Ўзбекистон ўз пахта толасини ўзи қайта ишламоқчи

Ўзбекистон ўз пахта толасини ўзи қайта ишламоқчи

Қайта ишланаётган пахта толаси ҳажмининг кўпайтирилиши ва ўз тўқимачилик маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши Ўзбекистон расмийларига пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганларини яшириш учун қулайроқ бўлади, дея тахмин қиладилар NBCA шарҳловчилари.

Шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган VI Халқаро пахта ярмаркаси якунлари бўйича сўзга чиққан респубика бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2015 йилга келиб миллий саноат корхоналарида пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини 70 фоизга кўтаришни режалаштираётгани ҳақида билдирди.

Мамлакат экспортини хом ашё етказиб беришдан қўшимча қиймати юқори бўлган тайёр маҳсулотга ўтказиш иқтисодиётга катта фойда келтириши шубҳасиз.

Республика ҳукуматининг раиси ўтган йилги пахта ярмаркасида ҳам ҳудди шундай баёнот билан чиққан эди.

Айни пайтда Ўзбекистон пахта толаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Мамлакатда етиштирилаётган хом ашёга асосан Бангладеш, Россия, Туркия ва Хитой ҳаридор бўлаяпти.

Маҳаллий тўқимачилик корхоналарида ҳар йили 400 минг тонна пахта толаси қайта ишланади, мамлакат далаларида уч ярим миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси териб олинади ва бунда мажбурий болалар меҳнатидан кенг фойдаланадилар.

Бу йил деярли уч ярим миллион тонна пахта териб олинди, бироқ республика пахта далаларида мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этиш ҳозир ҳам кенг кўламда давом этмоқда.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларнинг танқидларига ҳамда ўзбек пахтасининг ғарбдаги ҳаридарларининг чақириқларига қарамай, расмийлар мактаб ўқувчиларини пахта плантацияларига олиб чиқишдан ҳамон тўхтаганлари йўқ.

Wal-Mart и Tesco савдо тармоқлари каби йирик компаниялар ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари 2007 йилда расмий Тошкентни ёш болаларни пахта плантацияларига чиқариб ишлатгани учун танқид қилиб ташладилар ҳамда норозилик белгиси сифатида ўзбек пахтасидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олмасликни тавсия қилдилар. Улар мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётгани ва 8-9 ёшли болаларнинг ҳам пахта далаларига чиқарилаётганидан ғазабландилар.

Бироқ бу чоралар қисқа муддатли самара берди, холос. Расмийлар оғизда болалар меҳнатидан воз кечганлари ҳақида баландпарвоз баёнотларни берганлари билан, бу амалиётни яширин тарзда рағбатлантириб келаяптилар.

“Пахта далаларида болалар тўлиб тошган”, - дейди мамлакатнинг марказий вилоятларида болалар меҳнати муаммосини тадқиқ этаётган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг етакчиси Елена Урлаева.

Кузатувчиларнинг тахмин қилишларича, расмий Тошкентнинг бойкот қилиниши ва ўзбек пахта толаси импортининг қисқартирилиши унинг ҳаридорлари сонининг камайишига олиб келмади.

“Америкалик ва европаликларнинг ўрнини бир зумда Россия, Осиё мамлакатлари ва собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган республикалардан келган ҳаридорлар эгалладилар. Улар учун мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш масаласининг аҳамияти йўқ ҳисобида”, - дейди тошкентлик иқтисодий таҳлилчи.

Янги ҳаридорларнинг ташрифи вазиятни танг ҳолатдан чиқарган бўлса ҳам, муаммони тўла ечиб қўйгани йўқ. Тўқимачилик маҳсулотларининг ғарб мамлакатларидаги кўплаб ҳаридорлари унинг келиб чиқишини синчковлик билан кузатиб боришда давом этмоқдалар ва бордию, унинг ишлаб чиқарилишида болалар меҳнати иштироки борлиги аниқланса, маҳсулотни сотиб олишдан воз кечаяптилар. Мисол учун, Финляндиянинг Marimekko компанияси Эстониянинг Kreenholm компаниясидан ўзбек хом ашёсидан тайёрлаган тўқимачилик маҳусолатларини сотиб олишни тўхтатиб қўйди.

Таҳлилчиларнинг тахмин қилишича, импортчиларни йўқотиб қўйишдан хавфсираган ўзбекистонлик мутасаддилар бошқача йўл тутишга қарор қилганлар: экспорт ҳажмини камайтираётганлари ҳақида билдираяптилар ва шу вақтнинг ўзида пахтани олиб-сотиш бўйича ўзига ҳос савдо тармоғини тузаяптилар.

Пахта толасини сотиш соҳаси бўйича тошкентлик экспертнинг тахмин қилишича, янги тузилган Ўзбекистон-Хитой Tianjin Cotton Exchange Market қўшма корхонаси ҳудди шундай ролни бажариши мумкин. Бу қўшма корхона шу йилнинг охиригача ишга тушиши ва Хитойда пахта толаси савдоси билан шуғулланиши режалаштирилган. Ёки бу ролни олдинроқ Бангладеш капитали иштирокида тузилган шунга ўхшаш компания ҳам бажариши мумкин.

“Ўзбекистон пахта толасининг салмоқли қисми, шубҳасиз, бир неча бор қайта сотилганидан сўнг Хитой ва Бангладешда қайта ишланади ва шундан кейин Ўзбекистонга қайтиб келади, - дея таъкидлайди эксперт. – Олди-сотдининг барча қатнашчилари тайёр маҳсулот ўзбек пахтасидан ишлаб чиқарилаётганини ниқоблаш учун махсус тузилган корхона таркибига кирадилар”.

Тошкентлик бошқа иқтисодчи бундай схема амалга оширилиши мумкинлиги борасидаги фикрларга қўшилди.

“Шу йўл билан пахтанинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича уринишларни имкониятсиз қилиб қўйиш мумкин. Демак, кийим-кечакнинг кўплаб ишлаб чиқарувчилари ва савдо тармоқларининг ўзбек пахтасини сотиб олишдан бош тортишлари оқибатида келиб чиқадиган муҳтамал зарарларни йўққа чиқариб қўяди”, - дея тахмин қилади суҳбатдош.

Бироқ иш шундай кечадиган бўлса, пахта далаларидаги болалар мажбурий меҳнатини йўқ қилиш борасидаги умидларнинг чиппакка чиқиши аниқ.

“Агар схема ўзини оқласа, ҳамкорлар Ўзбекистонда пахта толаси ишлаб чиқарилишининг кўпайиши ва таннархи пасайишига бундан ҳам кўпроқ қизиқиб қоладилар, - дея башорат қилади NBCA шарҳловчиларидан бири. – Бу эса ўз навбатида расмийларни текин ёки ўта арзон болалар меҳнатидан аввалгидан ҳам кўпроқ фойдаланишга ундайди”.

Расмийлар бундай тахминларни инкор этаяптилар.

Уларнинг айтишича, мамлакатда ишчи кучи етарли, ички ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича режалар эса соҳа даромадини оширишга қаратилган. Айни пайтда республикада 240 та корхона пахта толасини қайта ишлаш билан машғул. Тўқимачилик ва енгил саноатни 2015 йилгача ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастурга мувофиқ юзлаб инвестициявий лойиҳаларни ишга киритиш режалаштирилмоқда, уларнинг ёрдамида мамлакат ичкарисида пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш мумкин.

“Кўзда тутилган барча лойиҳлар амалга ошириладиган бўлса, корхоналар бош вазир айтганидек, нафақат етиштирилган пахтанинг 70 фоизини, балки 80 фоизини ҳам қайта ишлашлари мумкин бўлади, - дея маълум қилдилар “Ўзбекистон Енгил саноати” Давлат акционерлик компанияси матбуот хизматида. – Ўшанда пахта соҳасидаги даромадлар уч баробаридан ҳам кўпроққа кўтарилиши мумкин”.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молияштирилган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.

 

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists