Ўзбекистон: Санкциялар бекор қилиниши билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўнгги умидлари пучга чиқмоқда
Ўзбекистон: Санкциялар бекор қилиниши билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўнгги умидлари пучга чиқмоқда
Европа Иттифоқи таркибига кирувчи йигирма еттита давлатларининг ташқи ишлар вазирлари 27 октябрь куни Люксембургда навбатдаги мажлисга тўпланиб, Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб беришга киритилган тақиқни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилдилар, дея маълум қилади Европа Иттифоқининг матбуот хизмати.
“Ўзбекистон расмийларини қонун устиворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазиятни яхшилашга йўналтирилган қадамини сезиларли даражада ривожлантиришга рағбатлантиромоқчи бўлиб ҳамда уларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажараётганини эътиборга олган ҳолда [Европа иттифоқи вакилларининг] кенгаши қолган чекловларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди”, - дея қайд этилади хабарномада.
Европа Иттифоқи мажлиси иштирокочиларига кўра, инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги, баъзи фаолларнинг амнистия қилинишини, шахс ҳуқуқлари кафолатини киритиш (habeas corpus) тўғрисидаги Европа иттифоқи билан диалогда иштирокини ҳамда болалар меҳнати тўғрисидаги халқаро конвенцияларнинг ратификация қилинишини Ўзбекистон томонидан амалга оширилган позитив ишлар қаторига киритиш мумкин.
Қурол-аслаҳа эмбаргоси Ўзбекистонга нисбатан киритилган чекловларнинг сўнггиси эди. Эслатиб ўтамиз, 2005 йил 13 май куни мамлакатнинг шарқида жойлашган Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутиб, юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдирганларидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан бир қатор чекловларни киритган эди.
Европа Итифоқи санкциялари 2005 йил ноябрь ойида, Ислом Каримов ҳукумати қонли қирғин-баротнинг мустақил текширувини ўтказишга рухсат бермаганидан сўнг киритилган.
Санкциялар Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларини тартибга солувчи Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг амал қилишини вақтинча тўхтатиш; Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Ўзбекистонга қурол-аслаҳа сотишга эмбарго киритиш ва тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатишга алоқадор бўлган дея тахмин қилинаётган ўн икки расмий шахсларга нисбатан виза бермаслик каби чекловлардан иборат.
2007 йил кузида санкциялар юмшатилди ва бу нарса ҳуқуқ ҳимоячиларини ғазаблантирди. Негаки, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя атрофидаги вазиятнинг яхшиланиши борасидаги умидлар ўзини оқламади. (Ўқинг: “Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларнинг юмшатилиши беақллик (Смягчение санкций ЕС против Узбекистана ‘абсурдно’).)
Бироқ, IWPR томонидан сўралган ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларнинг чақириқлари яна эътибордан ташқарида қолди. 2008 йилда эмбаргодан ташқари санкцияларнинг деярли барчаси олиб ташланди. Бу ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларнинг анча кўнглини қолдирди, негаки, санкцияларнинг юмшаши мустақил журналистлар ва фаолларнинг ҳибсга олиш амалиёти давом этиши қабатида содир бўлди. (Ўқинг “Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячилари санкциялар юмшашидан норози бўлмоқдалар”.)
Муҳожирликга юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг тахмин қилишича, санкциялар амалда юзаки кўринишда ва фақат сиёсий аҳамиятдаги характерга эга бўлган.
“Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажармаяпти, инсон ҳуқуқларини бузиб келаяпти, сўз эркинлигига йўл бермаяпти, - дейди сиёсатшунос. - Ўзбекистон зиммасига қўйилган талабларни бажармади ва энди ўзи учун бундан кейин ҳамма нарса мумкин бўлади деб ҳисоблайди”.
Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси Сурат Икрамов Европа иттифоқининг қурол-аслаҳа етказишга эмбаргони олиб ташлаш тўғрисидаги қароридан қаттиқ кўнгли қолди.
Ўзбекистон Европа мамлакатларидан қурол-аслаҳа сотиб олмаганига қарамай, сўнгги санкциялар ўзига ҳос чекловчи омил бўлиб хизмат қилган ва халқаро саҳнада мамлакатнинг имиджига салбий таъсир қилган.
“Торвузимиз қўлтиғимиздан тушди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи. – Мен Еврокомиссия вакиллари билан учрашдим, уларга санкцияларни бекор қилиш мукин эмаслигини тушунтиришга уриндим, аммо улар “Ўзбекистонга нисбатан қатъий сиёсат олиб бориладиган бўлса, расмийлар биз билан алоқаларни жўнгина, йиғиштириб қўядилар”, деб айтишди”.
Номи ошкор бўлишини истамаган самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячига кўра, Ғарб қўрқмай расмий Тошкент билан ҳамкорлик қилиш ниятини намойиш этиши лозим. Мисол учун, қатъий талаблар Ўзбекистон расмийларининг жаҳлини чиқариши ва оқибатда, мамлакатни тўла изоляцияга олиб келиши мумкин, дея ўйламаслик керак эди.
“Ҳозир Ўзбекистон ҳамма учун эшикларни ёпиқ қўядиган вақт ва иқтисодий аҳволда эмас, - дейди у. – Мамлакат мустақил равишда ҳаёт кечира олмайди, шунинг учун ҳам улардан мажбуриятларини бажаришларини қатъийроқ талаб қилишлари керак эди”.
Шарҳловчилар шунингдек, санкцияларнинг тўлиқ равишда бекор қилиниши Ўзбекистон расмийларини бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқларини бузишларига рағбатлантириши мумкин бўлади, дея ўйлаяптилар.
Ўтган 2009 йилда бир нечта ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинди, мустақил журналист Дилмурод Саййидни ўн икки ярим йилга озодликдан маҳрум этдилар. Расмийлар ўзларини ҳар қанча оқлашга уринаётганларига қарамай, болалар меҳнатидан фойдаланишда давом этмоқдалар.
“Сўнгги санкцияларнинг бекор қилинишини расмий Тошкент карт-бланш сифатида қабул қилмоқда. Расмийлар бундан кейин ҳам эркинликларни шавқатсиз равишда бостирадилар”, - дея хулоса қилади Икрамов.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)