Ўзбекистон-Туркманистон: веб-лойиҳалар воқеликни акс эттиради

Ўзбекистон-Туркманистон: веб-лойиҳалар воқеликни акс эттиради

Гульасаль Камолова, независимый журналист из Узбекистана, выступает с презентацией на форуме. (Фото: IWPR)
Гульасаль Камолова, независимый журналист из Узбекистана, выступает с презентацией на форуме. (Фото: IWPR)

Марказий Осиёдаги ушбу икки мамлакатда фойдаланувчилар сони ошиб бораётганига қарамай, Интернет ривожида ҳозирча кескин олға силжиш кутилаётгани йўқ.

Май охирида Олмаотада бўлиб ўтган InternetCA - 2012 Марказий Осиё форумида Интернетнинг ёйилиш даражаси, унинг жамиятга бўлган таъсири, миллий контентнинг ривожланиши, Марказий Осиё интернет-журналистикасидаги асосий трендлар ҳамда веб-фазода фикр билдириш эркинлиги имконияти кабилар муҳокама қилинди.

Веб-сайтлар тобора кўпроқ оддий одамлар учун ахборот манбаси бўлган қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда Интернетнинг ривожланиши ва тижоратлашуви қабатида Ўзбекистон ва Туркманистон виртуал олами ўзлаштирилмаган ва маҳдуддай кўринади. Бунга, форумда ўз тадқиқотларини тақдим қилган экспертларнинг сўзларига кўра, давлатнинг веб-контент устидан ўрнатган қаттиқ назорати, мустақил ва мухолифатдаги сайтларнинг блокировка қилиниши, Интернет тезлигининг паст экани, мустақил провайдерларнинг йўқлиги ва интернет-хизматларнинг қимматлиги таъсир қилмоқда.

Internetworldstats.com маълумотларига кўра, аҳолиси 28 миллион бўлган Ўзбекистонда фуқароларнинг тақрибан 27 фоизи виртуал тармоққа кира оладилар, аҳолиси 5 миллион бўлган Туркманистонда эса 2 фоиз аҳоли Интернетдан фойдаланади.

Бир қарашда, дейлик, Ўзбекистон виртуал фазосидаги фойдаланувчиларнинг шитоб билан ўсиб бораётгани ахборот олиш йўлларининг кенгаяётганидан далолат бераётгандай. 2011 йили бу мамлакатда Facebook, Twitter, Skype ва ICQ каби ресурслар ҳамда odnoklassniki.ru ва vkontakte.ru каби русийзабон сайтларга бўлган қизиқиш кутилмаганда учдан бирга ошгани қайд этилди.

Аммо бу қизиқиш кўпроқ ижтимоий тармоқларда ўз ўрнини топмоқчи бўлган ёшлар аудиторияси томонидан билдирилмоқда.

Бухоролик мустақил журналист ва блогер Гуласал Камолованинг айтишича, Россия ресурсларида ўзбекистонликлар ўз муаммолари ҳақида эмин-эркин гапиришлари мумкин бўлгани ҳолда, UZ доменида мавжуд қаттиқ цензура миллий ижтимоий тармоқлар бўлмиш Sinfdosh.uz, Vsetut.uz, ID.uz, Muloqot.uz, Myjobs.uz , My.OLAM.uz каби сайтларнинг маҳаллий фойдаланувчилар орасида машҳур бўлиб кетишига тўсқинлик қилади. Ваҳоланки, расмийларнинг кўпгина мустақил сайтларга кириш йўлларини чеклаш бўйича кўраётган чоралари интернет фойдаланувчиларнинг қўлларини боғлаб қўяяпти.

2011 йили веб-ҳамжамият “араб инқилоблари”ни фаол муҳокама қилган пайтда Ўзбекистон ҳукумати янада қаттиқ чекловлар ўрнатиб, асосан Европа ва Америкага тегишли блокировка қилинган сайтлар рўйхатини кенгайтирди. (“Ўзбекистон расмийлари интернетдан фойдаланиш ошгани боис тинчини йўқотдилар”, “Интернет “бузғунчи куч” ўлароқ эътироф этилди”)

Ҳозирги пайтда Gazeta.uz, 12.uz, olam.uz, podrobno.uz, anons.uz каби 173 та ўзбек веб-портали оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинганига қарамай, одамлар бу сайтлардан бошқа мамлакатларда бўлгани каби муқобил ахборот олиш имконидан маҳрумлар. 

“[Бу сайтлар] “copy paste” кенг қўлланадиган янгиликлар ва кўнгилочар ресурслар қоришмасидан иборатдир, - дейди ўзбекистонлик медиаэксперт Сергей Наумов. – Уларда шахсий контент йўқ, асосий ташриф буюрувчиларининг сони эса камдан-кам ҳолларда 2-3 минг кишидан ошиши мумкин”.

Бироқ эксперт мақолалар тагидаги муштарийлар ўз фикрларини анча эркин билдирган айрим шарҳларга эътибор қаратади. “Ўзбекистон учун ноёб ҳодисадир, - дея давом этади Наумов. – Админлар муштарийларнинг болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши “хўжакўрсин” кураш, уйларда газ йўқлиги тўғрисидаги хабарлар тагида қолдирилган заҳархандаларини ўчириб ташламайдилар”.

Қўшни Туркманистондаги вазият бундан ҳам ёмонроқ. Гарчи расмийлар сўнгги бир неча йил давомида тахминан элликка яқин давлатга тегишли веб-лойиҳалар, асосан, вазирлик ва расмий идораларнинг сайтлари ҳамда бутун мамлакат бўйлаб 15 та интернет-клубнинг очилишини эришилган муваффақият сифатида тақдим этишга ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, виртуал тармоқ кўпчилик фуқаролар учун қўл етмас маъволигича қолаяпти.

“Туркманистонликларнинг кўпчилиги ҳозиргача Интернетнинг информацион ва коммуникацион вазифаларидан бехабарлар, - дейди форумда “Туркманистон: кибер фазо овлоқларида” дея номланмиш ҳисоботни тақдим этган IWPR муҳаррири Инга Сикорская. – Ташриф рекорди 2 дан 23 кишигача қайд этилган айрим маҳаллий сайтлар статистикасининг таҳлили виртуал муҳитга кириш имкони ва қизиқиш йўқлигини кўрсатаяпти”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Frontline Updates
Support local journalists