Ўзбекистон: Сўз эркинлиги борасида яхши томонга ўзгаришларни кутиш соддалик бўлиб қоларди

Ўзбекистон: Сўз эркинлиги борасида яхши томонга ўзгаришларни кутиш соддалик бўлиб қоларди

Wednesday, 18 June, 2008
-форум шуни кўрсатдики, Тошкент сўз эркинлиги борасида очиқ диалог мавжудлигини намойиш этиш истагини кўрсатди, холос дея ҳисобламоқдалар шарҳловчилар.



Шу йилнинг 9-10 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкентда “Замонавий демократик жамиятда оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги тўғрисида” дея аталувчи халқаро конференция бўлиб ўтди. Маҳаллий ахборот агентликларининг хабар беришига кўра, бу анжуманда ўн саккиз мамлакатдан келган эксперт ва журналистлар иштирок этдилар.



Аввали бошидан бу тадбир Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилганди. Аммо, май ойининг охирига режалаштирилган қўшма форум ўтказилганни йўқ. Оқибатда форум Ўзбекистон расмийлари учун ўта дўстона воқеага айланди ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилотлари бу тадбирни “қайғули саҳна асари” дея атадилар.



Мутсақил Интернет нашрларининг хабар беришича, расмийларга нисбатан танқидий кайфиятда бўлган журналистлар ҳамжамияти конференцияга яқин йўлатилгани йўқ. Иштирокчилар орасида фақат “ЎзА” Миллий ахборот агентлиги, Миллий телевидение ва радио компанияси ва Uzbekistan Today ҳафталик нашри мухбирларини кўриш мумкин эди, холос.



Анжуманда халқаро нашрлар вакиллари сифатида Жанубий Кореянинг “The Korea Post” журнали, Мисрнинг “Ал-Масаийа”, Қувайтнинг “Ал Аламия” журнали ва Франциянинг оз ададли “Letters from Bastille Republique Nation” газеталари иштирок этдилар.



Анжуманга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Миклош Хараштидан ташқари халқаро журналистика ташкилотлари вакилларини ҳамда чет эл оммавий ахборот воситаларининг мухбирларини ва ҳуқуқ ҳимоячиларини конференцияга яқин йўлатмадилар.



Олдинроқ Европа Иттифоқи томонидан медиа-форумга таклиф этилган Халқаро инқироз гуруҳи (ICG), “Хьюман Райтс Вотч”, “Чегара билмас репортёрлар” ва “Очиқ жамият институти” ташкилотлари 9 июнь куни ўзларининг қўшма баёнотларида Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид остига олдилар.



Ҳуқуқ ҳимоячилари расмий Тошкентни цензуранинг барча шаклларини ва журналистларни таъқиб этишни тўхтатишга, мамлакатга халқаро матбуотнинг қайтишига ва ишлашига ижозат беришга ва касб фаолияти учун озодликдан маҳрум этилган журналистларни озод этишга чақирдилар.



Конференция бошланишидан икки кун олдин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Қорақалпоғистон автоном республикасида истиқомат қилувчи мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновга банг моддаларини сақлашда айблов эълон қилиб, уни ҳибсга олдилар.



Бундан ташқари, медиа-форум ўтаётган кунлари давлатга қарашли телеканаллар бир неча бор “Озодлик Радиоси/Озод Европа Радиоси”нинг ўзбек тили хизматида фаолият юритаётган журналистлар ҳақида бир соатлик кўрсатувни намойиш этдилар. Кўрсатувда “Озодлик Радиоси” ўзбек хизматининг мухбирлари “давлатга қарши фаолият юритишликда” айбландилар.



Оммавий ахборот воситалари соҳаси бўйича экспертлар ва шарҳловчилар Ўзбекистонда матбуот эркинлиги атрофидаги вазиятнинг тобора ёмонлашаётганини қайд этмоқдалар.



“Ушбу конференция Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасидаги аҳволнинг яхши томонга ўзгаришига туртки бўлиб қолиши кутилганди”, - дейди мамлакатда қолган саноқли чет эл мухбирларидан бири. “Аммо бунинг ўрнига биз Ўзбекистон билан сўз эркинлиги борасида диалог олиб бориш ва қандайдир яхши томонга ўзгаришларни кутиш соддалик эканлигига яна бир бор ишончимиз комил бўлди”.



Тошкентлик медиа-шарҳловчисининг тахмин қилишича, конференция ташкилотчилари Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлиги ҳақидаги ҳаммага очиқ ва равшан бўлган аҳволни яширишни мақсад қилиб олгандилар. Айнан шунинг учун ҳам улар Ўзбекистонда сўз эркинлиги мавжудлиги ҳамда давлат томонидан оммавий ахборот воситалари устидан қатъий назорат ўрнатилгани борасида шубҳа-гумон изҳор эта оладиган бирорта иштирокчини конференцияга яқинлаштирганлари йўқ.



“Эътиборли жойи шундаки, Ўзбекистон ичида оммавий ахборот воситалари бўлиб ўтган конференция ҳақида деярли ҳеч қандай хабар берганлари йўқ. Кўринишидан, расмийлар мамлакат фуқаролари ва оддий ўзбекистонлик журналистлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида қандайдир анжуманда муҳокама қилинаётганини билишлари ва бу ҳақда ўйлашларининг кераги йўқ деб ҳисоблайдилар, шекилли”, - дейди медиа-шарҳловчи.



Ўзбекистонлик мустақил журналистлардан бирига кўра, АҚШ ва Европа билан “дўстона” муносабатларнинг янгилангани билан расмийлар оммавий ахборот воситалари устидан ўз назоратларини сусайтириш шарт эмас дея қарор қилганлар.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).
Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists