Ўзбекистон: Расмийлар тадбиркорлар учун енгилликлар яратмоқдалар
Ўзбекистон: Расмийлар тадбиркорлар учун енгилликлар яратмоқдалар
Марказий Осиё янгиликларини ёритишга ихтисослашган CA-News янгликлар хизмати 2009 йил 9 апрель куни хабар бергишича, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси 2010 йилгача тадбиркорларнинг солиқ текширувлари сонини камайтиришни қарор қилган.
Бундан кейин режадан ташқари солиқ текширувлари фақат махсус рухсатномалар асосида ўтказилиши мумкинбўлади. Бундай рухсатномага Назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашинининг раиси имзо чеккан бўлиши керак. Қисқа муддатли текширувлар эса вилоят ҳокимияти идоралари раҳбарларининг санкциялари билан ўтказилиши мумкин, холос.
Хусусий тадбиркорлар фаолиятини режадан ташқари текшириш ташаббуси билан чиқадиган шахслар рўйхатидан бу ишни шу чоққача мунтазам равишди амалга ошириб келган солиқ тизимларининг раҳбарлари, солиқ бўйича ҳудудий комиссиялар раисларининг муовинлари ҳамда туман ҳокимлари чиқариб юборилди.
Мамлакатда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар анчадан бери турли идоралар томонидан уюштириб келинаётган мунтазам текширувлар борасида ўз норозиликларини изҳор этиб келгандилар. Шу чоққача солиқ назорати вакилларидан тортиб маҳалла фуқаролари йиғини қўмиталари аъзоларигача истаган пайтларида бундай текширувларни амалга ошириб келаётган эдилар.
Светлана исмли тошкентлик тадбиркор аёл расмийларнинг солиқ текширувлари миқдорини камайтириш тўғрисидаги қарорини ижобий қабул қиляпти. Унга кўра, бу қарор мамлакатдаги мавжуд бошбошдоқликни тубдан йўқ қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
“Ўзбекистонлик тадбиркорларни турли ҳил текширувлар билан тез-тез безовта қилиб туришлари одатий ҳолга айланган, - дейди у. – Текширувчилар бўлса аниқланган турли камчиликларни баҳона қилиб пул таъма қилишдан қолмайдилар”.
Тадбиркор аёлнинг айтишича, расмийлар кичик ва ўрта бизнесни “тинч қўйишлари” керак. Негаки, бу соҳанинг бугунги кундаги ривожланиши заиф аҳволда.
Тошкентдаги унчалик катта бўлмаган дўкончанинг эгаси Аброрга кўра, у ўтган йили бир қатор мунтазам текширувларни бошидан кечирган.
Унинг бизнесини мунтазам тарзда текшириб турган солиқчилар, ўт ўчириш хизмати, санитария-эпидемиялогоя назоратидан ташқари, шунингдек, маҳалла фуқаролари йиғини эҳтиёжи учун “пул билан ёрдам беринг” деган илтимос билан маҳалла қўмитасининг вакиллари ҳам тез-тез безовта қилиб турганлар.
“Буларнинг барчаси мени чарчатиб қўйди, бизнесимни йиғиштириб қўяйми деб ўйлаб қоламан баъзида”, - дея шикоят қилади Аброр.
Тошкентлик мустақил иқтисодчи Комрон Алиевга кўра, солиқ тиекширувлари миқдорининг камайиши –расмийларнинг жаҳон молиявий инқирози даврида тадбиркорларга босимни камайтириш мақсадида кўрилаётган мажбурий чора бўлиб қолмоқда. Негаки, ушбу молиявий инқирознинг оқибатлари ва давомийлиги борасида прогнозлар мутасаддиларни хавотирга солаётганга ўхшайди, дейди Алиев.
Ўзбекистоннинг заиф иқтисодиёти ҳам молиявий инқирознинг салбий таъсирини сеза бошлади. Бюджетга молиявий тушумларнинг ҳажми сезиларли миқдорда қисқариши кузатилмоқда, экспорт маҳсулотларининг ҳажми ҳам пасайган. Боз устига, Россия ва Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларнинг Ўзбекистондаги оилаларига юбаётган пул жўнатмалари миқдори ҳам анча камайиб кетди.
Бор кучни кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилса, ижтимоий зиддиятларни енгиб ўтиш анча енгилроқ бўлади, негаки, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини барқарорлаштиришга имконият яратади, дейди иқтисодчи.
“Бугун бизнес фаол ривожланиши лозим, - дейди у. – Шунинг учун ҳам вақтни текширувчиларни қабул қилишга, кейин бўлса ўша текширувлар оқибатларига қарши ойлаб курашгани камроқ вақт сарфлаш керак”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).