Ўзбекистон расмийлари пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга чеклов киритмоқдалар
Ўзбекистон расмийлари пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга чеклов киритмоқдалар
Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Ишга қабул қилишнинг минимал ёши ҳақидаги конвенция ҳамда Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ҳамда олдини олишнинг шошилинч чоралари ҳақидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорини имзолади.
Бундан ташқари, Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланди.
Бундан бери ўн беш ёшгача бўлган ўспиринларни турли ишларга жалб этиш, шу жумладан, пахта теримига сафарбар қилиш тақиқланди.
Ўзбекистон болалар меҳнатини тақиқлаш ҳақидаги халқаро ҳужжатларни жорий йилнинг апрель ойида ратификация қилган эди. Бунгача эса расмийлар балоғатга етмаган мактаб ўқувчиларини ҳар йили пахта теримига жалб этишар ва бу пахта терим мавсуми анъанавий тарзда сентябрь ойининг ўрталарида бошланар эди.
Тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланган кийим-кечак импортчилари ва сотувчиларини бирлаштириб турувчи Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британиянинг энг йирик тўртта ташкилоти 2007 йилда расмий Тошкентни болаларни пахта теримига жалб этаётгани учун танқид остига олган ва Ўзбекистонда етиштирилган ва оғир шароитларда болалар қўли билан терилган пахта ва ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бойкот эълон қилган эди.
NBCA шарҳловчилари Ўзбекистон ҳукумати дунё бозорида ўзининг пахта толасига ҳаридорларни йўқотиб қўйишдан ташвишланаётгани учун ҳам балоғатга етмаган болаларнинг пахта теримида иштирок этишларини чеклашга қаратилган ҳозирги чораларини кўрмоқдалар дея баҳоладилар.
Улар мамлакатда ҳар йили уч ярим миллион тоннадан зиёд оқ олтин етиштирилишини ҳамда
Ўзбекистон дунё бозорига ҳар йили бир ярим миллион тоннадан зиёд пахта толаси етказиб бериб пахта экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаётганини эслатадилар.
Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг кўпроқ қисми қўлда терилади.
NBCA томонидан сўралган баъзи кузатувчилар пахта терими мавсумидан аввал болалар меҳнатидан фойдаланишга жорий этилган тақиқ ҳақиқатдан ҳам самара бераётганга ўхшаётганини ва баъзи пахта далаларида болаларнинг “кўзга ташланмаётгани”ни қайд этмоқдалар.
“Кўплаб пахта далаларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари юқоридан келган буйруқнинг қандай бажарилишини назорат қилиб юрибдилар”, - деди Ўзбекистон марказида жойлашган Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимов.
Расмийлар болаларни жалб этмай ҳам пахтани териб олиш имкониятини намойиш этаётганлари ва ҳатто етарли миқдорда пахта терим техникасининг мавжудлиги ҳақида эълон қилганлари билан деҳқонлар анъанавий тарзда қўшимча куч ҳисобига, яъни ўқувчи ва талабаларни пахта теримига жалб этмай механизация йўли билан пахта ҳосилини қандай қилиб териб олиш мумкинлигига бошлари қотмоқда.
Бу йил уч миллион олти юз минг тонна пахта териб олиш режалаштирилмоқда.
Фермерлар мамлакатда ҳозиргача пахта етиштиришга давлат буюртмасининг мавжудлиги тўғрисида гапирмоқдалар. Буюртмага кўра, деҳқонлар пахта тайёрлаш пунктларига белгиланган миқдорда ҳосил топширишлари лозим.
“Етиштирилган ҳосилни болалар иштирокисиз териб бўлмайди. Негаки, режа бўйича биз ғўза қатор орасини 60 сантиметр қилиб экканмиз. Пахтани техника ёрдамида териш учун ғўза қатори орасини 90 сантиметр қилиб экишимиз керак эди. Акс ҳолда, пахта терим машиналари ғўза қатори орасидан ўта олмайди”, - дейди Ўзбекистон шимоли-ғарбида жойлашган Хоразм вилоятида деҳқончилик қилаётган фермер Отаназар Оллоберганов
Расмийлар юқори ҳосил олиш учун дала майдонларида эгатлар сонини кўпайтиришни тавсия қилганлар, бу эса машина теримини қийинлаштиради.
Шунинг учун ҳам яқин орада жойлашган пахта далаларида коллеж ва лицейларда ўқийдиган балоғатга етмаган уч юз нафар болалар пахта теримига киришиб бўлганлар, дейди деҳқон.
Экспертларга кўра, расмийлар токи қишлоқ хўжалигида эски анъаналарга таянган ҳолда ишлашни, яъни, деҳқонлар елкасига оғир юк бўлиб тушаётган давлат буюртмасини расмийлаштириб, қатъий маъмурий чоралар қўллаб ҳосил йиғиштириш устидан назоратни милицияга топширишда давом этар эканлар пахта даларида болалар меҳнатидан воз кечиш осон бўлмайди.
Бундан ташқари, қабул қилинган чораларни амалга оширилишда шаффофликнинг йўқлиги важидан болалар меҳнатидан воз кечилиши шубҳали бўлиб қолаверади.
«[Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича] Ҳаракатлар миллий режасида ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш кўзда тутилмаган. Шунинг учун ҳам пахта терими соҳасида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш унсурлари қолади дея тахмин қилишга асос бор», - дея қайд этади Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясининг президенти Надежда Атаева.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).