Ўзбекистон: Талабалар кодекси ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда

Ўзбекистон: Талабалар кодекси ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда

Students in Tashkent. (Photo: IWPR)
Students in Tashkent. (Photo: IWPR)

Ўзбекистондаги талабалар, улар фикрича, мавжуд меъёрларни кескинлаштирувчи янги қонун-қоидалардан саросимага тушганлар. 

Янги ўқув йилидан барча ўқув муассасалари талабаларига Ўзбекистон Таълим вазирлигининг махсус ҳужжатида баён этилган аҳлоқ меъёрларнинг сўзсиз бажариш буюрилган.

Декабрь ойида лицей, коллеж ва университетларда ўқийдиган барчани 23 варақли Талабалар кодекси билан танишиб чиқиш ва талабаларга ўзини “миллий мустақиллик мафкурасига мос” тутиш буюрилган ҳужжат остига шахсий имзосини қўйиш мажбуриятини юкладилар.

Янги меъёрларни бузганларга сессияда синовлардан ўтолмаслик ва бунинг ортидан ўқув даргоҳидан ҳайдалиш хавф солади.

“Бизнинг ҳар бир қадамимиз ўлчанган, бизга нима қилиш ва қандай қилишни белгилаб бераяптилар”, - дейди норозилик билан Тошкентдаги Педагогика университетининг 23 ёшли толибаси Мадина янги қоидаларнинг қамоқхона тартибига менгзашини айтаркан.

Талабаларнинг кўпроқ ғазабини қўзғатган нарса “ёт диний ва экстремистик таъсирга йўл қўймасликка кўмаклашиш”, “олий ўқув юрти ички муаммолари”га дахлдор ҳар қандай маълумотни Интернетга жойлашнинг таъқиқланиши, “профессор-ўқитувчилар таркиби ҳақида танқидий фикрлар билдириш”га йўл қўйилмаслиги бўйича талаблар бўлди.

Ёшлар бу каби чекловлар юзасидан қизишиб фикр билдирмоқдалар, улар бу чекловларнинг амалдаги қонунларга номувофиқ эканини айтмоқдалар. Масалан, улар ёт таъсирларга йўл қўймасликка қандай қилиб кўмаклашиш мумкинлиги ва барча ёшлар даврасида бўлгани каби талабалар турмушини Интернетда нима учун муҳокама қилиш мумкин эмаслигини билмай бошлари қотганини таъкидламоқдалар.

“Бу цензурага йўл қўйилмаслиги қайд этиб қўйилган Конституцияга зид келади, - дея урғулайди юридика факультетида ўқийдиган йигит. - Бу ҳар бир одам, шу жумладан, талаба ҳам ахборот олиш, тадқиқ қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгалигини кўзда тутувчи “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунга ҳам зиддир”.

Сўнгги йилда Ўзбекистонда Интернетнинг шиддат билан ривожланиши, иштирокчилари асосан ёш фуқаролар бўлиб ҳисобланган ижтимоий тармоқлар ва форумлар кенг қулоч ёйиши қайд этилди.

Фарғоналик онлайн-муҳит шарҳловчиси маҳаллий фойдаланувчилар тармоқда мулоқот қилишга тобора ўрганиб бораётганлари, воқеаларни шарҳлаш ва кўплаб масалалар бўйича ўз нуқтаи назарларини билдиришга кўникиб бораётганларини таъкидлайди.

“Талабалар турли мавзуларда, шу жумладан, ўз олийгоҳлари ичида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳам гапиришни истайдилар”, - дейди шарҳловчи.

Кодексда акс этган бошқа тутуриқсиз таъқиқлар орасида эътибор жалб қиладиган кийимлар - ўта кўзга ташланадиган, очиқ ёки диний либослар кийиш; ўқув даргоҳларида “миллий зеҳниятга ёт рок-мусиқа услубидаги концертлар ўтказиш” кабилар ҳам бор.

Амалдорлар эса аксинча чекловчи қонун-қоидалар мажмуасининг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ, деб биладилар ва уни зарур ҳужжат, деб ҳисоблайдилар. Чунки, уларга кўра, ҳозирги пайтгача талабаларнинг юриш-туриши ҳеч қандай меъёр билан тартибга солинмаганди. Улар бундай “аҳлоқ” ўсиб келаётган авлод учун фақат фойда келтиради, деган фикрдалар.

“Ўқув даргоҳини қуюшқондан чиқиш жойига айлантириб олмаслик керак”, - деди Ўзбекистон Таълим вазирлиги бўлинмаларидан бирининг раҳбари бўлган Жаҳонгир Исмоилов.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Media
Frontline Updates
Support local journalists