Ўзбекистон-Туркманистон: таназзул оқибатларини қандай юмшатиш мумкин?

Ўзбекистон-Туркманистон: таназзул оқибатларини қандай юмшатиш мумкин?

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг инфратузилма нураб, инсон заҳираси йўқолиб бораётган Марказий Осиё мамлакатларидаги инқирозий вазият ҳақидаги хулосалари NBCA шарҳловчилари орасида баҳс уйғотди.

Туркманистонлик экспертлар таълим олиш имкониятини яхшилаш лозим, деб ҳисобласалар, ўзбекистонлик таҳлилчилар иқтисодиётнинг хусусий сектори устидан назоратни юмшатиш зарурлиги ҳақида гапирмоқдалар.

3 февраль куни Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи “Марказий Осиё: Емирилиш ва парчаланиш” (“Central Asia: Decay and Decline”) ҳисоботини ёйинлади. Унда Марказий Осиё мамлакатларидаги инфратузилма – совет даврида қурилган йўллар, электр станциялари, касалхоналар, мактаблар нураб, аста-секинлик билан, бироқ муттасил равишда емирилиб бораётгани, уларнинг аҳволини назорат қилган совет мутахассисларининг сўнгги авлоди эса бора-бора йўқ бўлиб бораётгани қайд этилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон афтида битта йўналиш бўйлаб ҳаракат қилмоқдалар, бироқ ҳаққоний маълумотлар йўқлиги туфайли вазиятга баҳо бериш қийин, дейилади ҳисоботда. “... Маҳаллий расмийларнинг жимжимадор-некбинона баёнотлари ҳақиқий аҳволни мутлақо акс эттирмайди. Туркманистондаги касалхоналар олд томонининг мармар қопламалари ва Ўзбекистон раҳбариятининг фаровонлик ҳақидаги ёлғондакам ҳисоботлари бу мамлакатлар муаммолари ечимининг кўрсаткичи бўлиб ҳисобланмайди”.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи тадқиқотчилари мамлакатлар ҳукуматларига Болтиқбўйи ва Грузия намунаси асосида коррупцияга барҳам бериш бўйича режаларни, ишчи кучини ушлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишни, техник ислоҳотлар ўтказишни таклиф қиладилар.

Марказий Осиёнинг нефть ва газга бой бўлган бу икки мамлакати расмийлари ёпиқ сиёсат олиб боришни афзал кўрадилар, бу ерда реал статистика очиқланмайди, ОИТВ-ОИТС, сил касаллигининг қулоч ёйиши, қашшоқликнинг кучайиб бораётгани, ишсизлик ва меҳнат муҳожироти мавжудлиги каби кўплаб ижтимоий муаммолар борлиги инкор қилинади. Бу мамлакатлар фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари чекланган бўлиб, турмушнинг барча жабҳалари устидан давлатнинг қатъий назорати ўрнатилган.

NBCA томонидан сўралган экспертлар Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи хулосалари ҳаққонийлигини эътироф этдилар, бироқ улар ҳисоботда асосий ҳаракатлантирувчи куч – Ўзбекистон ва Туркманистондаги инсон капиталининг шакллантирилиши бўйича назардан соқит қилинган айрим жиҳатларга эътибор қаратдилар.

“Туркманистонлик амалдорлар мактаб битирувчиларининг мамлакатда олий таълим олиш имконияти чекланганига диққат қилишлари лозим, - дейди Болгарияда истиқомат қилувчи Туркманистон инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси раҳбари Тожигул Бегмедова. – Олий ўқув юртларининг етишмаслиги, ёшларнинг хорижга чиқиши чекланиши, маҳаллий ўқитувчиларнинг нопрофессионаллиги - ҳукуматнинг ҳам, донорларнинг ҳам саъй-кўшишини шу жиҳатларга йўналтириш керак”.

2007 йилда, президент Ғурбанғули Бердимуҳаммедов ҳокимият тепасига келганидан кейин аввалги давлат раҳбари томонидан қисқартирилган 10 йиллик ўрта ва беш йиллик олий таълим қайта тикланди, бироқ бу сезиларли самара бермади.

“Аслини олганда ўқиш давомийлиги шунчаки арифметик жиҳатдан узайди, амалда эса дастур ишлаб чиқилмаганди, шу важдан 10-синф ўқувчилари ўтган материални яна қайта хатм қилдилар”, - дейди жанубий вилоят маркази Марвдан бўлган мактаб ўқитувчиси.

Айни пайтда хорижда яшовчи туркманистонлик иқтисодий таҳлилчи Аннадурди Ҳожиев қўшимча иш ўринлари ташкил этиш ва иқтисодиётнинг муҳим соҳаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни таклиф этади.

“[Расмийлар] кучларини бошқа ёққа йўналтириб, янги электр станциялар қуриш ёки мавжуд ГЭСларни, электр узатиш линияларини капитал таъмирдан чиқариш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқишлари зарур, чунки аҳолининг кўпайиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши билан қўшимча энергетик қувватга эҳтиёж туғилади”, - дейди таҳлилчи.

Ўзбекистонда эса хусусий сектор устидан қатъий давлат назорати ўрнатилгани ва коррупциянинг барча жабҳаларни қамраб олгани оғриқли мавзу бўлиб қолаётгани, бу ҳолат меҳнат ресурсларида салбий акс этаётганини айтмоқдалар.

“Мамлакатда тўлақонли легитим хусусий мулкчилик пайдо бўлолгани йўқ”, - дея қайд этади тошкентлик таҳлилчи Ронаш Дўстов.

У ижарага олинган ерларида ўз зиёнига пахта етиштириб, давлат буюртмасини бажараётган фермерларнинг қулларча меҳнати ва расмийларнинг турли баҳоналар билан хусусий уйлар, тадбиркорларга тегишли савдо шаҳобчалари ва қаҳвахоналарни бузиб ташлаётганини келтириб ўтади.

“Эртанги кунига ишонмайдиган, кафолатлардан маҳрум бўлган, ҳар доим пора бериш зарурлиги ҳақида ўйлаб юрадиган тадбиркор узоқ муддатли ишга маблағ сарфлагандан кўра чайқовчилик, молиявий фирибгарлик ва судхўрлик билан шуғулланишга ўтади”, - дея хулосалайди Дўстов.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Frontline Updates
Support local journalists