Ўзбекистон: Турар-жой биноларининг эгалари ўз ҳуқуқларининг поймол этилишидан ташвишга тушиб қолдилар
Ўзбекистон: Турар-жой биноларининг эгалари ўз ҳуқуқларининг поймол этилишидан ташвишга тушиб қолдилар
Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2009 йил октябрь ойининг бошланишида матбуот-варақчасини ёйинлаб, турар-жой эгаларининг ҳуқуқларини мониторингини ўтказганини ҳамда унинг натижаларига кўра “одамларнинг қонуний ҳуқуқлари оммавий равишда бузилаётгани” аниқланганини маълум қилди.
Бу аҳвол Тошкент шаҳрининг қайта қурилиши бўйича Бош режанинг амалга оширилиши билан боғлиқ бўлиб, мазкур режага кўра, мамлакат пойтахти замонавий кўринишга эга бўлиши керак.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2007 йил май ойида чет эл қурилиш ширкатига пойтахтнинг Яккасарой туманида умумий майдони беш гектардан зиёд бўлган ер участкаси ажратиб берди. Бу ерда кўп қаватли уйлар, офислар учун бинолар ҳамда маданий ва кўнгилочар тадбирлар учун турли иншоотлар қурилиши режаланган.
Бу ерда шўролар даврида қурилган кўп қаватли ва бир қаватли уйлар жойлашган бўлиб уларнинг баъзилари нураб истиқомат қилиш учун ярамайдиган ҳолатга келиб қолгани билан, бошқалари ҳали мустаҳкам.
Айни пайтда қурилиш ширкати уй эгалари билан уйларни бузиш тўғрисида музокаралар олиб бормоқда, уйларнинг бир қисми бузилиб бўлди ҳам.
Бироқ, одамлар шаҳар марказидаги уйларини тарк этишни истамаяптилар, негаки, уларга бузиладиган уйлар учун паст нархдаги товон пули таклиф этишмоқда, бу пулга эса фақат шаҳар четида турар-жой сотиб олиш мумкин, холос.
Унчалик катта бўлмаган хусусий уйда истиқомат қиладиган аёлнинг айтишига қараганда, қурилиш ширкатининг вакили доим уни қўрқитмоқчи бўлиб, энг минимал товон пулига рози бўлиши лозимлиги ҳақида уқтириб келмоқда. Унинг айтишига кўра, ширкат вакили: “бир куни келиб ишдан уйга қайтганингизда, уйингизнинг томи йўқолиб қолганини кўрсангиз нима қиласиз? Бизнинг қурилиш кранимиз тасодифан томингизга тегиб кетиши мумкин-ку, ахир”, - деб қўрқитаётган экан.
Тошкентдаги марказий кўчалардан биридаги кўп қаватли уйнинг уч хонали квартирасида истиқомат қилувчи Мирсайид Мирзаевнинг айтишича, бузилаётган квартира эвазига тўланажак товон пулининг озлиги уни қониқтирмайди: “Бизнинг квартиранинг нархи 75 минг долларга тенг, қурилиш компаниясининг штаби эса бизга бор-йўғи 30 минг доллар таклиф этаяпти”.
Мирсайидов бу пулга пойтахтнинг четида квартира сотиб олиши мумкин, аммо у шаҳар марказида яшашга кўникиб қолган.
“Одамларни кўчириш маъмурий-буйруқбозлик услубларни қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда, - деди номи ошкор этилмаслик шарти билан фуқаролик ишлари бўйича ихтисослашган тошкентлик адвокат. – “Мулк тўғрисида” Қонунининг бузилиши эса давлатнинг ҳуқуқий маданияти паст эканлигини акс эттиради”.
Ўзбекистон Конститутцияси ва 1990-чи йилда қабул қилинган “Мулк тўғрисида” Қонунига мувофиқ мамлакатда мулк дахлсиз саналади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг 2006 йилда қабул қилинган “Давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкаларини мусодара қилиш муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга келтирилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида” низоми мавжуд.
Ҳужжатга кўра, “бузилаётган турар-жой бинолари, иншоотлар ва дарахт кўчатлари учун муносиб уй-жойлар ёки уларнинг қийматига тенг бўлган товон пули тўлаш лозим бўлади”.
Бироқ шарҳловчиларнинг қайд этишларича, қурувчи компаниялар ўз ишларида бошқа қонун ости актларидан фойдаланмоқда.
Яккасарой тумани ҳокимлиги 2007 йилда ўзининг “Товон пули тўлаш тартиби” низомини тасдиқлади. Ушбу низомга кўра, турар жой учун бозор нархига қараганда икки баробар кам товон пули тўлаш кўзда тутилади.
Мисол учун, бузилган бир хонали квартира учун ўн етти минг долларга яқин, икки хонали учун – йигирма икки минг доллар, уч хонали квартира учун эса йигирма етти минг долларгача товон пули тўланади. Бундан ташқари, бузилган уйлар учун уйнинг катта-кичиклигига қараб эмас, балки унда истиқомат қилаётган одамлар сонига қараб товон пули белгилайдиган маҳкама директивалари ҳам мавжуд. Бу тартиб қўлланганида ҳам турар-жой биносининг ҳақиқий баҳосидан анча кам товон пули тўлашга тўғри келади.
Шарҳловчилар уйлари бузиладиган даҳалар аҳолиси ҳуқуқий жиҳатдан лаёқатсиз бўлиб қолаётганларидан хавотир олмоқдалар. Бу одамларда танлаш ҳуқуқи йўқ, улар фақат давлат томонидан белгиланган миқдорда товон пули олиш ва Тошкент четига кўчиб ўтишга маҳкумлар.
Рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг фаол аъзоси Олег Сарапуловнинг прогноз қилишича, бундан кейин ҳам уй эгаларининг ҳуқуқлари поймол этилиши давом этади.
“Шу чоққача уйлар бузилганида ва унинг эгалари кўчирилганида уларнинг ҳуқуқлари поймол этилмай қолганини кўрганим йўқ, - дейди Олег Сарапулов. – Ҳозир расмийлар Қўйлиқдаги [Тошкент четида] турар-жой массивларини ҳам бузишга киришмоқчилар. Бузилаётган уйлар учун товон пули эса киши бошига бор-йўғи 5 миллион сўм [3330 доллар] белгиланган. Бироқ, биз уй-жой эгаларини охиригача ҳимоя қилишга, қурувчи компанияларидан муносиб турар-жой берилишини талаб қилмоқчимиз”.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)