Ўзбекистон террористик таҳдидлардан хавотирда

Ўзбекистон террористик таҳдидлардан хавотирда

Bridge connecting Afghan town of Hairatan with Termez in Uzbekistan – a key transit route. (Photo: Bundeswehr-Fotos/Flickr)
Bridge connecting Afghan town of Hairatan with Termez in Uzbekistan – a key transit route. (Photo: Bundeswehr-Fotos/Flickr)

19 ноябрь куни Ўзбекистонда чиқувчи «Правда Востока» ҳукумат газетаси 16 ноябрдан 17 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган темирйўл кўприги портлаши юзасидан жиноий иш қўзғатилганини хабар қилди. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳақида маълум қилинмади, бироқ ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи исми сир қолишини истаган манба терговнинг асосий версияси террорчилик хуружи эканини айтди.

Портлаш Термиз-Қўрғонтепа темирйўл линиясининг Ғалаба ва Амузанг станциялари ўртасидаги кўприкда, Юк етказиб бериш шимолий тармоғининг таянч ва юк ортиш- тушириш пункти бўлиб ҳисобланувчи Термиз шаҳри яқинида содир бўлди. Бу жой орқали Афғонистондаги коалиция қўшинлари таъминоти учун юк транспортировкаси амалга оширилади.

Мазкур икки станция ўртасидаги темирйўл кўтармаси (Афғонистон чегарасидан унча узоқ бўлмаган жойда) Амударё қирғоғи ёқалаб ўтади. Ўзбекистоннинг Ғалаба станциясидан вагонлар Афғонистоннинг Хайратон станциясига юборилади. Юк етказиб бериш шимолий тармоғи доирасида юкларнинг катта қисми ташиш Қарши-Термиз йўналиши бўйича амалга оширилсада, бу ердан узоқ бўлмаган жойда портлаш содир бўлиши айрим шарҳловчиларда хавотир уйғотди.

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев кўприк бузилиши «ҳақиқий террорчилик хуружи» бўлган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади, негаки бу йўлда Ўзбекистон транспорт логистикасининг бутун тизими бирлашиб боғланган.

“Афтидан, кимдир бу инфратузилманинг барқарор ишлашига қай бир йўсинда таъсир кўрсатишни истаётган кўринади”, - дейди таҳлилчи. Йўлдошев бу ишни қилганлар экстремист бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.

Хавфсизлик соҳаси бўйича фарғоналик таҳлилчи ҳам йўлнинг бу каби муҳим стратегик қисмида жойлашган мамлакат учун реал хавф-хатар эҳтимоли тўла мавжудлигини, шунинг учун ҳам вазиятни беқарорлаштиришдан “манфаатдор бўлган шахслар” кўплаб топилишини айтади. Эксперт террорчилик борасида хотиржам бўлмаслик кераклигини маслаҳат беради ва Ўзбекистон 1999, 2002 ва 2004 йилларда бир неча бор террорчилик хуружларидан ларзага келганини эслатади.

“Атрофда нималар бўлаётганига бир қаранг, - дея таъкидлайди эксперт. - Террорчилик дунёни ва минтақани титратаяпти, ҳатто бир пайтлар тинч бўлган Қозоғистонда ҳам портлашлар қулоқни қоматга келтираяпти”. (Бу ҳақда Тараз террорчилик хуружидан ларзага келди (Тараз потрясен терактом) мақоласида ўқинг)

Транспорт, метро ва кўча-кўйдаги террорчилик хуружларининг олдини олиш учун аҳолини огоҳликка даъват этишни Ўзбекистон расмийлари июнь ойидаёқ бошлаб юборганди. (Бу ҳақда Ўзбекистон: эҳтимолий таҳдид олдидан эҳтиёт чоралари кучайтирилди (Узбекистан: усилена бдительность перед возможной угрозоймақоласида ўқинг)

Сентябрь ойида президент Ислом Каримов темирйўл юклари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун-қоидаларни кучайтирувчи қонунни имзолаган. Йўловчи ташувчи вагонларга олиб кириладиган юкларни текшириш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада кучайтирилган, айрим вокзалларнинг перронларига эса кузатувчиларни киритмай қўйгандилар.

“Мамлакатда яқинлашиб келаётган террорчилик хавфи юзасидан хавотир кейинги бир неча ой ичида яхшигина сезила бошлади”, - деди “Ўзбекистон темир йўллари” марказий аппарати ходими. Бироқ у бу хавфсизлик чоралари “самарасиз”лигидан нолиди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
   

Conflict
Frontline Updates
Support local journalists