Ўзбекистон: Транспортдаги портлашлардан сўнг автоустахоналарда ёппасига текширувлар бошланди

Ўзбекистон: Транспортдаги портлашлардан сўнг автоустахоналарда ёппасига текширувлар бошланди

Автосервис хизматлари ҳайдовчилари ва ходимлари текширувлардан сўнг ё ишидан маҳрум бўлишларидан ёки бўлмаса, қимматбаҳо хавфсиз жиҳозларни сотиб олишга мажбур бўлишларидан хавотир олмоқдалар.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат назорати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ), Экологик ҳаракат, прокуратура вакиллари иштирокидаги махсус комиссия 16 май куни автоустахоналарни хавфсизлик техникасига мослик ва жиҳозларнинг сертификатлари мавжудлиги юзасидан текширув ўтказишни бошлади.

Бу текширувлар Тошкент четидаги Қўйлиқ турар-жой массивида газ-ёқилғи системаси билан жиҳозланган юк автомашинаси портлаганидан сўнг бошланди. Машинадан бир тўп темир-терсак қолгани билан, унинг ҳайдовчиси омон қолди.

Бир неча кун илгари, 11 май куни Ўзбекистон пойтахтида йўналишдаги автобуснинг портлаши етти кишининг ҳалок бўлишига олиб келди. Ўн бир нафар йўловчи яраланди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, фожеа газ жиҳозини ўрнатишда хавфсизлик техникасига риоя қилинмагани боис содир бўлган. Ишончли манбаларга кўра, бу жиҳозларнинг 90 фоизи сертификатланмаган экан.

Автосервисдаги мутахассис автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича техник станцияларни текшируви бошланганига ижобий муносабат билдирди ҳамда устахоналар қаттиқ назорат остига олиниши зарурлигини қайд этди.

Бироқ у текширувлардан сўнг устахоналарнинг “мутлақ аксарияти” жиҳозларнинг мавжуд қоидалар талабларига жавоб бермагани туфайли ёпилиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-чи йилларида самарадорликни ошириш мақсадида транспорт воситаларини газ ёқилғисига ўтказиш бошланган. Бензин сифатининг пастлиги, унинг етишмовчилиги ҳам бунга туртки бўлган. Кейинроқ, бензин нархи оша бошлаганидан сўнг, газдан транспортда фойдаланиш афзаллиги фақат унинг нисбатан арзонлигида бўлган, холос.

“Газда биз анчагина тежаб қоламиз, - дейди маршрут такси ҳайдовчиси Алексей. – Агар бензинда юрадиган бўлсак, топган пулимизни заправкага топширишга тўғри келади”.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бир литр бензиннинг нархи бир бир ярим АҚШ долларни ташкил этмоқда. Газ ёқилғисидан фойдаланиш, агар бу пропан-бутан қоришмаси бўлса икки баробар арзонга тушаяпти, бордию метан асосидаги қоришма қўлланилса, тўрт баробаргача арзонроқ бўлиши мумкин.

Бироқ, транспорт воситасини бензин ёки дизель ёқилғисидан газ ёқилғисига ўтказиш учун махсус жиҳоз ўрнатиш керак. Маҳаллий аҳоли учун бундай жиҳоз арзон эмас, ишлаб чиқарилган мамлакатга қараб унинг нархи 120 доллардан 400 долларгача етиши мумкин. Демак, бу кўпчилик ҳайдовчилар учун қимматлик қилади.

Шунинг учун ҳам устахоналар арзонроқ, аммо сифати пастроқ бўлган Хитойда ишлаб чиқарилган, аввал ишлатилган ва ўз муддатини ишлаб бўлган ёки ишлаб чиқаришдан олиб ташланган жиҳозларни таклиф этмоқдалар. Кўпинча, бу жиҳозларда эски газ тақсимловчи система ўрнатилган бўлади.

“Автотрассада кимдир портлаб кетгани ҳақида биз ҳар ҳафтасига эшитамиз, - дея ўз кузатувлари билан фикрлашади маҳаллий такси ҳайдовчиси Бекзод. – Авария бўлганида жиҳоз бузилади ва кичкина учқун газнинг портлашига олиб келади. Ҳеч ким омон қолмайди бунда”.

Тошкентдан Фарғона водийсига мижоз ташишда ихтисослашган Анвар исмли бошқа таксичи ўзининг автомашинасига сифати паст жиҳоз ўрнатган ва унинг ўзи бу иши нақадар хатарли ва ҳаёти чинакам хавф остида эканлигини тушуниб етади. Бироқ пул ишлаш иштиёқи ҳамда оиласини боқиш мажбурияти уни шу ишни қилишга мажбур қилмоқда.

Агар дўппи тор келадиган бўлса, у қимматбаҳо газ жиҳози сотиб олишига ёки бензинга ўтишига тўғри келади, бироқ ҳар қандай ҳолатда унинг ҳаражатлари мижозлари ҳисобига қопланади.

Тошкентдаги техник хизмат кўрсатиш станцияларидан бирининг бошқарувчиси Александр Васьковнинг қайд этишича, агар сервис устахоналарига нисбатан қатъий чоралар кўриладиган бўлса, уларнинг кейинги иши устидан назорат ўрнатишга тўғри келади. Негаки, қўлланишга тавсия қилинадиган замонавий газ-баллон жиҳозларини ўрнатиш учун сифатли ишнинг бажарилиши талаб қилинади.

Унинг айтишича, кўпинча автосервис усталари баллонларни юкхонаси катта бўлмаган автомобилларга юк бўлими қапқоғи ёнида ўрнатадилар, бу эса хавфсизлик техникаси қоидаларига тўғри келмайди.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Matiz ёки Tico автомашиналарда баллон деярли кўчага ўрнатилади. Агар орқадан келиб секин туртиб қўйилса ҳам, жиҳозни пачақлаб қўйиш мумкин. Оқибатда эса портлаш учун жуда хавфли бўлган газ оқишга бошлайди”, - дейди Васьков.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.

 

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists