Ўзбекистон: тўй ва маъракалар расмийлар назорати остида

Ўзбекистон: тўй ва маъракалар расмийлар назорати остида

Ноябрь ойи бошида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари тўй-ҳашам, маърака ва бошқа маросимларни ўтказиш чоғида “ҳаддан ортиқ дабдабабозлик”ка йўл қўйгани учун Тошкент ресторан ва кафелари эгаларига 111 миллион сўм (тақрибан $40000) миқдорида жарима солингани ҳақида хабар тарқатдилар.

Тошкент шаҳар ҳокимияти ресторан эгаларини, агар уларнинг иши шу йил апрель ойида қабул қилинган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқлаштирилмаган тақдирда, янги катта жарималарга тортилиши ҳақида огоҳлантирган.

Тошкентдаги “Маҳалла” жамғармаси раиси Жовдат Иноғомов ресторан эгаларига солинаётган йирик миқдордаги жарималар уларнинг тўй-ҳашам, маърака ва бошқа маросимларни “асрлардан буён сақланиб келаётган анъаналарга мувофиқ, ортиқча дабдабабозликсиз ва исрофгарчиликсиз” ўтказишдан бош тортаётгани билан боғлиқлигини уқтирди.

Аввалроқ расмийлар иштирокчилар сони 150-200 кишидан ошмаган бу каби тадбирларни ўтказиш мумкин бўлган ресторан ва кафелар рўйхатини эълон қилган ҳамда уларнинг иш тартибини белгилаб берганди. Масалан, тўй ва бошқа оилавий тантаналар кечки соат ўн яримгача тугаши керак. Маърака ёки бошқа диний маросимлар чоғидаги анъанавий ош вақти эса икки соатдан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, ресторанда тадбир ўтказмоқчи бўлган фуқаро олдиндан ҳозирлик кўрилаётган тадбир, меҳмонлар сони ҳақида шаҳар ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилиши, ўз манзили ва алоқа учун телефон рақамларини қолдириши керак. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларига тадбир ташкилотчиларининг паспорт нусхалари, агар тадбирда дин хизматчилари иштирок этадиган бўлса, улар ҳақидаги маълумотлар ва телефон рақамлари, уларнинг олган таълими ва давлат қайдидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилиши лозим.

Бу чора-тадбирлар, амалдорларнинг сўзларига кўра, фуқароларнинг қимматга тушадиган тўй ва маъракаларга сарфлаяжак маблағларини қисқартиради. Бунақа харажатлар оила бюджетига жуда ёмон таъсир қилади, чунки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бу каби тадбирларни дабдаба билан ўтказиш, уларга жуда кўп қариндошлар ва танишларни таклиф қилиш одат тусига кирган.

Бир неча йил аввал шу каби қонун қўшни Тожикистонда қабул қилинганди; тўй ва дафн маросимларини ўтказиш учун ҳаддан ортиқ пул сарфлаш жанубий Қирғизистоннинг айрим жойларида ҳам таъқиқланган.

Доимий қаттиқ назоратга кўникиб қолган ўзбекистонликлар расмийларнинг бу ишни яхши ният билан амалга ошираётганига ишонмайдилар. Оилавий тантана ёки марҳумни хотирлаш маросимини ўтказиш учун нима учун бу қадар кўп тасдиқловчи ҳужжат, турли ҳужжат нусхалари, маълумотнома ва аризаларни тақдим этиш керак? – дея сўрамоқда одамлар.

Тошкентдаги ресторанлардан бирининг эгаси эндиликда ҳар ҳафтада ўзига қарашли муассасада ўтказилган тадбирлар бўйича махсус идоралар олдида ҳисобот беришга мажбур бўлаётганини айтади.

“Давлат турмушнинг барча жабҳаси ўзига тобеъ бўлишини истайди, эндиликда эса одамларнинг ҳордиқ вақтига ҳам аралаша бошлади”, - дейди норози оҳангда ресторан эгаси.

Назоратнинг кучайиши унинг даромади пасайишига ҳам сабаб бўлибди. Ҳокимият қарорига қадар унинг ресторани кўпроқ даромад келтирган, энди эса тадбир вақти чегаралаб қўйилгани ҳамда одамлар сони чеклаб қўйилгани туфайли унинг бизнеси зарар кўраяпти.

Яқинда уйланган 27 ёшли Анвар ўзининг тўйи чекловлар туфайли кўнгилдагидек ўтмаганидан шикоят қилади. “Тўйим оқшомги соат 19.00 да бошланди ва бизга ресторанда бор-йўғи уч соат ўтиришга рухсат беришди, - дейди Анвар. – Бундан ташқари, мен тўйга қариндошларимнинг ҳаммасини ҳам таклиф қилолмадим”.

Ресторан олдида милиция ходимлари навбатчилик қилишию уларнинг соат 22.00 дан бошлаб тўйни тўхтатишни сўрашга тушгани ҳам дилхираликка сабаб бўлган.

Тошкент ҳокимияти ходими аслини олганда тўйларга бошқа маросимларга, масалан, маъракаларга қараганда камроқ эътибор қаратилаётганини қайд этди. Бунда асосий жиҳат анча йиллардан буён расмийларни тинчини олган диний экстремизм кўринишларига қарши курашдир, дейди у.

“Ҳозир бизга маъракаларда қандай расм-русумлар амалга оширилаётгани, уларнинг анъаналаримизга тўғри келиш-келмаслигини ўрганиш тўғрисида кўрсатма берилган. Эҳтимол кимдир бундай маросимларда радикал ташкилотлар тарғиб қилаётган удумларни илгари сураётгандир”, - деди у.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

  

Armenia
Frontline Updates
Support local journalists