган бир пайтда оғиз очиқ ҳолда юриш осон эмас”, - дейди у.
NBCA экспертлари жамиятда диний кайфиятнинг кучайиши расмийларнинг диндорларга нисбатан қўллаётган чекловчи сиёсати қабатида амалга ошаётганини кўрсатмоқдалар.
Мусулмонларни таъқиб этиш сиёсати 1992 йилда, расмийлар исломий гуруҳлар аъзоларини ҳибсга олиш баҳонасида диндорларга босимни кучайтирганларидан кейин бошланди. Ўзбекистон ҳукумати исломий экстремистларга қарши кураш шиори остида 2005 йилда Андижон шаҳрида халқ қўзғолонини бостирди ва натижада юзлаб қуролсиз намойиш иштирокчилари ҳалок бўлдилар.
Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) бераётган баҳосига кўра, расмийлар мусулмонларни диний экстремизмда ва мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилишда айблаб уларни таъқиб этишда давом этмоқдалар ва турли мудатларга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукмлар чиқармоқдалар.
Шарҳловчиларга кўра, жорий йилнинг сентябрида, мусулмонларга рўза тутиш буюрилган Рамазон ойида расмийлар диндорлар устидан назорат кучайтирдилар.
Шарҳловчилардан бирининг гувоҳлик беришича, Тошкент шаҳрининг ҳар бир йирик масжидида ички ишлар идоралари ходимлари учун махсус хоналар ажратиб берилган бўлиб, улар ўша ердан туриб масжид қавми аъзолари устидан бемалол назорат қилиш имкониятига эга бўлганлар.
Тошкентдаги йирик масжидларидан бири қавмининг 60 ёшли аъзоси Рамазон ойида анъанавий ифторлик дастурхонини ёзиб дўстлари, қариндошлари ва қўшниларини меҳмонга таклиф этиб чақирганидан кейин уни туман ички ишлар бўлимининг бошлиғи ҳузурига чақирилиб, сўроққа тутилганини айтиб берди.
“Уйда ифтор ўтказиб Лайлатул-Қадр кечасига бағишланган издиҳом ўтказиш - милиция ва маҳалла қўмитасининг эътиборини ўзига қаратиш билан баробар бўлади”, - дея таъкидлайди тошкентлик мусулмон.
Аммо эътиқодли диндор мусулмон киши сўроққа тутилгани билан қўрқувга тушгани йўқ ва махсус хизмат ходимлари ҳақиқий, асл мусулмонларни қўрқита олмаслигига унинг ишончи комил.
“Шўролар давридаги барча тақиқларга қарамай, ота-боболаримиз рўзаларини тутиб мусулмонларга фарз бўлган барча ибодатларини адо этиб келганлар. Шундай бўлиб келган, бор ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, - дея хулоса қилади у.
Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳудди шунга ўхшаш вазиятни кузатиш мумкин.
“Ҳатто энг кичкина қавмга эга бўлган масждларда ҳам махсус хизмат идораларининг ҳуфия “қулоқлари” бор. Улар масжидга кирган ҳар бир намозхонни кузатув остига оладилар ва мусулмон жамоасидаги бўлаётган ҳар бир ишдан хабардор бўладилар”, - дея таъкидлайди Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Самарқанд шаҳридаги масжидлардан бирининг имоми.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)