Ўзбекистон: уяли алоқа операторининг хонавайрон бўлиши сармоядорлар вазияти омонатлигини акс эттиради
Ўзбекистон: уяли алоқа операторининг хонавайрон бўлиши сармоядорлар вазияти омонатлигини акс эттиради
27 август куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича судида лицензияси тўхтатилгунга қадар Ўзбекистонда хизматидан 9 миллиондан зиёд одам фойдаланиб келган Россиянинг Мобилние телесистеми (МТС) уяли алоқа операторининг шўъба компанияси бўлмиш Уздунробита иши бўйича маҳкама жараёни бошланди.
Бу ўзбек расмийларининг МТС вакиллари билан пировардида компания раҳбарияти ва менежментини ҳибсга ва қамоққа олишга олиб келган узоқ тортишувларининг мантиқий якуни бўлди.
Тергов версиясига кўра, компания раҳбарияти Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 263 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқ пулини тўлашдан “қочган”.
Судланувчилар курсисида юз фоизли шўъба корхонасининг тўртта топ-менежери бор. Компания бош директори вазифасини бажарувчи Радик Даутов 17 август куни ҳибсдан озод қилинди ва зудлик билан Ўзбекистонни тарк этди.
МТСнинг Москвадаги раҳбарияти, ўз навбатида, фаолиятни текшириш бўйича тадбирлар “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик меъёрларини бузиш баробарида амалга оширилгани ва улар компаниянинг мамлакатдаги ишини хавф остига қўяётгани”ни билдирди.
2012 йилнинг 9 август куни Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Уздунробита” маъсулияти чекланган жамиятининг барча алоқа лицензияларини қайтариб олиш бўйича Тошкентнинг хўжалик судига ариза берди ва бу билан Россия операторининг Ўзбекистондаги тақдирига нуқта қўйди. Аввалроқ, 17 июль куни “Уздунробита” шўъба корхонасининг мамлакат бўйлаб жойлашган 48 та станциясининг фаолият юритиш бўйича лицензияси бекор қилинганди.
МТС атрофидаги вазият аввалроқ хорижий активларга эга бўлган бир нечта корхона билан юз берганга ўхшаш муаммоларни ёдга солаяпти, дея қайд этишади NBCA шарҳловчилари.
Дейлик, жорий йил февралида расмийлар турк тадбиркорларига қарашли “Демир” ва “Туркуаз” савдо тармоқларини давлат тасарруфига ўтказдилар (Бу ҳақда “Ўзбекистон: туркиялик тадбиркор расмийларни қийноқ қўллаганликда айбламоқда” дея номланган мақолада ўқинг), аввалроқ Ҳиндистоннинг Spentex Toshkent Toytepa, Россиянинг сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган “Вимм-Билль-Данн”, “Coscom” уяли алоқа компанияси давлат тасарруфига ўтказилганди. 2010 йили эса британиялик ва америкалик сармоядорларга тегишли Newmont Mining, Oxus Gold PLC олтин қазиб олиш корхоналари (Бу ҳақда “Британия ширкати активлари юзасидан баҳслар Ўзбекистон обрўсини оширмаса керак” дея номланган мақолада ўқинг), “Зеромакс” компанияси (Бу ҳақда “Ўзбекистон: Zeromax компаниясининг ёпилиши сир пардаси билан қопланган/"Узбекистан: Закрытие компании Zeromax окутано тайной" дея номланган мақолада ўқинг), акцияларининг 59 фоизи қозоғистонлик сармоядорларга тегишли бўлган”УзКейсагролизинг”, “Бекободцемент” компаниялари текширув ва суд маҳкамаларини бошдан кечирдилар.
Расмийларнинг айбловлари орасида худди “Уздунробита” билан боғлиқ ҳолатда ишлатилганидек, солиқ тўламаганлик, пул ювиш ва молиявий фирибгарлик каби стандарт айбловлар бор.
“Чет эллик сармоядорлар бизнес юритиш асносида ўз танасида хўжалик фаолиятига аралашиб қолиш каби ўнғайсизликни ҳис қилишлари мумкин”, - дейди АҚШда яшайдиган мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Улардан шаҳарни ободонлаштириш ишлари учун маблағ ўтказиш, пахта ва металлолом йиғиш учун ишчилар ва автотранспортни сафарбар этишни ҳам талаб қилишади”.
У МТС билан юзага келган муаммо кўпроқ Ўзбекистонда давлат яхши даромадли бизнесни тортиб олишида акс этмиш одатий мулк тақсимотини ёдга солишини қайд этади.
“Айрим хорижий компаниялар ўзларининг барча активларидан маҳрум бўлдилар, бошқалари эса Ўзбекистондаги ўз бизнесини каттагина зарар билан ёпишга мажбур бўлдилар”, - дея хулосалайди сиёсатшунос.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.